2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ҚИЗҒИН ПАЛЛАДА

Екатеринбург шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича ҳаваскорлар ўртасидаги ХХ жаҳон чемпионати тобора қизғин паллага кўтарилмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақада тўлиқ таркиб билан иштирок этмоқда. Ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида эътироф этилаётган юртимиз 8 нафар боксчисининг 3 нафари MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзосидир.

Мусобақа олдидан Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов терма жамоамиз аъзолари билан учрашди ва чармқўлқоп усталарига омад тилади. Учрашув мобайнида юртимиз боксчилари мусобақада ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида эътироф этилаётганлиги ҳамда халқимиз спортчилардан юқори натижаларни кутишаётганлиги таъкидланди. Мураббий Марат Қурбонов бошчилигидаги терма жамоамиз боксчилари ҳам ортида она Ватани, халқи ва оила аъзолари турганлигини ҳис қилган ҳолда жаҳон чемпионатида юқори натижалар учун астойдил ҳаракат қилишларини таъкидлашди.

ХХ жаҳон чемпионатига терма жамоамиз қуйидаги таркибда борди: Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Миразиз Мирзахалилов (-57 кг, MVSK), Элнур Абдураимов (-63 кг), Бобоусмон Батуров (-69 кг), Фанат Қаҳрамонов (-75 кг, MVSK), Дилшодбек Рўзметов (-81 кг, MVSK), Санжар Турсунов (-91 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг).

Қуръага кўра, 4 нафар етакчи боксчиларимиз биринчи давра баҳсларидан озод этилди. Биринчи бўлиб рингга MVSK аъзоси Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) кўтарилди. Унга кучли рақиб саналган мўғулистонлик Даванян Давансурен қаршилик қилди. Ушбу жанг чармқўлқоп устамизнинг очколар ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Мусобақанинг иккинчи куни рингга кўтарилган MVSK аъзоси Дилшодбек Рўзметовга (-81 кг) ҳам мўғулистонлик боксчи рақиблик қилди. Шинебаяр Нармандахга қарши жангда Дилшодбек тўла устунликка эришди ва беш ҳакам деярли бир хил тарзда (30:26, 30:27, 30:27, 30:27, 30:27) боксчимизнинг ғалабасини қайд этди – 5:0. 1/16 финалга чиққан MVSK аъзоси орадан беш кун ўтиб, конголик Пита Кабежи Петерга қарши рингга кўтарилди. Бу жангда ҳам Дилшодбек катта устунлик қилди ва яна 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. MVSK аъзоси нимчорак финалда руминиялик Андре Арадоайни ҳам мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди.

Учинчи куни баҳсларга қўшилган Олимпиада чемпиони Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) дастлаб туркманистонлик Ихлас Гиличжановга қарши рингга чиқди. Рефери иккинчи раундда Ихласнинг нокдаунини қайд этди ва ҳисобни очди. Руҳан тетиклашган боксчимиз яққол устунликни жанг охиригача сақлади ва ғалаба қозонди. Кейинги босқичда Зоировга чемпионатнинг 4-рақамли боксчиси ҳисобланган Панамерика ўйинлари ғолиби Родриго Марте (Доминикан Республикаси) рақиблик қилди. Бир қатор мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортган мазкур жангда ҳамюртимиз зафар қозонди ва 1/8 финалга йўл олди. Зоиров 17 сентябрь куни қирғизистонлик Азат Усеналиевга қарши рингга кўтарилди ва бу жанг ҳам ҳамюртимизнинг ғалабаси билан якунланди.

Осиё чемпиони Элнур Абдураимов (-63 кг) эса илк жангини жазоирлик Реда Бенбазизга қарши ўтказди ва ғалаба қозонди. Элнур кейинги босқичда чемпионатнинг 7-рақамли боксчиси ҳисобланган АҚШлик Давис Кейшавнга қарши рингга чиқди ва имкониятни бой берди. Бу терма жамоамиз учун биринчи «йўқотиш» бўлди.

Қуръа бўйича биринчи даврадан озод этилган MVSK аъзоси Миразиз Мирзахалилов (-57 кг) илк жангини бразилиялик Дуглас де Андрадега қарши ўтказди. Унда Миразиз тўлиқ устунликка эришди ва рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. MVSK аъзоси нимчорак финалда марокашлик Муҳаммад Ҳамут билан куч синашди. Уч раундлик жанг якунида ҳакамлар 4:1 ҳисобидаги ғалабани Мирзахалиловга тақдим этишди.

Юртимиз бокс мухлислари учун дунё биринчилигини ғалаба билан бошлаб берган MVSK аъзоси Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) 1/16 финалда австралиялик Адриан Каммаранога қарши рингга чиқди. Қаҳрамонов баҳсни 5:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди ва 1/8 финалга йўл олди. Икки кундан сўнг у учинчи жангини ўтказди. Рақиб бразилиялик Эберт да Консейсао бўлди. Нимчорак финал доирасидаги мазкур жангда ҳам чармқўлқоп устамизнинг устунлиги яққол кўзга ташланди, ҳакамлар эса аниқ қарорга келишда бироз қийналишди ва якунда 2:3 ҳисоби қайд этилди, афсуски, Консейсао фойдасига. Ҳа, шу тариқа иккинчи боксчимиз чемпионат билан хайрлашди.

Ҳамюртларимиз Бобоусмон Батуров (-69 кг) ва Санжар Турсунов (-91 кг) ҳам ўз жангларини иккинчи босқичдан бошлашди. Санжарнинг бразилиялик Абнер Тейшейра Да Сильвага қарши жанги қизиқарли ва муросасиз кечди. Якунда ҳакамлар Санжар 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганлигини қайд этишди. Турсунов 1/8 финал босқичи доирасида ҳиндистонлик Санжет Санжитга қарши рингга кўтарилди. Мазкур жанг ҳакамлар қарорига кўра, Санжитнинг ғалабаси билан (4:1) якун топди. Шу тариқа терма жамоамиз учинчи «йўқотиш»га учради. Батуровга эса аргентиналик Агустин Аррегуи рақиблик қилди. Уни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратган Бобоусмон 1/8 финалда АҚШ боксчиси Деланте Жонсондан ҳам устун келди.

Энг оғир вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов (+91 кг) иккинчи босқичдан жангга киришди ва украиналик Цотне Рогавага қарши рингга кўтарилди. Баҳодир рақибини катта устунлик (5:0) билан мағлубиятга учратди ва кейинги босқичга йўл олди. Шу тариқа 5 нафар боксчимиз чорак финалга чиқди.

Хушхабар!

Чорак финалга чиққан беш боксчимиз ҳам ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди ва камида бронза медалларни нақд қилишди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры