2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲЕЧ ҚАЧОН УЧМАГАН УЧУВЧИ

Санъат аҳли орасида шундай инсонлар бўладики, уларни кўрганингда, суҳбатлашганингда олис ёшлик билан юзма-юз келгандек бўласан. Актёр, режиссёр Рустам Саъдуллаевни шундай инсонлардан бири деб биламан. У йигирмага яқин фильмларда такрорланмас образлар яратди. «Севишганлар» фильмида ўзининг ёшлигини, муҳаббатини кўрадиган катта авлод вакиллари орамизда кўпчилик эканлигига ишонаман. Ҳамон қизғин ижод билан банд. Учрашувлардан бирида «Борди-ю, мўъжиза юз бериб, ўтмишга қайтиб қолсангиз, қайси йўлни танлаган бўлар эдингиз?» дея савол билан мурожаат қилганларида, у шундай жавоб қилди: «Бундай бўлмайди. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам мен бошқатдан шу йўлни босиб ўтган бўлар эдим. Ўтган умримдан мамнунман!»

Ҳарбий жамоаларда жума куни алоҳида аҳамиятга эга. Бу кун уларда Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни, деб юритилади. Ана шундай кунларнинг бирида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмда актёр Рустам Саъдуллаев билан бўлган учрашувда имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилдик.

У кинода қатор образларни яратган. Шундай бўлса-да, Леонид Биковнинг «Жангга фақат «қариялар» боради» («В бой идут одни «старики») фильми унга жаҳоний шуҳрат олиб келди, десак, муболаға бўлмайди. Унда бу фильм билан боғлиқ ўйлар, унутилмас хотиралар кўп. Таниқли актёр Родион Нахапетов уни Леонид Биковга тавсия қилган эди. Нахапетов у билан «Севишганлар» фильмида суратга тушган. Биков унга кўзи тушган заҳоти ҳеч қандай синовларсиз тошкентлик Ромео ролига муносиб деб топди. Актёрнинг ўзи эса... Ҳали тугалланмаган кинолентада ўзини Евгения Симонова билан ёнма-ён кўриб, «даҳшатга» тушади. Ўзининг айтишича, машҳур актрисанинг олдида у худди «бобой»га ўхшаб турарди. Бошқа бу ролда чиқа олмаслигини Л. Биковга билдирганида у ғоят жиддийлик билан: «Хоҳишинг, унда Евгения Симонова ҳам бу ролни ижро этмайди», деди. Рустам Саъдуллаев келган жойидан давом этишга мажбур бўлди. Ва «Гиннесснинг рекордлар китоби»га кирган дурдона фильм яралди! Келинг, қолганини севимли актёримизнинг ўзидан эшитамиз:

– Фильм сценарийсини раҳбарлар енгил-елпи нарса, урушда қўшиқлар, ишқ-муҳаббат нима қилади, дея қабул қилишмаган. Бу ерда учувчилар ҳаёти кўрсатилгани учун сценарий ўша пайтда катта нуфузга эга машҳур учувчи, уч марта Совет иттифоқи қаҳрамони Покришкинга кўрсатилди. У ўқиб чиққач, қисқагина қилиб, «ҳа, бу уруш», деган. Ва шу билан фильмни суратга олиш ишлари бошланиб кетган.

Азиз ўқувчи, шу ерда бироз мавзудан чекиниб, айрим нарсалар ҳақида тўхталсак. Беларусь ёзувчиси Светлана Алексиевичнинг «Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси» ҳужжатли очеркларида гвардия лейтенанти, штурман Александра Семёновна Попованинг шундай хотиралари бор: «Асосан кечаси учар эдик. Бир-икки марта бизни кундузи топшириққа жўнатишди, аммо тезда бу фикрдан қайтдилар. Бизнинг «По-2» самолётларимизни автоматдан ҳам отиб туширса бўлар эди...

Бир кечада ўн икки марталаб учардик. Бир гал жанговар топшириқдан қайтган афсонавий учувчи Покришкинни кўришга муяссар бўлганман. У бақувват киши эди. Бизга ўхшаб йигирма-йигирма уч ёш эмас, самолётга ёнилғи қуйгунча, техник ходим устидаги кўйлагини ечиб, сиқиб олишга улгурарди. Ёмғирда шалаббо бўлгандек сув оқарди(!)...»

Урушда муҳаббат... Яна шу ҳужжатли асардан Ольга Васильевна Коржнинг хотираларини ўқиймиз: «Танкчининг жароҳатини боғлаяпман... Жанг бўляпти, қирғинбарот жанг. У эса: «Яхши қиз, исмингиз нима?» деб сўраса. Гап отяпти. Мана шу ур-йиқит, даҳшат орасида...»

Ҳар қандай оғир ҳолатда ҳам муҳаббат туфайли инсон инсонлигича қолади.

Яна Рустам Саъдуллаевни тинг­лаймиз:

– Фильмни суратга олиш жараёнларида қандай учганимизни эслайман. Роль ижро этиш қаёқда, қўрқувдан кўзларимиз ола-кула бўлиб кетган... Ҳарбий маслаҳатчи кўриб, учувчи эмаслигимиз шундоққина билиниб қолганини айтган. Шу фильмни суратга олиш жараёнида урушнинг бор даҳшатини ҳис қилганман. Сиз фильмларда бомба портлашларини кўргансиз, албатта. Портлашда майин тупроқдан фойдаланилади. Тошчалар бўлмаслиги керак. Биласизми, портлаш овозидан ҳам даҳшатга тушганман, ўйлаганман: ҳақиқий жанглар қандай кечган экан, яна шу ҳолатда жасорат ҳам кўрсатганлар... Мен самолётлар ҳақида кўп нарса биламан. Бугунги учувчиларга ҳавас қилсанг арзийди. Ҳамма нарсада қулайлик бор. Учувчилар ҳузурида салом-аликдан сўнг саволларни ҳам кутмай гапира бошладим. Бу ҳаяжондан. Мен томошабин билан юзма-юз мулоқот қила оладиган театр артисти эмасман. Ҳаяжонланишим табиий. Мен учувчи ролини ижро этганман. Ўзим ҳеч қачон учмаганман. Аммо мен ўзимни авиацияданман, деб биламан, учувчилар сафида деб биламан.

– Илк марта қайси фильмда суратга тушгансиз?

– Бу «Дорда ўйновчилар» фильми эди. Ўшанда 13 ёшда бўлганман. Халқимизнинг ардоқли санъаткорлари билан ёнма-ён ишлаш бахти насиб этган. Кино оламининг оҳанрабоси бор. У ўзига тортиб олади. Илк фильм ҳаётимда кескин бурилиш ясади. Шу фильмдан сўнг кино ҳаётим мазмунига айланиб қолди.

– Ўзбек эканлигингиздан фахрланган лаҳзалар ҳақида гапириб беринг.

– Мен ҳар доим шу улуғ миллатга дахлдор эканлигимдан, ўзбек эканлигимдан фахрланиб келаман. Тошкентда туғилдим, энг яхши анъаналар, урф-одатлар қон-қонимга сингиб кетган. Фарзандларим ҳам шу руҳда тарбия топган. Яқин тарихга назар солсак ҳам ўзбекнинг бугун ва ҳатто, келажакка ибрат бўлишга арзирли ишларини кўрамиз. Иккинчи жаҳон уруши йилларида миллатимиз оламларга ибрат бўларли эзгу ишларнинг бошида бўлди. Етимлар бошини силади, бошпана берди. Оталаримиз жанг майдонларида жасорат кўрсатдилар. Фронт ортидаги аёллар, болалар меҳнатининг қадр-қиммати ҳам ўлчовсиздир! Миллатимиз жуда меҳнаткаш, самимий, меҳмондўст. Дунёда ўзбекдек бағрикенг миллат бўлмаса керак.

– Мутолаа қилишга ҳам вақтингиз бўладими? Қандай асарларни ўқийсиз?

– Мен бугун ҳаммани хоҳ ижобий, хоҳ салбий томондан ўз домига тортиб бораётган ижтимоий тармоқлардан йироқман. Эҳтимол, қарашларим «эскича» бўлса керак. Менга анъанавий китобхонлик ёқади. Мумтоз асарларни ёқтираман. Севимли асарларимни аввал ўқиб чиққан бўлсам ҳам яна варақлаб кўриш ёқади. Бошқаларга китоб тавсия қилиш... билмадим, назаримда бу борада ҳамманинг ўз фикри, қарашлари, қизиқишлари бор.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Инобат ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.

Информеры