2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОЛИМПИАДА ВА ПАРАЛИМПИЯ САРИ ОДИМЛАР

Қозоғистон пойтахтида спорт курашлари (эркин, юнон-рум ва аёллар кураши) бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда ва унда «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун ҳам кураш бормоқда. Англия мезбонлик қилган парасузиш бўйича жаҳон чемпионати эса ўз якунига етди ва вакилларимиз «Токио – 2020» Паралимпия ўйинларининг 3 та йўлланмасига эга бўлишди.

Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма бериладиган Нур-Султан шаҳридаги спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида 27 нафар вакилимиз қатнашмоқда. Улардан 10 нафари юнон-рум, 9 нафари эркин кураш ва 8 нафари аёллар кураши бўйича баҳсларда иштирок этяпти.

Юнон-рум кураши бўйича баҳсларда қатнашган ҳамюртимиз Рустам Ассакалов (-87 кг) дастлаб Панама, Туркия ва Россия вакилларини мағлубиятга учратиб, чорак финалга йўл олди. Мусобақа регламентига кўра, жаҳон чемпионатида ярим финалга етиб келганлар келгуси йил Япониянинг Токио шаҳри мезбонлик қиладиган XXXII ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиши белгиланганди. Ассакалов ана шу имкониятдан самарали фойдаланди – чорак финалда кубалик Даниэль Хечаваррия устидан ишончли (4:0) ғалабага эришди ва Олимпиада йўлланмасига эга бўлди.

Рустам ярим финалда венгриялик Виктор Лоринцга қарши беллашди ва дуранг натижани қайд этди – 1:1. Қоидага кўра, сўнгги очкони қўлга киритган спортчи «фаол» деб ҳисобланади ва ғолиблик унга ҳадя этилади. Бу борада омад Лоринц томонида бўлди. Ассакалов эса бронза медаль учун қирғизистонлик Атабек Азисбековга қарши беллашди ва ғолиб чиқди. Рустамдан олдин ҳамюртимиз Арам Варданян (-72 кг) ўз вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлганди. Юнон-рум курашида -72 кг ноолимпия вазни ҳисобланади ва шу боис Варданян Олимпиада йўлланмасига эга бўлмади.

Юнон-рум кураши бўйича Рио Олимпиадаси совриндори Элмурат Тасмурадов (-60 кг) чорак финалда, яъни Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун курашда молдовалик Виктор Сиобанудан устун келди. Шунингдек, полвонимиз Жалгасбай Бердимуратов (-77) ҳам Токио Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. У бронза медаль учун курашиш имконини берувчи босқичда литвалик Паулиус Галкинасни мағлуб этди. Бу ғалаба Бердимуратовни «Токио – 2020» иштирокчилари қаторига киритди. Шу тариқа 3 нафар полвонимиз Токио Олимпиадасида қатнашадиган бўлди, юртимиз спортчиларининг қўлга киритган Токио Олимпиадаси йўлланмалари сони эса 7 тага етди. Спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда.

Англиянинг Лондон шаҳри мезбонлик қилган парасузиш бўйича жаҳон чемпионати эса якунланди. Унда қатнашган 7 нафар спортчимиз битта олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза, жами 8 та медалга сазовор бўлди. Халқаро Паралимпия қўмитаси қарори билан жаҳон чемпионатида дастлабки икки ўринни эгаллаган спортчилар «Токио – 2020» Паралимпия ўйинларига ҳам йўлланма олишди. Хусусан, Лондонда совриндорлар сафидан жой олган терма жамоамиз аъзоларидан Шоҳсанам Тошпўлатова, Ислом Асланов ва Фирдавс Мусабеков ҳам «Токио – 2020» Паралимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлди.

Парасузиш бўйича жаҳон чемпионати совриндорлари: Шоҳсанам Тошпўлатова – битта олтин, битта бронза; Ислом Асланов – 3 та кумуш; Фирдавс Мусабеков – битта кумуш; Нигора Мирзоҳидова – битта бронза; Музаффар Турсунхўжаев – битта бронза.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры