2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЁШ ОФИЦЕРЛАР ФАОЛИЯТИДА «УСТОЗ – ШОГИРД» АНЪАНАСИ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларининг 2018/2019 йилги битирувчилари билан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси раҳбарияти, олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, кафедра бошлиқлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди. Ёш офицерларнинг назарий билимларини амалиётда қўллаш, хизматга мослашиш жараёнларига ёрдам бериш, ҳарбий қисм ва муассасаларда «Устоз – шогирд» анъанасини йўлга қўйишга доир амалий-услубий тавсиялар берилди.

– Олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларининг ҳарбий-профессионал ва ахлоқий-руҳий тайёргарлиги, лавозим-хизмат мажбуриятларини бажариши ҳамда ҳарбий жамоани бошқариши бўйича янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш лозим, – дейди Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Фарҳод Шерматов. – Олий ҳарбий таълим муассасаси ва қўшинлар ўртасида алоқани мустаҳкамлаш билан бирга профессор-ўқитувчилар ўз битирувчиси қўшинларда қандай хизмат қилаётгани, ҳарбий ҳаётга мослашаётгани, ҳаётий позицияси ва принципларини ўрганиб бориши керак. Бу борада «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларининг касбий шаклланишини ташкиллаштириш ва жанговар-хизмат фаолиятининг мониторингини ўтказиш бўйича йўриқнома» ишлаб чиқилиб, ҳарбий қисмларга етказилди.

Кейинги икки йилда олий ҳарбий таълим муассасаларини битириб, ўз фаолиятини бошлаган лейтенантлар йиғилишда тўғридан-тўғри видеоконференц-алоқа орқали боғланиб, ҳарбий профессионал фаолиятида дуч келаётган масалалар бўйича таклиф ҳамда тавсияларини билдирди. Улар Мудофаа вазирлиги кадрлар бош бошқармаси мутасаддилари билан суҳбатда хизмат жараёнида ижтимоий-маиший, бошқарув ва психологик йўналишдаги масалалар билан ўртоқлашди.

Йиғилиш якунида ёш офицерларнинг ўз хизмат мажбуриятларини сифатли ва самарали бажариши юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалари атрофлича таҳлил этилди. Мудофаа вазирлиги ҳарбий таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқилди ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры