2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИМКОНИЯТ ЧЕКЛАНГАН, ОРЗУЛАР ЭМАС

Ижтимоий тармоқларнинг борлиги яхши-да. Янгиликлардан хабардор бўлиш билан бирга, ўз фикрига эга, истеъдодли инсонлар билан ҳам танишиб борасан, киши. Мен кўпчилик истеъдодли дўстларимни интернетдан топганман. Чунки у масофа танламайди. Шундай иқтидор эгаларидан бири Шуҳрат Ўринбоевдир. Мўйқалам устаси бўлган бу йигитнинг имконияти чекланган бўлса-да, орзулари чекланмаган ва мақсадлари сари дадил интилмоқда. Тақдирнинг арзимас қийинчиликларига дош беролмай, ажрашиб кетаётган оилаларни кўрсам, юрагим ачишиб кетади. Шуҳрат аканинг оиласи, соғлом, итоатли аёлига эътибор берсангиз, раҳмат дегингиз келади.

– Ҳаётда рангларнинг ўз олами, айтадиган сўзи бор ва улар гўзал оламга етаклайди. Ҳар бир рангнинг инсонга улашадиган қувончи, дарди бордек. Фақат уларни тушуниш керак...

– Албатта, ранглар ҳам, улардан яралган тасвирлар ҳам сўзлайди. Бири мозийдан сўзласа, бири келажакдан хабар беради. Менинг асарларимда кўпроқ аёллар образи етакчилик қилади. Чунки улардаги ёрқинлик, ёруғлик, гўзаллик ва нафосат ўзига ром этаверади.

– Илҳом нима, сиз нимадан илҳом оласиз?

– Ижод аҳли борки, илҳомни ўз тасаввуридан келиб чиқиб тушунади. Мен учун Оллоҳ томонидан берилган илоҳий нур, кучдир. Чунки инсон ўзидан ўзи ижод қила олмайди. Ҳаёт ҳеч қачон бир текисда давом этмайди. Кимдир дилимни оғритса, дарров расм чизаман. Нимадандир қувониб кетсам ҳам қалам ахтариб қоламан, енгил тортаман, қалам билан сирлашаман, у бор дардимни оладигандек. Лаҳзаларни мангуга муҳрлашга ошиқаман.

– Китобни ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган ва ҳеч қачон хиёнат қилмайдиган содиқ дўст, дейишади. Қандай китоблар ўқийсиз?

– Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқиб боришга ҳаракат қиламан. Кўпроқ вақтимни инсонлар билан суҳбатлашиб ўтказаман. Уларнинг ҳар бири бир олам, ҳар бири янги китоб, фақат қалбларига қулоқ тутиш керак. Ўзим учун кўп нарсани улар билан суҳбат жараёнида олганман. Атрофимиздагилардан шуни илтимос қилар эдим: бир-биримиздан хабар олсак, хайрихоҳ бўлиб, бефарқ бўлмасак яхши бўларди.

– Тасвирий санъат қай даражада мухлисларга эга?

– Санъат ўз номи билан санъат, унинг қадри ҳамиша баланд бўлади. Мухлислари кун сайин янада ортиб бормоқда. Телеэкран орқали жаҳонда ва юртимизда ўтказилган кўргазмаларни кузатиб бораман. Атрофда гавжум санъат ошуфталарини кўрсам, кўзим қувонади. Қўлёзмалар, санъат асарлари муаллифдан узоқ яшайди.

– Ибн Сино «Тиб қонунлари»да инсонни мусиқа орқали даволаш ҳақида ёзган. Табиийки, куй инсон руҳиятига таъсир қилади. Сизнинг фаолиятингизда оҳангнинг ўрни қай даражада муҳим?

– Тасвирий санъатнинг ўз олами бўлганидек, мусиқанинг ҳам ўз дунёси бор. Масалан, куни билан ғамгин қўшиқлар қўйилса, асарларимда қора ранглар кўпроқ ишлатилиши мумкин. Мен ҳаётда табиатан таъсирчан инсонман. Кўп мусиқа тинглайман. Кайфиятим тушкун бўлмаслиги учун тез-тез шўх қўшиқлар эшитиб тураман, баъзан ўзим ҳам уларга жўр бўламан.

– Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, дейишади. Соҳага қизиқишингизга сабаб ва устозларингиз ҳақида билмоқчимиз.

– Рассомчиликка, картиналарга болалигимдан ошуфта бўлганман. Баъзи картиналарни тушунмасам ҳам қайта-қайта томоша қилар эдим. Оила аъзоларимнинг барчаси бу қизиқишимни қўллаб-қувватлашган. Чизган суратларимни эълон қилмагандим. Ўзимдан ҳам уялардим. Бироқ инсоннинг инсонга берган далдасига ҳеч нарса етмас экан. Бир куни самарқандлик Матлуба Усмонова билан танишдим ва опа­ука тутиндик. Шу инсон менга далда бўлди. Ўзи олисда бўлса хам, уйимга журналистларни таклиф қилиб, кўргазма ташкил қилишгача ёрдам берди. У кишидан миннатдорман. Шундан кейин картиналаримни интернет саҳифаларига жойлаштира бошладим. Устозларга келсак, ҳеч кимга шогирд тушмаганман. Ҳозиргача кимнинг ижоди ёққан бўлса, улардан нимадир ўргансам, устоз дейман.

– Ватанпарварлик сизнинг тасаввурингизда?

– Ватан – ўз номи билан Ватан. Уни севиш, ардоқлаш зарур. Ватан, деб оғиз тўлдириб, қарсак чалиб ўтирадиганларни ёқтирмайман. Оила – Ватан, қишлоқ – Ватан, уларга меҳр бериш керак, келажаги учун ҳар қандай ишга тайёр туриш керак.

– Оилангиз ҳақида...

– Менимча, бир йигитга бериладиган бахтнинг ҳаммасига эришганман. Тенгсиз давлатим: ота-онам бор. Аёлим билан икки фарзандимиз Муҳаммад Сафо ва Шоҳижаҳонларни камолга етказиб келмоқдамиз. Бахтлиман, ҳавас қиладиган, аҳил оиламиз. Ҳамманинг оиласида бизникидек каби аҳиллик йўқолмасин. Ўғилларимни олий маълумотли қилиб, танлаган соҳаси бўйича яхши мутахассис бўлиб етишишлари учун қўлимдан келган ҳамма имкониятни ишга солишга ҳаракат қиламан.

– Имконият чекланса ҳам инсонда иштиёқ суст бўлмаслиги керак. Энг асосийси мақсад, мақсадсиз инсон энг аянчли инсондир. Шунинг учун доим ҳаракатдаман. Имкониятим чеклангани хаёлимга ҳам келмайди. Доим шукр қилиб яшайман. Ҳамма инсонлар каби иш қилишга интиламан.

– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

Шоҳсанам НИШОНОВА суҳбатлашди.

Информеры