2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУАЛЛИМ

Менга улар ҳақида ёзиш ёқади. Ҳар бир инсоннинг улар билан боғлиқ самимий хотиралари бор. Ўқитувчи – мўъжиза яратувчи касб. Алифбони яна бир бор қўлингизда тутиб, варақлаб кўринг-а. Ўша олис болалик, рангларда акс этган дунё, илк ёзувингиз, қўлида бўр тутган муаллим… Эсладингизми?! Ҳарф, ҳарфлар билан атрофингдаги олам кун сайин ёришиб боради, англай бошлайсан.

КИЧИК ЙЎЛ АДОҒИДАГИ ҚУЁШ

Шаҳрисабз туманидаги 17-умумтаълим мактабида ўқиганман. Бу мактабда оламдаги энг яхши инсонлар дарс берган. Айниқса, биринчи ўқитувчим Бозор ака Ҳасановни эсласам, қалбим ёришади. Икки томони тутқатор кичик йўл, ўша йўлнинг охирида ботадиган қип-қизил, улкан баркашдек қуёш, завқли қиш кунлари, айниқса, мактаб боғидаги баҳайбат ўрикларни эслайман. Ўриклар баҳайбат эдими?! Йўқ. «Болаликда ҳайратнинг кўзлари катта» бўлган. Ўқитувчимиз ўрик қоқиб берганлар, этакларимизга териб еганмиз. Атрофдаги катталарнинг кулгисини элас-элас эслайман.

Авваллари қор кўп тушар эди. Дарсдан кейин ўқитувчимиз  билан бирга қайтар эдик. Қорбўрон ўйнаб, ўқитувчимизга ҳар томондан осилиб, кулишиб, қийқириб қайтар эдик. Бир завқли дамлар эди. Бизга қўшилиб, қотиб-қотиб кулишлари қулоқларимда қолган.

Гўдак тасаввурим, оламим англаган энг яхши фазилатларнинг ҳаммасини ўқитувчимда деб билганман. У киши ҳаммадан чиройли, ҳаммадан энг билимдон, ҳаммадан энг яхши, энг, энг... Китоблари ҳеч эскирмаслиги, доим битта газетада ўроғлиқ турса-да, газета ҳеч қачон ўнгиб, ғижимланиб қолмаслиги ҳам мен учун фазилат эди. Аълога ўқиганим учун ўз болаларидек  мен билан фахрланардилар.

Йиллар ўқитувчимга ҳам ўз ҳукмини ўтказиб улгурган. Қариб қолдилар, деган гапни айтишни истамайман. Улар мен учун ҳамиша сочларига эрта оқ тушган бўлса-да, ўша-ўша навқирон, қувноқ, ҳамма нарсани биладиган, ўрик тагидаги ўриндиқда ҳамкасбларини ўзига қаратиб, кулганича бир нарсаларни гапираётган биринчи ўқитувчим бўлиб қолаверадилар.

ВАЙРОН БЎЛГАН БЕЗАКЛАР

Байрам арафасида ўз ўқитувчим ҳақида ўйлаб, бошқаларнинг ҳам устозлари ҳақида қизиқиб кўрдим. Ҳамкасбларимдан бири мендан чамаси ўн ёшлар кичик. Ундан биринчи муаллими ҳақида сўрадим:

– Биринчи ўқитувчим... совға-саломга ўч аёл эдилар. Ота-оналар олиб келган совғадан кўнгиллари тўлмаса, уларнинг болаларига таъна қилиб, гапирар эдилар. Юзимга тўсатдан куч билан тушган тарсакини эслайман. Ёдимга тушганида, юрагимнинг аллақаери симиллаб қўяди. Яна туғилган кунларида совға қилинган тортни уйларига икки синфдош дугонамиздан бериб юборганлари, улар йўл-йўлакай устидаги безакларни бармоқчаларини тиқиб, ялаб қўйганларини, эртаси куни «қиёмат» бақир-чақир қилганларини эслайман. Ҳозир анча қартайиб қолдилар. Байрам арафасида бир йўқлаб қўйсам, тузук бўларди...

«У БИЗНИНГ ЭНАМИЗ ЭДИ»

Яна бир ҳамкасбим Зебо Сариеванинг хотираларини бир тингланг-а:

– Термиз давлат университетини эндигина тамомлаб келган кезларим эди. Менга мутахассислигим бўлмаган фандан дарс соатлари ажратилди. Ҳайрон қолдим, хафа бўлдим. Кейин узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган  отамга арзи ҳол қилдим. «Қаранг, шунақа бўлиши мумкинми? Мен она тили ва адабиёти муаллимаси бўлсам, энди тарихдан дарс бераманми?!» Мени эшитиб, отамнинг қовоқлари солинди ва дона-дона қилиб шундай дедилар: «Сен биринчи навбатда ўқитувчи эканлигингни унутма. Ўқитувчи дегани бу ҳамма фанлардан болаларга сабоқ бера олувчидир! Билмаганингни билиб ол. Ўқи, ўрган...» Арз қилиб, пушаймон еганман, тўғрироғи, уялиб қолганман.

Отамдан кўп ёрқин хотиралар қолди. Боботоғ мактабларига текширувга борсалар, мени ҳам ўзлари билан бирга олиб борардилар. Кўримсизгина бир хонали мактабда тўрт нафар ўқувчи ўқишини, улар шу мактабга ҳам олислардан эшак миниб қатнашларини, бир ўқитувчи, яъни Турсунбой аканинг ўқишдан, она тили ва адабиётидан, математикаю тарихдан, ҳам директор, ҳам «завуч»лигини ўша ерда кўрганман. Мен ҳам Денов туманининг чекка қишлоғиданман, ривожланиш, тараққиёт билан мақтана олмайман. Бироқ товчилар (тоғчилар, тоғда яшовчилар) ғаройиб мавжудотга қарагандек, мени ҳайронлик билан кузатганларини эслайман. Ўша биз, пастдагилар «товчилар» дея нописанд қараган ўқувчилардан бири бугун Сурхондарёнинг энг етук жарроҳи, яна бири истеъдодли рассом, яна бири ўқитувчи, темирйўлчи ва ҳоказо.

Тақдир тақозоси билан ҳозир пойтахтда яшаяпмиз. Болаларим билан туғилиб ўсган қишлоғим Оролга вақти-вақти билан бориб турамиз. Яқинда уларга ўзим ўқиган мактабни кўрсатдим. Учовлари бир-бирларига ажабланиб қараб қўйишди-да, мендан қайта сўрашди: «Шу кўримсиз уй ростдан ҳам мактабми?» «Ҳа, бу менинг мактабим, 40-умумтаълим мактаби», дедим ғурур ва  соғинч аралаш меҳр билан. Бу мактабга укаларимнинг фарзандлари боряпти. Ёғин-сочинли кунларда биз ўйнайдиган айвонини ҳам қўшиб, яна битта хона қўшилибди.

Етмишинчи йилларнинг охирида пиллахона бизга мактаб қилиб берилди. Учта хонаси бор эди. Биттаси тиббиёт пункти эди. Биттасида биз ўқирдик. Тахтали панжаралар қилинган айвони ёғин-сочиндан пана эди. Қишда «буржуйка» печ ёқилар эди. Қирмиз опа Соатова бизнинг биринчи ўқитувчимиз эди (охирати обод бўлсин). Мактабга яқин дала шийпонига ўхшаш жойда кичкина болалари билан яшарди. Унинг ҳаёти биз ўқувчилари ва оиласидан иборат эди. Икки ўртада югуриб яшарди. Ҳеч қачон тўй-ҳашамлар, меҳмондорчиликда кўрмаганман. Меҳнат, меҳнат, меҳнат эди ҳаёти. Тушликни мактаб боғида, шундоққина майсалар устида қилар эдик. Уйдан олиб келган нарсаларимизни дастурхонга қўяр эдик, камини ўқитувчимиз уйидан олиб чиқиб, қорнимизни тўйғазар эди. Синфимизда аълочилар кўп эди. Салобатли, савлатли «камиссиялар» олдида чумчуқдеккина бўлиб турарди. Кўп ҳолларда биздан нарироқдаги яна бир пиллахонада жойлашган мактабнинг параллел синфи билан бизни таққослардилар. Бир жиҳатдан улар пича устунликка эга эдилар: муаллима ўта кўҳлик ва виқорли эди. Қирмиз опа кўркли... Буниси муҳим эмас. Қирмиз опа бизни уришармиди? Ҳарчанд уринмай, буни эслай олмадим. Унга нисбатан фидойи сўзи камлик қилади. У... у оддийгина қишлоқ муаллимаси эди. У бизнинг ЭНАМИЗ эди!

МЕҲМОНДА

– Опа, биринчи ўқитувчингизни эслайсизми? – деб савол бердим бу йил олтмиш ёшни қаршилаётган опамга.

– Ҳа, эслайман, – дея Зуҳра опамнинг кўзлари чарақлаб кетди. Қон босимлари кўтарилганини ҳам унутдилар. – Биз ўқиган Шаҳрисабз туманидаги 17-умумтаълим мактаби Абдулла Қаҳҳор номи билан аталарди. Оққўзи ака деган ўқитувчимиз бўлар эди. Биринчи ўқитувчимиз шу кишининг аёли эди. Негадир уларнинг ҳар икковлари ҳам бизга дарс ўтарди. Опани жуда яхши кўрар эдик. Ўзлари ҳам жуда сулув, бир қарасанг сочлари қирқ чилвирдек ўрилган, яна бир қарасанг икки ўрим, «башорат» дўппилари ҳам ўзларига бирам ярашар эди. Қувноқ ўйинлар ўйнар эдик. Янги йил байрам дастурига ўзимиз учун қасава билан тиллақош ясаганмиз. Икковлари ўргатган. Қасава билан тиллақош шу қадар чиройли чиққанки, чироқлар ёруғида ялт-юлт товланиб, ҳамманинг ҳаваси келган. Учинчи синф охирлай деганда, Қиёмшайх қишлоғига кўчиб кетдилар. Соғиниб, ичикиб қолганмиз. Дугонам Ҳикоятпошшо билан дарё кечиб, уйларига қидириб борганмиз. Шунча олис йўл босиб, қўрқмабмиз ҳам. Бизни кўриб, улар ҳам севиниб кетганлар. Худди катталарга хизмат қилгандек, югуриб-елиб дастурхон ёзганлар. Сирли кострюлда қовуриб қўйилган гўштдан олиб эритиб, бизни сийлаганлар. Ҳовуримиз босилиб, қайта-қайта қучоқлашиб хайрлашиб, ортга қайтганмиз. Нушкентга Оққўзи ака кузатиб қўйганлар.

* * *

Шунақа гаплар. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Ўқитувчиларимиз орасида улкан қалбли инсонлар барибир кўпчилик. Юқорида ёзганларимиз уларга бўлган юксак эҳтиромимизни англатади.

Инобат ИБРОҲИМОВА

 

Информеры