2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ХОРИЖИЙ ДЕЛЕГАЦИЯ ИШТИРОКИДА ОЧИҚ ДАРС

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 23 август куни таълим соҳасини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган мавзулардан келиб чиққан ҳолда ҳарбий таълим йўналишида ҳам қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштириш дастури асосида чет эллик делегация вакиллари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирокида очиқ дарс ўтказилди.

АҚШ элчихонаси, Жорж Маршалл номидаги Европа хавфсизлик масалаларини ўрганиш маркази ҳамда АҚШ Қуролли Кучларидан ташриф буюрган меҳмонлар академиянинг тиллар кафедраси фаолияти, ўқув-моддий база, ахборот-ресурс маркази, мавзувий аудиториялар ва ўқитувчилар хоналари билан танишди. Тиллар кафедраси бошлиғи полковник Азизжон Тоиров очиқ дарс давомида ҳарбий таълим тизимида амалга оширилаётган замонавий дастурларни намойиш этиш билан бир қаторда делегация вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Очиқ дарснинг иккинчи қисмида академия курсантлари инглиз тили ўқитувчиси Дилдора Насриддинова билан биргаликда ўз билим ва кўникмаларини йиғилганлар эътиборига намойиш қилдилар. Дарснинг тўлиқ инглиз тилида ва замонавий техника воситалари ёрдамида олиб борилиши хорижлик делегация вакилларида илиқ таассурот қолдирди. АҚШ элчихонаси, Жорж Маршалл номидаги Европа хавфсизлик масалаларини ўрганиш маркази ҳамда АҚШ Қуролли Кучлари масъул ходимлари ҳам ўз навбатида халқаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш дастури асосида янгича дастурлари билан академия ўқитувчилари ва курсантларига тақдимот ўтказишди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Информеры