2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯПОНИЯДАН ИККИТА БРОНЗА

Японияда таэквондонинг WTF йўналиши бўйича «Чиба – 2019» Гран-при турнири ўтказилди. Унда юртимизнинг уч нафар таэквондочиси, жумладан икки нафар MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоси қатнашди. Нуфузли мусобақада икки таэквондочимиз совриндор бўлди ва «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинларига бориш йўлида қимматли рейтинг очколарини қўлга киритди.

Мазкур Гран-при турнирида тўрт нафар таэквондочимиз қатнашиши керак эди. Афсуски, MVSK аъзоси Улуғбек Рашитов (-55 кг) жароҳати боис ушбу мусобақани ўтказиб юборишига тўғри келди.

Вакилларимиздан Светлана Осипова (+67 кг)­ жангларни бошлаб берди. У қуръага кўра, 1/16 финалда сербиялик Ана Тепавацга қарши даянга чиқди ва 4:0 ҳисобида ғалабага эришди. Осипова нимчорак финалда мексикалик Брисеида Акостани 20:6 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда унга 2012 йилги Олимпиада ўйинлари ғолиби, эндиликда рейтингда 6-ўринда бораётган сербиялик Милица Мандич қарама-қарши келди. Ушбу жанг жуда ҳам қизиқарли кечди. Сўнгги сонияларда ҳисоб 4:4 эди, баҳс тугашига бир сония қолганида ҳамюртимиз бир очко қўлга киритишга эришди ва ғолиб чиқди.

Таэквондочимиз ярим финалда янада кучлироқ рақиб, яъни 2016 йилги Олимпиада ўйинлари чемпиони хитойлик Зенг Шуйинга қарши даянга чиқди. Бу жангда хитойлик таэквондочи 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Светлана «Чиба – 2019» Гран-присининг бронза медали билан кифояланди.

Мусобақанинг иккинчи куни MVSK аъзоси Нигора Турсунқулова (-67 кг) жанг бошлади ва 1/16 финалда коста-рикалик Кэтрин Альварадога қарши даянга чиқди. Қизиқарли ўтган баҳсда MVSK аъзоси 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Нимчорак финалда кореялик Ким Жан Ди спортчимизга тўқнаш келди. Дастлабки икки раундда 0:0 ҳисоби қайд этилди, учинчисида Нигора бир очко қўлга киритиб, ғалаба қозонди.

Турсунқулова чорак финалда британиялик Лорен Уильямсдан 17:8 ҳисобида устун келди ва ярим финалда франциялик Магда Вит-Эненга қарши даянга чиқди. Дастлаб MVSK вакили ҳисобда олдинда (3:0) борди, 3-раунд сўнгги сонияларида эса ҳисоб тенглашди. Қўшимча 4-раундда омад франциялик спортчига кулиб боқди – жанг тугашига 3 сония қолганида Магда яна бир очколик бўлиб, финалга йўл олди. Шу тариқа Нигора Турсунқулова Чиба Гран-присида бронза медали ва қимматли рейтинг очколарини қўлга киритди.

«Чиба – 2019» Гран-присидан олдин Нигора Турсунқулова Олимпиада рейтингида 188.12 балл билан 16-ўринда эди. Энди унинг ҳисобига 14.4 балл қўшилади ва рейтингда бир неча поғона тепага кўтарилиши, табиий. Муҳими шу, «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари сари босқичма-босқич қадам ташлаш.

– Гран-прида осон жанг бўлмайди, сабаби бу мусобақага сараланган, дунёнинг энг кучли таэквондочилари боради. Шу боис ҳар бир баҳс ўзига яраша қийин ўтади, – деди Нигора журналистларга берган интервьюсида. – Фаолиятим давомида жаҳон Гран-присида илк бор медаль қўлга киритдим. Бундан жуда ҳам хурсандман. Кейинги йил Олимпиада ўйинларининг таэквондо мусобақалари айнан Чибада ўтказилади. Насиб қилса, келгуси йил бу ерга яна келамиз.

Гран-прининг сўнгги куни MVSK аъзоси, 2018 йилги Осиё ўйинлари ғолиби Никита Рафалович (-80 кг) даянга чиқди. 1/16 финал доирасида хитой тайпейилик Лиу Вей Тингга қарши жангда Никита 10:5 ҳисобида ғалаба қозонди. Нимчорак финалда MVSK аъзоси британиялик Дамон Сансумга қарама-қарши келди. Уч раунддан сўнг 4:4 ҳисоби қайд этилди ва ғолибни аниқлаш учун 4-раунд ўтказилди. Унда Рафалович 2 очко олди ва кейинги босқичга чиқди. Никита чорак финалда россиялик Антон Котков билан тўқнаш келди ва бу баҳсда омад ундан юз ўгирди.

«Чиба – 2019» Гран-присида муносиб қатнашганлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси мутасаддилари, Мудофаа вазирлиги вакиллари, спортчиларнинг яқинлари ва журналистлар томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Расул ЭРМУҲАММАД

 

Информеры