2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПОЛИГОНДА ЯНГИ ЎҚУВ БАЗАСИ

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси дала-ўқув майдонида янгиланган ўқув база фойдаланишга топширилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазир ўринбосарлари, олий ҳарбий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, курсантлар иштирок этди.

«Янгиланган ўқув базанинг фойдаланишга топширилиши Қуролли Кучлар академияси тарихида янги саҳифа очиб, ҳарбий таълим жараёнини янада юқори поғонага олиб чиқади», деди мудофаа вазири йиғилганларни қутлар экан. Дарҳақиқат, замон талаблари асосида қайтадан қурилган ётоқхона, тиббиёт пункти, ошхона, ўқув хоналари ҳамда бошқа бинолар ҳар томонлама қулай ва кўркам, зарур барча жиҳозлар, кўргазмали қуроллар билан таъминланган. Ўқув жараёнига бевосита ижобий таъсир кўрсатишга хизмат қиладиган янгиликлардан бири – ҳар бир ўқув биноси интерактив доскалар билан жиҳозланган.

Қурол-аслаҳа ва отиш кафед­раси ўқитувчиси подполковник Руслан Ражабов сўзларига кўра, ушбу замонавий доска курсантларга миллий армиямиз ҳамда чет эл армияларида мавжуд бўлган отиш қуролларининг ишлаш принципи ва механизмларини ўргатишда  профессор-ўқитувчиларга катта қулайлик яратади.

– Янгиланган базада қурилиш ишлари олти ой давомида олиб борилди. Дала шароитидаги шаҳарчада курсантлар учун барча қулайлик яратилган. Қурилиш ишларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қурилиш материалларидан фойдаланилди. Сифат даражаси чет элникидан асло фарқ қилмайди, – дейди «Фартиб гарант монтаж» МЧЖ раҳбари Шерзод Тўраев.

Мудофаа вазирининг ўринбосари, Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов меҳмонларни янгиланган ўқув базаси билан таништирар экан, академия тингловчилари ва курсантлари бундай эътибордан руҳланиб, ўз мутахассисликларининг етук эгалари бўлиб етишишларини алоҳида таъкидлади.

Чингиз РАИМБЕРДИЕВ

 

Информеры