2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАШҒУЛОТЛАР ОРҚАЛИ МУСТАҲКАМЛАНАЁТГАН ДЎСТЛИК АЛОҚАЛАРИ

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар иштирокида «Марказ – 2019» стратегик қўмондонлик-штаб ўқувлари доирасида Шарқий ҳарбий округга қарашли «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида машғулотлар ўтказилди.

Ўқувларнинг очилишида  мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи генерал-майор
П. Эргашев иштирок этди.

Машғулотларда шартли жангарилар тўдасини бартараф этиш сценарийси икки эпизодли кўриниш остида амалга оширилди.

Дастлаб икки давлат ҳарбийларидан иборат махсус гуруҳ шартли душман томонидан гаровга олинган тинч аҳоли вакилларини озод этиш ва улар томонидан эгаллаб олинган ҳудудда тозалаш операциясини бажаришди. Жараёнда тоғ ўқчилари, мерганлар ва вертолёт ёрдамида етиб келган ишғол гуруҳлари зирҳли машиналарда ҳаракатланаётган махсус гуруҳни қўллаб-қувватлаб турди. Гуруҳларнинг ўзаро уюшқоқлик билан ҳаракат қилиши натижасида ҳудуд жангарилардан бутунлай тозаланиб, гаровга олинганлар озод этилди.

Кейинги босқичда машғулот режасига асосан, разведка маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон чегаралари томон ҳаракатланаётган ноқонуний қуролланган шартли жангарилар гуруҳи пайқалганда уларни бартараф этиш амалиёти ўтказилди. Шартли душманнинг қайси давлат ҳудудида эканлиги ноаниқлиги сабаб, икки давлат ҳарбийлари чегара ҳудудларида бир вақтда разведка-қидирув ишларини бошладилар. Махсус-тактик операция давомида икки давлат бўлинмалари ҳарбий авиация, зирҳланган енгил машиналар ва артиллерия кўмагида жангарилар тўдасига қарши пухта ишлаб чиқилган режа бўйича қўққисдан, кенг кўламли зарбалар беришди. Мазкур машғулотда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг биргаликда махсус-тактик амалиётларни олиб бориши террорчилар хуружини бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкония­тини оширди.

Машғулот ўтказилган майдонда тактик ўқувларнинг самарадорлигини ошириш учун шартли чегара ҳудуди ташкил этилиши ҳам машғулотларнинг реал вазиятга яқинлаштирилган ҳолда ўтишини таъминлади. Халқаро стратегик қўмондонлик-штаб ўқувлари олдидан ўтказилган тайёргарлик машғулотлари эса бўлинмаларнинг ўзаро уюшқоқлик билан ҳаракат қилишини ва операцияси самарадорлигини оширди.

Ҳар иккала машғулотга ҳам Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги тез тиббий ёрдам хизмати, Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Чуст тумани ҳарбийлашган ёнғин хавфсизлиги бўлими жалб этилди. Улар операция якунида жангарилардан тозаланган шартли ҳудудда ўзларига қўйилган вазифани бажарди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида ташкиллаштирилган «Марказ – 2019» қўмондонлик-штаб стратегик ўқувлари муваффақиятли якунланди ва иштирокчилар «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида саф тортишди. Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида Мудофаа вазирлиги масъул офицери полковник Шавкат Мамажонов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Нурматов, вилоят ёшлари, фахрийлар ва Тожикистон Республикаси қуруқликдаги қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ихтиёр Охунзода сўзга чиқди.

«Марказ – 2019» қўмондонлик-штаб стратегик ўқув машғулотларида ўз профессионал маҳоратини намойиш этган ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар икки давлат Мудофаа вазирлигининг эсдалик совғалари ҳамда дипломлари билан тақдирланишди. Хулоса қилиб айтганда, «Ғурумсарой» икки қардош юрт вакилларининг дўстона муносабатларга йўғрилган ҳамкорлик алоқалари майдонига айланди. Бу дўстона муносабатлар стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари давомида ташкиллаштирилган маданий дастурлар ва водийнинг гўзал шаҳарларига уюштирилган саёҳатлар билан янада мустаҳкамланди.

Машғулот сўнгида унда иштирок этган фаол ҳарбий хизматчиларнинг фикрлари билан қизиқдик. Шулардан бири тоғ тайёргарлиги бўйича йўриқчи сержант Алишер Ражабов.

– Бугун эришган муваффақиятимизни узлуксиз бажариб юрган машқларимиз ва командирларимизнинг доимий кўрсатмалари натижаси, деб биламан. Жараёнда машқлар умуман қийинчилик туғдирмади, десам бир оз ҳақиқатга тўғри келмайди. Негаки, қўмондонлар кузатувида бу ишни амалга ошириш бизлардан катта масъулият талаб этди. Шу томони билан бугунгисини доимий машғулотлардан кўра жиддийроқ кечди, дейишим мумкин.

– Ўзингизга бириктирилган вазифани аъло даражада бажаришингизга сабаб бўлган омил нимада, деб ўйлайсиз?

– Аввало, Ватан олдидаги муқаддас бурч туйғуси бош омил бўлди. Чунки биз юртимизга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай хуружни бартараф этишга ҳамиша тайёр туришимиз лозим. Стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари давлатларимиз ҳамкорлигидаги террорчиликка қарши курашишнинг навбатдаги босқичида амалга оширилган тадбирлардан биридир.

– Топшириқни бажариш пайтида гуруҳ машғулот режасидан бошқачароқ тарзда ҳаракат қилишига тўғри келса...

– Воқеалар содир бўлаётган ҳудуд ва унинг ривожи ёки тактик вазиятдан келиб чиқиб, топшириқ режасини ўзгартириш мумкин. Бу етакчиларнинг салоҳиятига, тиғиз вазиятларда тезкор ва ностандарт қарорлар қабул қила олиш қобилиятига боғлиқ. Бунда, албатта, бажарилаётган операциянинг муваффақиятли чиқиши учун гуруҳимиз ҳар бир аъзосининг фикри инобатга олинади.

 

Навбатдаги суҳбатдошимиз Тожикистон Қуролли Кучлари вакили подполковник Парвиз Боев.

– Нима деб ўйлайсиз, «Марказ – 2019» стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларида тожикистонлик ҳарбийлар кўзлаган мақсадига эришдими?

– Албатта. Негаки, ҳарбийларимиз «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида ўтказилган машғулотлар орқали террорчиликка қарши курашиш бўйича бой тажрибага эга бўлишди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бу ерда стратегик жиҳатдан жуда пухта режалаштирилган ўқув машғулотларини ташкиллаштирди. Мазкур машғулотга тожикистонлик ҳарбийлар ҳам таклиф этилганидан хурсандмиз. Бундай ҳарбий ҳамкорлик давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатни янада мустаҳкамлайди.

– Машғулотларни ўтказиш учун танланган ҳудуд сизларга ноқулайлик туғдирмадими?

– Юқорида таъкидлаганимдек, «Марказ – 2019» қўмондонлик-штаб стратегик ўқув машғулотлари жуда пухта режалаштирилган. Танланган ҳудуд ҳам машғулот савияси ва самарадорлиги ошишини таъминлади. Шунингдек, ўзбекистонлик ҳарбийлар намойиш этган кўргазмали дастурда бизнинг вакилларимиз ҳам қатнашгани террорчиликка қарши кураш дастуримизни мукаммаллаштиришдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

– «Ғурумсарой»да ўтказилган стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтган йили Тожикистоннинг Сўғд вилоятида бўлиб ўтган ҳамкорликдаги ўқув машғулотларидан фарқ қилдими?

– Бу сафар икки давлат ҳарбийлари ўртасида террорчиликка қарши кураш, минтақада тинчликни сақлаш, чегара ҳудудларини бузиб ўтган ноқонуний қуролланган гуруҳларни тезкор разведка маълумотлари асосида аниқлаш ва бартараф қилиш машқлари янги дастур бўйича, кенг қамровда амалга оширилгани билан ажралиб туради, менимча. Албатта, муваффақиятли ўтган бу сафарги машғулотлар ҳар икки давлат ҳарбийларини хотиржамликка берилмай, аксинча ҳамкорликдаги режаларнинг келгуси босқичлари устида янада пухтароқ ўйлашга, бу каби ўқувларни замонавий талаблар асосида такомиллаштириб боришга ундайди, деб ўйлайман.

 

Асрор РЎЗИБОЕВ 

Информеры