2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАРҚОҚ СКЛЕРОЗ

У қандай касаллик?

Тарқоқ склероз марказий асаб тизимининг тарқоқ неврологик аломатлари билан кечувчи сурункали ва авж олувчи касаллик бўлиб, у асаб тизимида миелин моддаси жароҳатланиши туфайли келиб чиқади. Миелин моддаси бош мия, орқа мия ва периферик асаб тизими нейроглиал ҳужайраларининг асосий таркибига киради ва у оқсил ҳамда липид моддалардан иборат.

Унинг асосий вазифаси – асаб толалари бўйлаб импульсларнинг салтатор равишда ўтишини таъминлашдир. Шунинг учун миелин моддаси жароҳатланса, турли тарқоқ неврологик аломатлар ҳосил бўлади ва ривожланиб боради. Ушбу модда орқали парчаланган жойларни астроцитлар ва мигроглиал ҳужайралардан ташкил топган склеротик (чандиқсимон) тугунчалар эгаллайди. Касаллик кўпинча бошланғич босқичларда хуруж ва ремиссия (тикланиш) аломатлари билан ифодаланади, сабаби миелин моддаси қайта тикланиш хусусиятига эга. Лекин касалликнинг кечки босқичларида склеротик тугунчалари миелин моддаси тикланишига халақит беради ва касаллик сурункали ривожлана бошлайди.

Сўнгги манбаларга кўра, дунёда 3 миллиондан ортиқ бемор тарқоқ склероз касаллиги билан хасталанган. Ҳозир тарқоқ склероз эпидемиологиясини таҳлил қилиш натижасида дунё бўйича 3 та зона аниқланган. Биринчи касаллик жуда кўп учрайдиган зонага Европа ва АҚШ шимоли, Канада ва Австралиянинг жануби, Россия ва Янги Зеландия давлатлари киради. Иккинчи зонага Жанубий Европа, АҚШ жануби ва Африка давлатлари киради. Учинчи зонага эса касаллик жуда кам учрайдиган минтақалар – Осиё, Жанубий Америка ва Жанубий Африка киради (100 000 аҳолига 10 тадан кам). Ушбу минтақалар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Маълумки, ушбу касалликнинг келиб чиқишига кўплаб омиллар сабаб бўлади. Биринчи – об-ҳаво омиллари бўлиб, касаллик кўпроқ совуқ ва сернам жойларда учрайди. Иккинчи – ушбу минтақаларда овқат таркибида баъзи бир мой кислоталарининг етишмовчилиги ҳам касалликнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Учинчи – ирсий омиллар. Агар оилада бирор киши ушбу касаллик билан оғриган бўлса, бу авлодда касалликка чалиниш нисбатан 10 – 15% дан ортиқроқдир. Тўртинчи – вирусоген омил. Касаллик келиб чиқишида вируслар катта роль ўйнайди, деган маълумотлар ҳам мавжуд. Шу жумладан, қизамиқ, герпес ва бошқа вируслар назарда тутилади. Сўнгги текширувлар шуни кўрсатдики, тарқоқ склероз келиб чиқишида баъзи миллатлараро бўлган иммуногенетик омиллар ҳам катта аҳамиятга эга экан.

Тарқоқ склероз сабаблари ҳозиргача аниқ эмас. Лекин шу томони борки, касаллик патогенези яхши ўрганилган. Бу аутоиммун жараён ва унинг асосида бемор организмида ўзини миелинга қарши жароҳатлантирувчи моддалар ишлаб чиқарилиши туради. Сўнгги йилларгача тарқоқ склероз билан оғриган беморга ташхис қўйишда асосан клиник аломатларга таянилаётган эди. Аммо клиник аломатлар асосан, айниқса бошланғич босқичларда жуда ўзгарувчан ва ноаниқ бўлади. Зеро ушбу касалликни тадқиқ қилган таниқли француз неврологи Жан Мартин Шарко склерозни «Катта ёлғончи» деб атагани бежиз эмас. Касалликнинг белгилари қуйидагича: бемор қўлларида интенцион тремор, скандирланган нутқ, нистагм пайдо бўлади. Бирдан кўрмай қолиб, кейин яна кўра бошлаш тарқоқ склероз учун жуда ҳам хосдир. 

Яна бир муҳим жиҳати, тарқоқ склерозда тафаккур узоқ вақтгача сақланиб қолади ёки умуман бузилмайди. Бироқ ҳозирги Ядер-Магнит резонанс компьютер томография усули тарқоқ склерознинг дастлабки даврларини аниқлашда катта ёрдам бермоқда.

Агарда бу текширув натижасида мияда камида иккита склеротик тугунча топилса ва баъзи бир клиник аломатлар аниқланса, ташхис тўғри деб ҳисобланади. Касалликнинг ривожланган босқичларида неврологик аломатлар салбий даражада ўзгариб, нистагм, ҳаракат бузилиши, нутқ ўзгариши, патологик рефлекслар пайдо бўлиши ва психологик ўзгаришлар кузатилади. Умуман олганда, тарқоқ склерозни даволаш жараёнида ечилмаган қийинчиликлар мавжуд. Касалликнинг ўткир даврида махсус схемаларга асосланган гормонал препаратлар (метипред (метилпреднизалон), преднизалон, адренокортикотроп гормон) ишлатилади. Ремиссия даврида эса бўлажак хуружларнинг олдини олиш учун бета-интерферон препаратларидан фойдаланилади. Агар касаллик бошланғич даврида аниқланса, даволаш натижалари ижобий бўлади. Лекин дунёда ҳозиргача тарқоқ склерозни бутунлай даволаш усуллари топилмаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, клиник неврология  бу – жуда кенг ва тез ривожланиб бораётган соҳа ҳисобланади. Невролог олимлар жуда кўп касалликларни даволашда ижобий натижаларга эришмоқда. Умид қиламизки, тарқоқ склерозни даволашда ҳам янги самарали усуллар яратилиб, амалиётга татбиқ этилади. Доимо ўз соғлиғингизга эътиборли бўлинг. Чунки ҳар бир касаллик асосида соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик ётади.

Тиббий хизмат капитани Маҳмуд МУСТАФАКУЛОВ,

Мудофаа вазирлиги Марказийшифохонаси

психоневрология бўлинмаси бошлиғи

Информеры