2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ХАЛҚАРО ОТИШ МУСОБАҚАСИ

Юртдошларимиз мутлақ ғолиб бўлди

Эътиборли ўқувчиларимизга «Фориш» тоғ полигонида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг дўстона армиялари ўртасида штатдаги қуроллардан отиш чемпионатига старт берилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бир неча кун давом этган мусобақада Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Тожикистондан келган ҳарбий хизматчилар (эркаклар ва аёллар) ПМ-3 ҳамда АК-3 жанговар қуролидан отиш бўйича қизғин рақобатга киришдилар. Биргина иштирокчининг кичик хатоси умумжамоа ҳисобида мамлакат ўрнини орқага тортиши ҳар бир қатнашчининг масъулиятини оширарди. 

– Юртингизда катта тантана ва тараддуд билан ўтказилган ушбу мусобақа менга халқаро майдонда Олимпиада ўйинларида иштирок этган даврларимни эслатди. Ташкилий тайёргарлик, ҳар бир иштирокчига алоҳида эътибор, дўстона муносабат ўз ўрнида мусобақадаги тиришқоқлик, профессио­нал маҳоратга гувоҳ бўлдик, – дейди россиялик иштирокчи майор Алексей Каменский. – Дастурга Ўзбекистондаги тарихий қадамжоларга ташрифнинг ҳам киритилгани тоғ полигони билан бир қаторда шаҳарлар ҳаёти, азим тарихингиз билан танишиш имконини берди.

Завқу ҳаяжон билан бош­ланган мусобақа якунларига Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг Қуролли Кучлари кўз тикканди. Эришилган кўрсаткичлар тилга кўчганда, рақамлар юртимиз ҳарбий хизматчиларининг юксак маҳорат ва тажрибасидан дарак берди.

Эркаклар ўртасида ПМ-3 қуролидан отиш мусобақасида 266 очко билан юртдошимиз кичик сержант Артём Чернишев 1-ўринни қўлга киритди. Эътиборлиси, ушбу номинацияда барча ўринларни (2-ўрин шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Азизжон Мухамедрахимов 256 очко билан, 3-ўрин майор Энвер Осмонов 250 очко билан) ўзбекистонлик Ватан ҳимоячилари забт этган.

Аёллар ўртасида айни ПМ-3 қуролидан отиш мусобақасида ҳам ўзбекистонлик иштирокчи шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Мария Муҳитдинова 259 очко билан биринчиликни эгаллади. 2-ўрин қирғизистонлик прапоршик Зулайко Чаловага (241 очко), 3-ўрин беларуслик прапоршик Анна Якуценяга (233 очко) насиб этди.

Эркаклар ўртасида АК-3 қуролидан отиш мусобақасида беларуслик қатнашчи майор Владимир Ковалевич 282 очко билан биринчиликни қўлга киритган бўлса, юртимиз вакиллари майор Дониёр Жуманов ва кичик сержант Роман Голашапов 280 очко билан навбатдаги ўринларни банд қилди.

Аёллар ўртасида АК-3 қуролидан отиш мусобақасида Россия Федерациясидан келган ефрейтор Юлия Десятерик 281 очко билан 1-ўринни, вакилимиз шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Яна Фатхи 280 очко билан 2-, беларуслик кичик лейтенант Виктория Ермалович 278 очко билан 3-ўринни қўлга киритди.

Умумжамоа ҳисобида ПМ-3 қуролидан отиш мусобақасида Ўзбекистон 1-(1 031 очко), Қирғизистон 2-(966 очко), Беларусь 3-(953 очко) ўринни забт этди.

Умумжамоа ҳисобида АК-3 қуролидан отиш мусобақасида ҳам 1-ўринни Ўзбекистон (840 очко), 2-ўринни Беларусь (826 очко), 3-ўринни Россия Федерацияси жамоаси (822 очко) эгаллади.

Умумий ҳисобда умумжамоа таркибида ҳам Ўзбекис­тон 1-(1 871 очко), Беларусь 2-(1 779 очко), Қирғизистон 3-(1 756 очко) ўринга сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорларга тантанали тарзда диплом, медаль ҳамда кубоклар топширилди. Шундан сўнг Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

Информеры