2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОЛИВИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Жанубий Америка қитъасининг марказий қисмида жойлашган, иқтисодий жиҳатдан анча заиф ва сиёсий жиҳатдан ўта беқарор ҳисобланувчи Боливия Республикаси миқдоран катта, аммо нисбатан кучсиз Қуролли Кучларга эга.

Узоқ йиллар мобайнида армия учун зарурий жанговар техника АҚШ томонидан етказиб берилган. Шунингдек, маълум даражада Европа мамлакатлари ва Бразилиядан ҳам харид қилинган. Аммо уларнинг аксарият қисми эскирган ва деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган. Сўнгги йилларда эса бу борада Хитой билан яқин муносабатлар ўрнатилган. Шунга мос равишда, мамлакат армиясининг айнан Хитойдан харид қилинган қурол-яроғ ва жанговар техникасини нисбатан янги ва замонавий, деб ҳисоблаш мумкин.

Мамлакат озодлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган Қуролли Кучлар (умумий сони 34 100 киши) тузилмавий жиҳатдан Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучларидан ташкил топган. Армия 18 – 22 ёшдаги кўнгиллилар ва чақирилувчилар ҳисобига бутланади. Ҳарбий хизмат муддати 12 ойни ташкил этади. Ҳарбий харажатлар учун ажратиладиган маблағ миқдори мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 1,9 фоизини ташкил этади (тахминан 150 миллион доллар атрофида).

Қуруқликдаги қўшинлар

Бу турдаги қўшинлар шахсий таркибининг умумий сони 22 800 киши бўлиб, уларнинг 13 минг нафарини муддатли хизматга чақирилган фуқаролар ташкил этади. Қуруқликдаги қўшинлар 6 та ҳарбий округга бўлинган бўлиб, улар таркибида 10 та пиёдалар дивизияси бор. 1-механизациялашган дивизия округлар таркибига киритилмаган. Бундан ташқари, қўшин таркибида «Колорадос» номли пиёдалар полки (иккита батальондан таркиб топган президент гвардияси), «Калама» деб номланган зирҳли кавалерия полки, бир нечта алоқа ва таъминот батальони, армия авиацияси эскадрильяси, шунингдек махсус вазифаларни бажарувчи «коммандос» гуруҳи ва «Эсконбол» номли махсус кучлар мактаби бор. Қуруқликдаги қўшинларга қарашли танк парки асосини Австрияда ишлаб чиқарилган SK-105 русумли енгил танклар ташкил этади. Шунингдек, қўшин тасарруфида ЕЕ-9 типидаги жанговар разведка машиналари, АҚШ, Швейцария, Австрия, Хитой ва Бразилияда ишлаб чиқарилган М113, М9, «Роланд», «Тигр» ва бошқа русумдаги зирҳли транспортёр ва зирҳли автомобиллар, шатакка олинувчи ва зенит тўплари, миномётлар, танкка қарши ракета комплекслари, кўчма зенит-ракета комплекслари ва бошқа қуроллар бор. Юқорида айтиб ўтилганидек, танк ва зирҳли техника парки анча катта, аммо асосан эскирган машиналардан иборат. Армия авиацияси эскадрильяси 3 та самолёт ва 9 та вертолёт билан таъминланган.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Умумий сони 6 500 кишини ташкил этувчи бу турдаги қўшинларнинг асосий вазифаси мамлакат ҳудудида гиёҳвандлик моддалари савдоси ва қўзғолончиларга қарши кураш олиб боришдан иборат. Шунга мос равишда Ҳарбий ҳаво кучларининг авиация парки қўшинларни тегишли жойга етказиш, ҳаво разведкаси ва партизанларга қарши курашга мўлжалланган самолёт ва вертолётлар билан таъминланган. ҲҲК ташкилий жиҳатдан олтита авиация бригадаси, иккита махсус бўлинма («Қора иблислар» ва «Қизил иблислар») ҳамда учта авиацион хизмат кўрсатиш гуруҳидан иборат. Авиация парки асосан турли русумдаги (С-130, «Боинг-737», «Фалкон-50», «Бич-С90», «Цессна-172/182/210» ва ҳ.к.) транспорт самолётларидан ташкил топган бўлиб, уларнинг аксарият қисми АҚШда ишлаб чиқарилган. Шунингдек, ҳарбий техника таркибидан ўқув самолётлари ва турли типдаги вертолётлар жой олган. Жанговар самолёт сифатида эса нацист ҳарбий жиноятчини тутиб бергани учун мукофот тариқасида «махсус нарх» (6,2 миллион доллар) бўйича Франциядан харид қилинган «Канадэйр» АТ-33AN русумли ўқув-жанговар штурмчи самолётдан фойдаланилади.

 Ҳарбий денгиз кучлари

Қизиқ, аммо факт – денгизга чиқиш йўлларига эга бўлмаган Боливия Ҳарбий денгиз кучларига эга. Денгизга чиқиш имкониятини мамлакат XIX аср охирида Чилига қарши урушда мағлуб бўлганидан сўнг қўлдан бой берган. 1963 йилда кўл ва дарё ҳарбий кучлари ташкил этилган бўлиб, 1966 йилда уларга Ҳарбий денгиз кучлари мақоми берилган. Умумий сони 4 800 кишини (шу жумладан 1 700 нафар денгиз пиёдалари) ташкил этувчи бу турдаги қўшинларнинг асосий вазифаси Перу билан чегараларни (шу жумладан Титикака оролини) қўриқлаш, контрабанда ва ноқонуний наркотрафикка қарши кураш олиб боришдан иборат. Денгиз пиёдалари таркибига, шунингдек, 1 000 нафар ҳарбий денгиз полицияси аъзолари ҳам киради. Бундан ташқари, ҲДК «Зангори иблислар» деб номланувчи оператив гуруҳ, SINDA (ҳарбий денгиз разведкаси) хизмати, GRIN тезкор гуруҳи, «Амфибия» номли дайвинг ўқув марказига эга. Денгиз пиёдалари таркибида 6 та амфибия батальони ва 1 та мотопиёдалар батальони бор. Ҳарбий денгиз полицияси эса 4 та батальондан ташкил топган. Қўшин тасарруфида турли русум ва типдаги патруль кемалари ва катерлари, транспорт кемалари, госпиталь кемалари ва танкерлар ҳамда моторли қайиқлар бор.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

 

Информеры