2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАРҒОНА ҲАРБИЙ ГОСПИТАЛИДА

ФУҚАРОЛАРГА ҲАМ ПУЛЛИК ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИЛМОҚДА

Юртимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ, ҳарбий тиббий муассасаларда тўлов-шартнома асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича Мудофаа вазирлиги тизимида тегишли бўйруқ ва низом ишлаб чиқилди. Жумладан, унда ҳарбий тиббий муассасалар ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва имтиёзли мижозлар тоифасига тааллуқли бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга пуллик тиббий хизмат кўрсатиши белгиланди.

Фарғона ҳарбий госпиталида мазкур қарор ижроси доирасида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва аҳолининг тиббий текширувлардан ўтиши учун пуллик хизмат кўрсатилмоқда. Госпиталда лаборатор, рентгенологик, ультратовуш, ЭКГ ва бошқа инструментал текширувлардан ўтиш билан бир қаторда, малакали стоматолог, оториноларинголог, терапевт, жарроҳ, невропатолог, офтальмолог, дерматовенеролог, рентгенолог, травматолог, гинеколог ва юқумли касалликлар мутахассислари кўригидан амбулатор ва стационар равишда тиббий ёрдам олиш мумкин.

– Шифо масканимизда тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича ўнга яқин бўлим фаолият юритади, – дейди Фарғона ҳарбий госпитали бошлиғи, тиббий хизмат подполковниги Улуғбек Маматов. – Шифохонанинг барча бўлимларида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилиши юзасидан доимий назорат ўрнатилган. Барча хоналар ҳар куни мукаммал тозаланади. Госпиталда мижозлар учун махсус тўловлар асосида тиббий кўрик, ишчи-ходимларнинг санитар кўриги ва лозим бўлганда, жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги даволаш муассасаларида бепул даволаниш ҳуқуқига эга бўлмаган алоҳида турдаги нафақадаги ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ота-оналари, Қуролли Кучлар хизматчилари учун 25 фоизли имтиёзли чегирма асосида пуллик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Госпиталнинг лаборатория бўлими лаборанти Нилуфар Исмоилованинг таъкидлашича, ушбу масканда беморларнинг қон таҳлилини чуқурлаштирилган ҳолда текшириш учун барча замонавий тиббий ускуна ва шароитлар мавжуд. Госпиталдаги шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишар эканмиз, бу ерга шифо истаб келган ҳар бир инсонни оиласи бағрига, қолаверса, Ватан хизматига соғ-саломат қайтариш шифокору ҳамширалар фаолиятининг энг муҳим мезони эканига амин бўлдик.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ

Информеры