2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АҲМАД ДОНИШ ҲУКМДОРГА ҚАНДАЙ ТАВСИЯЛАР БЕРГАН?

Аҳмад Дониш (1827 – 1897) XIX асрда Бухоро амирлигида яшаб ижод этган моҳир хаттот, тарихчи, муҳандис, дипломат бўлиш билан биргаликда атоқли давлат арбоби ҳамдир. Аҳмад Донишнинг маслакдоши бўлган Садр Зиё ўзининг «Наводири зиёия» асарида «сураткашликда Беҳзоду Моний, фалакшуносликда Улуғбек Кўрагоний, хаттотликда Мир Али, лавҳкашликда Мир Шофеъи, табобатда Ибн Сино, шеърнависликда Саъдий Шерозий ҳамда саховатпешаликда Ҳотами Той» деб, Аҳмад Донишнинг серқирра фаолиятига юксак баҳо беради ҳамда унинг барча ҳунарлардан хабардор эканлигини эътироф этади.

Аҳмад Дониш 1827 йил 21 сентябрда Бухоро шаҳрининг Кўчаи Сангин гузарида туғилган. Онаси Сакина Абдураҳмон қизи ўз хонадонида маҳалла қизлари учун дарслар ташкил этиб, ўғлига ҳам бошланғич таълимни берган. Отаси мулла Носир Суғут қишлоғидан (ҳозирги Шофиркон туманида жойлашган) шаҳарга келади ва мадраса таълимини олгач, Бухородаги масжидларнинг бирида имомлик қилади. Отаси унга араб тилини ўргатган ва 10 ёшида қуръонни ёд олдириб, қори қилиш ниятида ўз гузаридаги мактабга берган. У 14 ёшидан мадраса билимини ола бошлайди, бироқ кейинчалик мадраса таълими уни қаноатлантирмай мустақил равишда Ибн Сино, Умар Хайём, Навоий, Фузулий, Мирзо Бедил асарларини ўқиш билан биргаликда соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари»ни ҳам қунт билан ўқийди. Ҳеч шубҳа йўқки, унинг давлат тузилиши ҳамда мамлакат мудофаасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги фикрларининг шаклланишида «Темур тузуклари» алоҳида ўрин тутган.

Аҳмад Дониш 1857, 1869 ҳамда 1873 йилларда Россия империясига Бухоро амирлигининг элчилари мирзаси (котиби) сифатида сафар қилади. Ушбу сафарлар давомида у мамлакатнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш билан биргаликда, империянинг давлат тузилиши ҳамда унинг мустаҳкам мудофааси билан ҳам қизиқади ва ундаги тартиб-интизом ҳамда тузилишини диққат билан ўрганади.

Нисбатан замонавий мудофаа тизими билан танишган Аҳмад Дониш ўз она Ватанининг ҳимоя тизими анча орқада қолганидан афсусланади ва имкон қадар амирликка келган империя агентларидан амирлик мудофаа қобилиятини яширишга ҳаракат қилади. Хусусан, Бухоро амирлиги элчиларининг 1869-1870 йиллардаги ташрифига жавобан Россия империясининг таркиби фақатгина ҳарбийлардан иборат бўлган элчилари 1870 йилнинг апрелида Бухорога келади. Полковник С. И. Носовичъ раҳбар бўлган миссия аъзолари амирлик мудофааси билан танишишни ихтиёр этадилар ва қушбеги орқали Амир Музаффарга ёзма равишда бу ҳақда маълум қиладилар. Албатта, миссия аъзоларининг мазкур хоҳиши амирни хавотирга сола бошлайди ва у имкон қадар вазиятдан чиқиш йўлларини излайди. Натижада, ушбу нозик масала дипломатик маҳоратга эга бўлган Аҳмад Донишга ишониб топширилади. Амирнинг ишончли вакили сифатида Аҳмад Дониш миссия раҳбарига, «империя ҳукумати Бухоро амирлиги билан дўстлик ва тинчлик ўрнатиш ниятида экан, унда империянинг моҳир тўп қуювчилари, қуролсозлари, аскар ва офицерларини Бухоро аскарларининг тажрибаларини ошириш учун ўргатишга юбориш ва амирлик мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга амалий ёрдам бериш, шундан кейингина амирлик мудофаа қобилиятини ҳеч иккиланмай хорижий фуқароларга таништириш мумкинлиги» тўғрисида таклиф билан мурожаат этади. Миссия раҳбари ушбу таклифларни амир ўзининг ёзма мактубида киритишини ва албатта уни Туркистон генерал губернаторига етказишини маълум қилади. Бироқ юқорида қайд этилган таклифлар эътиборсиз қолади. Хуллас, Аҳмад Донишнинг эҳтиёткорлиги билан миссия аъзолари ўз ниятларига тўлиқ эриша олмайдилар. Фақат амирнинг энг сара аскарлари миссия аъзолари олдида саф тортади.

Петербург сафарларидан сўнг унинг қаламига мансуб илк асарлардан бири «Мамлакатни бошқариш ва халқни маърифатли қилиш ҳақида»ги рисола ҳисобланади. Ўзига хос «тузук» ҳисобланган ушбу рисола 1875 йилда ёзилган. У Аҳмад Донишнинг сиёсий билимларини ўрганишда муҳим манба.Дониш ушбу асарида ўз замонасининг сиёсий ва ижтимоий муаммоларини акс эттириб, уни амир Музаффархонга (1860 – 1885) билдиради. Амир ушбу асар билан танишгунига қадар Аҳмад Донишга ўз ҳукуматида юқори мансаблардан бирини эгаллашни таклиф этган эди. Бироқ Аҳмад Дониш мазкур таклифни агарда амир ҳукумат таркиби, тузилиши ҳамда ислоҳотларни юқорида келтирилган рисолада баён этилганидек амалга оширилишига рухсат берсагина қабул қилишини маълум қилади.

Амир рисола мазмуни билан танишгач, «Мен уни элчилар сафида котибликка юборган эдим. У эса менга ақл ўргатишга жазм этди», – деб ғазабланади. Бундан хабар топган Дониш, «Мен эса, бу аҳмоқ эшакмиялар хизматида бўлишни ҳам хоҳламайман» – деб, жавоб қайтаради.

Албатта, амирга ислоҳотчилик ғоялари акс эттирилган рисола ёқмас эди. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Аҳмад Дониш ушбу тузугида жар ёқасида қолаётган ва мустақиллиги тобора қўлдан бой берилаётган мамлакат мудофаасини зудлик билан ислоҳ қилиш зарурлигини қайд этган эди.

«Наводирул вақое» («Нодир воқеалар»)нинг таркибий қисми ҳисобланган «Мамлакатни бошқариш ва халқни маърифатли қилиш ҳақида»ги рисола Аҳмад Донишнинг серқирра ҳаётий тажрибаси маҳсули бўлиб, унда мутафаккирнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий масалаларга оид теран фикрлари баён этилган.

«Наводирул вақое»да кучли давлат ва салтанат қуриш учун ўзини-ўзи бошқариш органлари ва вилоятлар тузиш лозимлигини таъкидланади. «Аскарсиз давлат бўлмайди, хазинасиз аскар яшай олмайди. Ҳукмдор мамлакатнинг кенгаши ва унда унадиган ҳосилнинг маҳсулотига қараб аскар тутсин», – дейди мутафаккир. Аҳмад Дониш давлат  мудофаа ишларига катта аҳамият қаратилиши қўшиннинг бошлиқлари ботир, узоқни кўрадиган, иродаси мустаҳкам шахс бўлишлари ва улар жанговарлик, тўғри фикрлилик ва ҳарбий малакага эга бўлиши шарт, деб ҳисоблайди.

Аҳмад Дониш давлат бошлиғи ҳарбий ишларда нималарга жиддий эътибор бериши лозимлигини шундай уқтиради:

1. Ҳукмдор душман томонга эмас, бошқа томонга юриш қилмоқчи бўлиб, овоза тарқатсин.

2. Сафар асбоб-анжомлари бутунлай тайёр бўлмагунча йўлга чиқмасин.

3. Ҳар куни аскарнинг кўнглини кўтарадиган ишлар қилсин, яъни уларга инъом ва эҳсонни кўп қилиб, бошдан оёқ кийим қилсин.

4. Аскарнинг аҳволидан бир нафас ҳам хабарсиз қолмасин, фитна-фасод ишлари чиқмаслиги учун уларни ҳушёрлик билан шахсан текшириб турсин.

5. Қўшиннинг бошлиқ (авангард бошлиғи) мансабига кўпни кўрган, тажрибали, сўзи ўткир, баҳодир ва халққа ёқимли кишини қўйсин.

6. Ҳар куни, ҳар соат душман ҳолидан хабардор бўлиб, ўз ҳолидан унинг хабардор бўлишига йўл қўймасин.

7. Мумкин бўлса, душман билан келишиш йўлини тутсин.

8. Душман устидан тез ғалабага эришиш учун аскарни интизомда тутиб, уларнинг сафини тажрибалилар билан бойитсин.

9. Аскар турадиган жойни обод сақласин, қуёш, қор ва ёмғир остида қолишдан эҳтиёт этсин.

10. Фатҳий зафар озроқ бўлсада, қаноат қилсин, душманни қувиб тузоққа тушмасин.

Аҳмад Дониш ўз асарларида тинчлик ва осойишталиксиз мамлакатнинг фаровон турмушга эришиб бўлмаслигини қатъий уқтиради. Қачонки, тинчлик бўлсагина ўзга юртлардан савдогарлар, ҳунармандлар ва олимлар келиб, салтанат равнақи учун ҳисса қўшишларини қайд этади.

Салтанат хизматини икки тоифадаги кишиларга, яъни «қалам эгалари» – зиёлилар ва «қилич эгалари» – сипоҳийларга топшириш мақбуллигини таъкидлайди. «Қалам эгалари мамлакат кирим-чиқими, сарф-харажатлари ҳамда ички ва ташқи муносабатларни тартибга солишда, қилич эгалари эса мамлакат тинчлигини таъминлашда зарурдирлар», – дейди у.

Аҳмад Дониш ушбу асарида мамлакатда фаровонликка эришиш йўллари ҳақидаги фикрларини давом этар экан, салтанат тўрт устунга «инсоф ва адолат, аскар ва халқ, оқар сув ҳамда хазина»га эга бўлиши лозимлигини уқтиради. Агарда булардан бири бўлмас экан, бошқалари ҳам ўз ўринларида мустаҳкам туролмасликларини қайд этади.

Аҳмад Дониш мамлакат ҳимояси учун қандай сифатларга эга бўлган кишилар хизматидан фойдаланиш тўғрисида ҳам ўзининг қимматли тавсияларини беради. Хусусан, унинг фикрича аскар қуйидаги сифатларга эга бўлиши лозим:

– шижоатли ва баҳодир;

– фаҳм-фаросатли ва ҳар ишда тез тушунадиган;

– бошидан иссиқ-совуқ ишлар ўтган ва тажриба кўрган;

– ботирлик қилиш чоғида қилич ва милтиқ, ўт ва сув хавфига парво қилмайдиган;

– зийраклик ва донишмандлик билан оғир кунларда ҳар ишнинг мағзига тезда ета оладиган;

– иш кўрган, маърака ва майдонга тушган, бир неча баҳодирлар билан тўқнашган (бундай аскарлар билан шон-шарафга эришиш мумкин).

Асарнинг хотимасида Бухоро амирлигидаги мавжуд тартиблар танқид қилинади. Аҳмад Дониш Бухоро амирлигида Чингизхон замонидан қолган эски тартиб асосида иш олиб борилаётганини айтади, шунинг учун бутун давлат бошқарувини замона талабига мувофиқ қайта қуриш керак дейди.

Исмат НАИМОВ, Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академияси тарих институтининг таянч докторанти

Информеры