2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАШ ТАРТИБИГА ОИД ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

2019 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ПҚ–4447-сонли қарори қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги низомда мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш ва Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини янада ошириш мақсадида қўшин турларини ёш, шижоатли, ватанпарвар, садоқатли ва интеллектуал салоҳиятли ёшлар билан бутлаш, контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш шартлари, ҳарбий хизматни ўташ жараёни, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси масалалари ва ҳарбий хизматдан резервга бўшатиш тартиби билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Ривожланган хорижий давлатлар амалиётини ўрганиш, йиллар давомида ҳарбий хизматни ўташ тартиби билан боғлиқ йўналишда вужудга келган муаммолар, тўпланган ҳаётий тажриба ва хизмат амалиётини инобатга олган ҳолда янгиланган ушбу низом олдингисидан 80 % га ўзгартирилган.

Жумладан, эски таҳрирдаги низом 12 боб, 38 та бўлим ва 382 та банддан иборат бўлиб, унинг иловасига 3 турдаги контракт бланкалар илова қилинган эди. Янги таҳрирдаги низомда бир-бирини такрорловчи 18 та банд бирлаштирилиб, 38 та бўлим ҳар бир боб таркибига 37 та алоҳида-алоҳида параграф қилиб киритилди, натижада низом 13 та боб, 360 та банддан иборат кўринишга келтирилиб, иловалар қисми 4 турдаги контракт бланкаларига кўпайтирилди.

Низом лойиҳасининг «Умумий қоидалар» бобида ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлган 14 та асосий тушунчани қамраб олган атамалар аппарати шакллантирилди.

Эски таҳрирдаги низомда «Ҳарбий хизматни ўташ» тўғрисидаги тизим 1-боб «Умумий қоидалар» ичига жойлаштирилган бўлиб, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тузилиш ва юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш тартиб-қоидалари мос келмас эди. Янги лойиҳада «Ҳарбий хизматни ўташ» алоҳида боб сифатида ишлаб чиқилиб, унинг тузилмавий таркибида ҳарбий хизматни ўташ, ҳарбий хизмат турлари ва муддатлари тўғрисидаги тушунчалар тизимлаштирилди.

Янги таҳрирдаги низом билан Қуролли Кучларимизни контракт бўйича ҳарбий хизматчилар билан бутлашнинг экстерриториал принципи билан бирга яна янги – территориал принципи жорий этилди. Мазкур норманинг янги низом билан тасдиқланиши ҳарбий хизматчиларнинг хизмат жойини ўзгартириш (ротация) билан боғлиқ бўлган барча масалаларни тартибга солади.

Қарор билан тасдиқланган низомнинг 15-бандида маълумот даражасидан қатъи назар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган барча фуқаролар учун муддатли ҳарбий хизматнинг муддати календарь ҳисобда 12 (ўн икки) ой этиб (эски таҳрирда олий маълумотли фуқаролар учун 9 (тўққиз) ой этиб белгиланган) белгиланди.

Календарь ҳисобида камида 10 (ўн) йил хизмат қилган офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳақиқий ҳарбий хизматдан резервга бўшатилаётганда ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига олий таълим муассасасининг кундузги бўлимидаги 1 (бир) ой ўқиш муддати 1 (бир) ой хизмат муддати ҳисобида ҳамда олий таълим муассасасини тамомлаганидан сўнг ихтисослигига мос келадиган лавозимлардаги 1 (бир) ойлик иш стажи 1 (бир) ойлик хизмат ҳисобида қўшиб ҳисоблаш (эски таҳрирда фақат резервдан (захирадан) ихтиёрий равишда контракт бўйича ҳарбий хизматга чақирилган офицерларга нисбатан қўлланилган) тартиби жорий этилди.

Янги лойиҳа билан амалиётга пенсия ҳисоб­лаш вақтида ҳарбий хизматдан ташқари давлат хизматларининг бошқа турлари назарда тутилган вазирликлардаги хизмат махсус унвон берилган кундан бошлаб ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланиши тўғрисидаги норма киритилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши девони билан келишилган ҳолда давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига ҳарбий хизматга олишда уларнинг олий таълим муассасалардаги ўқиш муддатлари ва олдинги иш жойларида меҳнат стажи пенсияни ҳисоблашда ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига 1 (бир) ойлик ўқиш (иш) 1 (бир) ойлик хизмат ҳисобида қўшиб ҳисобланиш тўғрисидаги норма белгилаб қўйилди.

Эски таҳрирдан фарқли равишда низомнинг янги лойиҳаси 4-боб 4-параграфида Ҳарбий-касбий танлов ўтказиш тартиб қоидалари батафсил ёритиб берилди. Унга кўра контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш борасида ўтказиладиган икки босқичли танлов тадбирлари бир босқичга қисқартирилиб, фуқароларнинг тиббий кўрик ва жисмоний тайёргарлик ҳолатлари текширувлари вазирликларнинг ҳудудий ваколатли органи саралаш комиссиялари томонидан бир марта ўтказиладиган бўлди.

Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари лавозимларига қабул қилинишдаги ёш цензлари 17 (ўн етти) ёшдан 23 (йигирма уч) ёшгача (эски таҳрирда 21 ёшгача бўлган) кўтарилди. Шунингдек, 26 (йигирма олти) ёшгача бўлган (эски таҳрирда ушбу норма ёритилмаган) ва олий ҳарбий таълим муассасаларида алоқа муҳандис техниги ва ҳарбий тиббиёт ихтисослиги бўйича ўқиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг талабалари олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари лавозимларига ўқишга қабул қилинишлари тўғрисидаги норма киритилди.

Ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига ўқишга юборилаётганда улар билан ўқиш шартлари ҳисобга олинган ва ўқиш тугагандан сўнг белгиланган муддат мобайнида ҳарбий хизматни ўташ мажбуриятлари акс эттирилган махсус контракт тузиш тизими йўлга қўйилди (эски таҳрирда ушбу тартиб жорий қилинмаган).

Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегаралари Ўзбекистон Республикаси «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунининг 26-моддаси талабларига мослаштирилди, яъни:

а) контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар (матрослар), сержантлар (старшиналар) учун – 45 ёш;

б) кичик офицерлар учун – 45 ёш;

в) катта офицерлар учун – 50 ёш, полковниклар (1 даражадаги капитанлар) учун – 55 ёш;

г) «генерал-майор», «генерал-лейтенант» ва «генерал-полковник» ҳарбий унвонидаги офицерлар учун – 60 ёш.

Янги таҳрирдаги низомнинг 6-бобида тенг ёки паст лавозимларга тайинлаш билан боғлиқ бандларига ўзгартиришлар киритилиши билан ҳарбий хизматчиларни лавозимларга тайинлаш борасида юзага келаётган муаммоли вазиятларнинг бартараф этилишига эришилди.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар томонидан вақтинчалик лавозимни бажариш муддати 3 (уч) ойдан 6 (олти) ойга қадар узайтирилди, умумий тартиб асосида лавозимни топшириш муддати 1 (бир) ойдан 20 (йигирма) кунга қисқартирилди, ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисм командири ихтиёрига чиқариш тартиби соддалаштирилиб, унинг муддати 1 (бир) ойдан 2 (икки) ойга қадар узайтирилди.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчининг бошқа ака-укалари бўлмаган тақдирда доимий равишда алоҳида яшовчи ота-онасига доимий қараб туриш учун оилавий шароитига кўра янги хизмат жойига ўтказиш масаласида бундан буён унинг яқин қариндошлари ҳисобланган опа ёки сингилларининг борлиги, уларнинг ота-онаси қатори бир вилоят, туман ёки шаҳарда истиқомат қилиш ҳолатлари инобатга олинмаслиги тўғрисидаги тартиб жорий этилди.

Низомнинг янги таҳрир лойиҳасида контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни бир вазирлик тизимидан бошқа бирига ўтказиш тартиби соддалаштирилиб, номенклатура лавозимларга кирмайдиган ҳарбий хизматчиларни бошқа вазирликларга ўтказилиши вазирлик раҳбарларининг ўзаро келишуви (эски таҳрирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши рухсати билан) асосида амалга оширилиш тартиби белгилаб қўйилди.

Ҳарбий хизматчиларни аттестациясидан ўтказиш тартиби қисқартирилиб, бундан буён ҳарбий хизматчилар ҳарбий унвон олиш учун, юқори лавозимга тайинланиш учун, олий ҳарбий таълим муассасасини тамомлаганидан сўнг, шунингдек, резервдаги (захирадаги) офицерларни ҳарбий хизматга қабул қилиш даврида мажбурий тарзда аттестациядан ўтказмаслик тартиби жорий қилинди.

Бундан ташқари, аттестация комиссияларининг таркиби Қуролли Кучлар тизимидаги вазирлик ва идора раҳбарлари томонидан шакллантирилиши ва белгиланиши (эски таҳрирда комиссия таркиби қатъий равишда белгиланган эди) жорий қилиниб, аттестация комиссияси йиғилишида қабул қилинадиган қарор ва таклифлар рўйхати соддалаштирилди.

Аттестациядан ўтказилаётган шахс аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган тақдирда, қарор унга етказилган кундан бошлаб 30 (ўттиз) кун мобайнида юқори турувчи комиссияга шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқи 10 (ўн) кунлик муддатга алмаштирилди.

Янги низом лойиҳасининг «Ҳарбий хизматчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари» бобида ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор қаратилиб, ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат, пул, кийим-кечак, уй-жой билан таъминланишлари, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган пенсия ва тиббий таъминот ҳамда бошқа ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан фойдаланишлари тартиби мустаҳкамлаб қўйилди.

Хусусан, оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга йил якунларига кўра январь ойида қўшинлар жанговар шайлигини сақлаб тургани, хизмат мажбуриятларини виждонан бажаргани учун бир марта бериладиган пул мукофоти, шунингдек, йилда бир марта бир маротабалик пул таъминоти окладига тенг миқдордаги моддий ёрдам пули тўлаб бериш нормаси ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди (эски таҳрирда бу имтиёзлар кўрсатилмаган).

Бундан ташқари, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган (резервга, истеъфога бўшатилган) контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматининг умумий давомийлиги 10 (ўн) ва ундан ортиқ календарь йилга етганда (эски таҳрирда 20 (йигирма) йил этиб белгиланган) Ўзбекистон Республикасининг уй-жой қонунчилигида кўзда тутилган меъёр ва тартибларга мувофиқ ўзлари эгаллаб турган тураржойларини бепул хусусийлаштириб олиш ҳуқуқига эгаликлари белгилаб қўйилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан уй-жой билан таъминланмаган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга уларнинг аризасига биноан тақдим қилинаётган уй-жойни умумий қийматининг 25 % дан 50 % гача миқдордаги дастлабки бадал пулини давлат бюджети маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаш йўли билан узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитини бериш тизими бўйича тураржойлар берилиши мумкинлиги тўғрисидаги янги норма киритилди.

Қолаверса, катта офицер ва генераллар таркиби билан бир қаторда резервга (истеъфога) бўшатилганидан (чиқарилганидан) сўнг ҳарбий-тиббий муассасалардаги бепул тиббий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқи хизмат йилларининг умумий давомийлиги 20 (йигирма) йил ва ундан ортиқ бўлган кичик офицерлар, сержант ва оддий аскарлар таркибига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.

Низомнинг 199-бандида ўрнатилган қоидаларга кўра контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари яшаш жойи, шу жумладан вақтинчалик яшаш жойи бўйича мактабгача таълим муассасалари ва ўрта таълим муассасалари, шунингдек вазирликнинг болалар соғломлаштириш лагерларига навбатсиз қабул қилинадилар.

Низомнинг «Ҳарбий унвонлар» бобида муҳим ўзгаришлардан яна бири сифатида сержантлар таркиби учун «I даражали сержант», «II даражали сержант» ва «III даражали сержант» ҳарбий унвонлари ва унинг муддатлари жорий этилди.

Қарор билан тасдиқланган низомнинг 222-бандида «кичик сержант» ҳарбий унвонини бериш тартиби ҳам соддалаштирилди. Бундан буён «кичик сержант» ҳарбий унвони:

а) вазирликлар тасарруфидаги таълим муассасаларининг тегишли дастурлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини тамомлаган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга;

б) вазирликлар тасарруфидаги таълим муассасаларининг тегишли дастурлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларида тайёргарликдан ўтишни талаб қилмайдиган сержантлар таркиби лавозимларидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, интизомий рағбатлантириш тартибида;

в) олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантларига – ўқишдаги юқори натижалар ва намунали ҳарбий интизом учун берилади.

Эски таҳрирдаги низомдан фарқли равишда ўқиш давомийлиги 5 (беш) йил бўлган олий ҳарбий таълим муассасаларининг битирувчилари учун «лейтенант» ҳарбий унвонида бўлиш муддати 1 (бир) йил этиб белгиланди.

Берилган ҳарбий унвонда бўлишнинг белгиланган хизмат муддатидан камида иккитасини ўтаган офицерга, хизмат юзасидан ижобий тавсифлар берилган ва унинг ҳарбий-ҳисоб ихтисослиги бўйича вакант лавозим йўқлиги сабабли уни юқори турувчи лавозимга тайинлаш имконияти бўлмаган тақдирда, вазирлик раҳбарининг қарорига биноан штатга кўра унга ўзи эгаллаб турган ҳарбий лавозим учун назарда тутилган ҳарбий унвондан бир поғона юқори турувчи ҳарбий унвон («полковник» ҳарбий унвонидан ташқари) берилиши тўғрисидаги норма киритилди (эски таҳрирда бундай норма белгиланмаган).

Офицер ва сержантлик ҳарбий унвонларидан маҳрум қилинган шахслар оддий аскар ҳисобланиб, улар захирадаги, резервдаги, истеъфодаги оддий аскар ҳарбий унвонидаги ҳарбий хизматчилар учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланиш тартиби жорий этилмоқда (эски таҳрирда бундай имтиёз ва ҳуқуқлар белгиланмаган).

Низомнинг «Таътиллар» бобига контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ҳар йилги навбатдаги таътилларига қўшимча тарзда, хизмат йилларининг календарь ҳисобига кўра:

10 (ўн) йиллик ҳарбий хизматдан сўнг – давомийлиги 5 (беш) суткалик;

15 (ўн беш) йиллик ҳарбий хизматдан сўнг – давомийлиги 10 (ўн) суткалик;

20 (йигирма) йиллик ва ундан кўп ҳарбий хизматдан сўнг – давомийлиги 15 (ўн беш) суткалик қўшимча таътил берилиши тартиби жорий этилди.

Низомнинг «Ҳарбий хизматчиларни ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш» боби ҳарбий хизматни ўташ тартиби билан боғлиқ замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда соддалаштирилиб, оптимал кўринишга келтирилди.

Бундан буён камида йигирма календарь йили мобайнида ҳарбий хизматни бенуқсон ўтаган офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳарбий хизматдан бўшатилаётган вақтда тегишли буйруқлар билан ҳарбий формани кийиш ва фарқловчи нишонларни тақиш ҳуқуқи берилади.

Низомнинг «Қуролли Кучлар резервидаги хизмат» бобида резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар билан ўтказиладиган йиғин турлари қисқартирилиб, уларни ўтказиш тартиби соддалаштирилди.

Қуролли Кучлар резервида бўлишининг ёш чегаралари Ўзбекистон Республикаси «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунининг 30-моддаси талабларига мослаштирилди.

Подполковник Қаҳрамон КАМОЛОВ,

Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошқарма бошлиғи

Информеры