2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«НИМА ЧИЗСАМ, ТАНККА ЎХШАБ ҚОЛАВЕРАРДИ»

Мароқли суҳбат. Бунга кўпчилик интиқ. Охир-оқибат бошни оғритадиган гаплашишдан фарқли равишда унинг якуни енгиллик, руҳий тетиклик. Подполковник Дилшоджон Акбаров билан суҳбатимиз қисқа бўлса-да, мен учун мароқли бўлди. Фидойи кишиларнинг фикр-мулоҳазалари ана шундай таъсир кучига эга.

– Ўқувчиларимизга ўзингизни қисқача таништирсангиз.

– Андижон вилоятида, ишчи оиласида туғилганман. 1998 йилда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртини тамомладим. Техник таъминот бўлинмаларида турли лавозимларда хизмат қилдим. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази техник тайёргарлик цикли катта ўқитувчисиман.

– Ҳарбий бўлишни орзу қиладиган ёшлар орасида учувчи, десантчи ёки махсус бўлинмалар вакили бўлишни хоҳловчиларни кўп учратамиз. Аммо сиз айнан танкчи бўламан, дебсиз...

– Ёшлигимдан техникага қизиқаман. Қўшнимизнинг трактори – энг севимли «ўйинчоғим» бўлган. Ўша пайтлардан танкчиларга ҳавас қилардим. Нима чизсам, танкка ўхшаб қолаверарди. Ўзим хоҳлаган билим юртига ўқишга кирганимда шу қадар бахтиёр эдимки... Ўқишнинг илк дамларида йўналишимни ўзгартиришни таклиф қилишганларида бир сония бўлса-да иккиланмаганман. Ахир орзуим сари йўл олдим-ку, деб. Офицер бўлгач, ота-онам мени «тулпорим» олдида кўрганида ҳам беҳад шод эдим. Сабаби, касбимдан фахрланаман.

– Техника товушидан унинг русумини аниқлай оласизми?

– Албатта. Армиямизда мавжуд деярли барча зирҳли техникаларни бошқара олиш баробарида уларнинг техник имкониятларини ҳам яхши биламан.

– Шахсий автоуловингиз бўлса керак. Қайси бирини ҳайдаш мароқлироқ: танк ё енгил машина?

– Шубҳасиз танк. 42 тоннали техникани бошқариш мазасини фақат шу ишни қилгангина туя олади.

– Ўқитувчиликни кимдир тавсия қилганми ёки бу ўз хоҳишингиз?

– Ўзим шунга қарор қилдим. Ўз тажрибаларим, билимим билан бўлишгим, ҳарбий хизматчиларда техникага бўлган меҳрни мустаҳкамлагим келди.

– Ҳарбий хизмат қаттиққўлликни талаб қилади. Нима деб ўйлайсиз, шогирдларингизга ҳаддан зиёд қаттиққўллик қилиб юбормайсизми?

– Қаҳри қаттиқлик билан қаттиққўлликнинг фарқига бораман. Таълим жараёнида турли усуллар, шу жумладан, қатъийлик ҳам зарур бўлади. Шогирдларимнинг мен ҳақимда салбий фикр билдирганларини эшитмаганман.

– Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинган фармонда давлат мукофоти – «Шуҳрат» медали соҳиблари қаторида сиз ҳам борсиз. Подполковник Акбаровга ташқаридан назар ташлаб, холис айтинг-чи, у кишига медаль нима учун берилди?

– Қизиқ савол. Жавобим олдидан бир илтимос, гапларимни нокамтарликка йўйманг. Менимча, ўз касбига фидойилиги ва садоқати учун. Чин кўнгилдан қилинадиган ишлар бесамар кетмаслигига ишонгани учун. Ажойиб жамоада хизмат қилаётгани ва Ватанини севгани учун...

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ

 

Информеры