2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КАТТА ДАВРАНИНГЮКИ ВА ЮҚИ

Полвонни давра «пиширади». У элнинг кўз ўнгида, ботиб кетадиган ва ботириб юборадиган нигоҳлар қаршисида қанча кўп ор талашса, ҳам жисмонан, ҳам руҳан полвон бўлиб бораверади! Шунинг учун катта давраларнинг юкини ҳамма ҳам кўтара олмайди. Полвон минг тажрибали, устозидан ўша қирқ биринчи усулни-да ўрганган бўлмасин, лекин у катта давранинг ҳаяжонини ҳис этмаган экан, барибир юлдуз санаб қўйиш эҳтимоли юқорироқ. Бунда юк билан бир қаторда у ердан олинадиган юқ ҳам бор. Бу – тажриба, бу – илм, бу – маҳорат, бу – эртанги кун учун ташланган қадам.

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар яқинда ана шундай катта давралардан бирини кўрди. Вакилларимиз Россия Федерацияси Оренбург вилояти «Донгуз» полигонида бўлиб ўтган «Марказ – 2019» стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида муносиб иштирок этди.

Унда юртдошларимиз Россия Федерацияси, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон ҳарбий хизматчилари билан биргаликда машғулотлар олиб борди. Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Тожикистон вакиллари билан асосий эътиборни ўз мамлакатларининг жанубий чегараларида шартли равишда вазият беқарорлашувининг олдини олиш масалаларини биргаликда ҳал этишга қаратди.

Умуман, ушбу ўқув машғулотлари Марказий Осиё ҳудудида халқаро терроризмга қарши курашиш, реал жанг вазиятида топшириқларни ҳамкорликда бажаришда мамлакатлар қўшинларининг гуруҳ (куч)ларини самарали қўллаш борасида айни муддаодир. Шунингдек, мамлакатлар Қуролли Кучларининг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган шайлиги яна бир бор синовдан ўтказилди.

Ушбу ўқув машқларида 100 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Бу, албатта, хориж давлатлари билан ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайиши, жанговар тайёргарлик бўйича тажриба алмашиш ва бошқарув органлари ишларининг ягона алгоритмини ишлаб чиқишда қўл келади. Машғулотларда жами 128 мингга яқин ҳарбий хизматчи, 20 мингдан ортиқ ҳарбий техника ва қуроллар, 600 га яқин учар техника қатнашди.

Ушбу ўқув машғулотларини Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов бевосита хориж давлат вакиллари билан биргаликда кузатиб борди. Машғулотлар сўнгида ишончли ҳаракат қилган вакилларимиз муносиб тақдирланди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Оренбург – Тошкент

 

Информеры