2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АСКАР ТАДБИРКОР БЎЛМОҚЧИ

– «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастурига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларга 7 фоизли имтиёзли кредит қанча муддатга берилади?

– Ушбу имтиёзли кредит муддати 5 йилгача.

– 7 фоизли имтиёзли кредит олишнинг шартлари қандай?

– Мазкур кредит ёш тадбиркорларга 20 миллионгача миқдорда кафиллик асосида ажратилади, шу суммадан кўпроқ маблағ сўралганда эса гаров сифатида (нотураржойни) қўйиш талаб этилади.

– Кредит маблағларини қандай кўринишда олиш мумкин?

–  Маблағлар фирма (корхона) ҳисоб рақамига банкдан тўлиқ миқдорда пул ўтказиш йўли орқали берилади.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган навбатдаги ўқув-семинарда муддатли ҳарбий хизматдан кейин тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган бир гуруҳ оддий аскарлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олди.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июндаги «Ўзбекистон Респуб­ликаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, вазирлик қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматчилар билан ҳар йили май – декабрь ойларида тадбиркорлик фаолияти, кредит олиш, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби бўйича семинарлар, давра суҳбатлари, конференция ва амалий машғулотлар ўтказиш белгиланган, – дейди Ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисмдаги бошланғич ташкилоти етакчиси майор Элдор Ирисбоев. – Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси ҳамкорлигидаги 15 академик соатдан иборат ушбу ўқувларда иштирок этиб, тест синовларидан муваффақиятли ўтган муддатли ҳарбий хизматчиларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва имтиёзли кредитларни расмийлаштириш учун сертификат берилади.

«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси Янгийўл тумани филиали, Ёшлар иттифоқининг Янгийўл тумани кенгаши, банк ходимлари ва тадбиркорлар иштирокида «Тадбиркорлик фаолияти – мамлакат иқтисодиётининг ривожи» мавзуида ўтказилган машғулот ана шу тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.

Дастлаб «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси Янгийўл тумани филиали раҳбари Асроржон Тоҳиржонов, филиалнинг бош мутахассислари Сардор Абдухалилов, Хуршид Рустамов, Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши раиси ўринбосари Зоир Умиров ва бошқалар муддатли ҳарбий хизматдан кейин тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган аскарларга бизнес-режа тузиш, янги иш ўрни яратиш, кредит маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан батафсил маълумот берди. Фойдали ахборотлардан сўнг савол-жавобларга уланиб кетган тадбир аскарларни беэътибор қолдирмай, кичик бўлса-да, тадбиркор бўлишга ундади.

Мисол учун, ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган Иззатилла Шаҳобиддинов маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, улардан турли техник асбоб-ускуналарни яратишда самарали фойдаланишни кўпдан бери дилига тугган. Ҳарбий қисмдаги «Ёш ихтирочилар» тўгарагини бошқариш билан бирга, мустақил равишда кераксиз буюмлардан ясалган юк кўтариш крани, ракета макетларини кўрган киши унинг иқтидорига беихтиёр тасанно айтади. Тадбирда Иззатилла сингари ташаббускор аскарларнинг истиқболли ғояларини амалиётга татбиқ этиш, молиялаштириш масалаларида услубий кўмак берилди.

Семинар доирасида ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматчилар учун ташкил этилган «Компьютер саводхонлиги», «Тасвирий санъат», «Эстрада-вокал», «Инглиз тили», «Каратэ», «Шахмат», «Шашка» сингари тўгараклар фаолияти намойиш этилди.

Халқимизда «Минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал», деган нақл бор. Семинарда берилган назарий билимларни ҳаётий мисоллар орқали мустаҳкамлаш мақсадида куннинг иккинчи ярмида аскарлар учун ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсия уюштирилди.

Янгийўл туманидаги «Арт Миркомил» масъулияти чекланган жамияти аҳолига ойна кесиш, альюмин профилларидан эшик-ром ишлаб чиқариш каби хизматларни кўрсатади. Корхона раҳбари Нигина Маллабоева жорий йилда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасининг Янгийўл тумани филиали орқали 200 миллион миқдорида 7 фоизли имтиёзли кредит олиб, 6 нафар ходим билан иш бошлади. Корхона иш юритувчиси Равшан Бобоевнинг таъкидлашича, соф даромад ҳисобидан кредит маблағларини муддатидан олдин қайтариш кўзда тутилмоқда.

Замонавий «Расулов эшиклари» бренди билан танилган «RG – Invest» масъулияти чекланган жамиятига уюштирилган экскурсия ҳам аскарларда катта таассурот қолдирди. Ёшлар иттифоқининг Янгийўл тумани кенгаши раиси ўринбосари Зоир Умировнинг таъкидлашича, ушбу корхона ходимларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади, аниқроғи, унда 2019 йилнинг ўзида 500 нафарга яқин янгийўллик ёшлар ишга жойлашган.

Корхонада ҳарбий хизматчилар хом ашё, яримтайёр ва якуний босқичлардан кейин сифатли эшиклар ишлаб чиқариш сир-асрорлари билан таништирилди. Қизғин иш жараёни кетаётган корхона бўлимларида ҳар бир ходимнинг вақти тиғиз бўлишига қарамай, меҳмонларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарди. Йирик корхонада мижозларнинг эҳтиёж ва истагига монанд, талабгир маҳсулот ишлаб чиқариш масъулияти ва машаққатини ҳис этган аскарлар рақобатбардош меҳнат бозорида тадбиркорликнинг ҳар битта нозик қиррасини пухта эгаллаш кераклигига яна бир карра ишонч ҳосил қилди.

– Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар олий таълим муассасасига ўқишга кира олмагач ёки муайян иш ўрни билан таъминланмагач, табиийки, кундалик вақти беҳуда ўтади, – дейди «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси Янгийўл тумани филиали бош мутахассиси Сардор Абдухалилов. – Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида назарий ва амалий машғулотлар ёрдамида оддий аскарларнинг тадбиркорлик кўникмалари мунтазам равишда шакллантирилмоқда. Бу эса Қуролли Кучлар резервига бўшатилган йигитларнинг келгусидаги ижтимоий ҳимояси ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры