2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КАМИЛАНИНГ УШАЛГАН ОРЗУСИ

Йил бошида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги «Олмос» маҳалласида ҳарбий хизматчилар оилалари учун қурилган уйга кўчиб ўтдик. Биласизми, ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилишнинг гашти ўзгача бўларкан. Менга манзур жиҳати, бу ерда қўни-қўшничилик алоқалари яхши йўлга қўйилган. Фарзандларингиздан хавотирланмайсиз. Унинг дўсти ким, бўш вақтини қандай ўтказяпти, ҳамма-ҳаммаси маҳалладошлар кўз ўнгида. Фарзандларингизга вақт ажратолмай қолган дамларда қўшниларнинг беминнат ёрдами жонингизга оро киради. Гўёки бу манзилдаги ҳар бир ўғил-қиз маҳалланинг фарзанди, уларнинг тақдири маҳалладошлар учун ҳам муҳим.

Мана шу охирги уч ой маҳалла аҳли учун хушхабарларга бой бўлди. Жуда кўпчилик ҳарбий оила фарзандлари квота асосида курсантлик, талабалик бахтига эришганини эшитдик. Қўшнимиз кичик сержант Оксана опа Рўзиқулованинг қизи Камила Абдуганиева ҳам имтиёздан фойдаланиб, Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга кирди.

Камиланинг муваффақиятидан мен ҳам қувондим, бошқа қўшнилар ҳам  унинг ота-онасидан кам хурсанд бўлмади. Тест жавоблари чиққан ўша кунни яхши эслайман. Кечки маҳал эди. Оксана опа билан ҳовлида кўришиб қолдик.

– Мени табрикланг, Камила институтга ўқишга кирди. У орзусига эришди, – Оксана опа юзлари ёришиб ҳаяжон билан сўзларди. – Менга ўхшаб ҳарбий хизматчи бўлиш қизимнинг болалик орзуси эди. Аслида болаликдаги орзу ўткинчи бўлади, дейишади. Йўқ, Камилада ундай бўлмади. У шу кунгача фақат ҳарбий касб эгаси бўлишни мақсад қилди. Биласизми, мени нима қувонтиради. Демак, мен қизим учун идеал она бўла олибман. Бу  аслида ҳаётда эришган энг катта муваффақиятим. Бу сурурли онлар қизимнинг кунларни тунга улаб қилган тинимсиз ўқиш ва ўрганишлари маҳсулидир. Қолаверса, Мудофаа вазирлиги томонидан имтиёз олганди. Шунчалар хурсандманки, қувончимни таърифлашга сўз ҳам ожизлик қилади. Яқин-йироқдан қариндошларимиз телефон қилиб табриклашяпти. Фарзанд туфайли мақтов эшитиш ёқимли бўларкан. Кўксимдаги ҳаяжон тафти ҳалиям босилгани йўқ. Дунёдаги жамики оналарга фарзанд камолини, иқболини кўриш насиб этсин...

Яхши хабар яхши-да. Бирпасда кайфиятим кўтарилди. Худди ўзимнинг яқин инсонларимдан бири ўқишга киргандек қувониб кетдим. Хаёлимни ёқимли ўйлар эгаллади.

Мен Камилани яқиндан биламан. Жуда иқтидорли, зукко қиз. Инглиз тилида бемалол мулоқот қилади. Чет тилини билиш бўйича СEFR сертификатини қўлга киритган. Математика, физика фанларини яхши ўзлаштирган. Мактабни, сўнг лицейни ҳам аъло баҳоларга тамомлаган бу қиз аллақачон «устоз»лик мақомига ҳам эришиб улгурган. То олий ҳарбий таълим муассасасидаги имтиҳонлари бошлангунча у маҳалладаги тил ўрганишга иштиёқманд болаларга инглиз ва рус тилидан сабоқ берди.

– Бувим ўқитувчи. Улар кўп йиллар давомида чет тилидан дарс берган. Қалбимда тил ўрганишга бўлган иштиёқ ҳам улар сабабли пайдо бўлган, – дей­ди Камила. – 5-синфдан бошлаб инглиз тилини ўрганишга киришганман. 9-синфни тамомлаб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 2-сонли лицейга ўқишга кирдим. Бу даргоҳ мен учун жуда қадрли. Чунки мана шу даргоҳда инглиз тили бўйича малакали ўқитувчилардан сабоқ олдим, тил ўзлаштириш бўйи­ча маълум муваффақиятга эришдим: B1 даражали СEFR сертификатининг қўлга киритганим фикримнинг исботи. Натижада илғор халқаро имтиҳон тизимлари (масалан, TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказолар) сертификатига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш тартибига мувофиқ, ўқишга киришда инглиз тилидан имтиҳон топширишдан озод қилиндим. Бугун олий ҳарбий божхона институтининг курсантиман! Бу қалбимга ғурур бағишлайди. Мен давлатимизнинг ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига кўрсатган ғамхўрлигидан миннатдорман. Мана шу эътибор сабаб кўплаб ҳарбий оила фарзандларининг орзуси ушалмоқда. Албатта, бу эътиборга муносиб бўлиш учун биздан талаб қилинадигани ўқиш, изланиш, билимларни ошириш ва танлаган соҳамизнинг малакали мутахассиси бўлиб етишишдир.

Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир, дейишади. Зеро, олтинга тенг маърифат нури бутун умрга асқотиши билан қимматли.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры