2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЧАҚИРИЛУВЧИЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШ – ШАФФОФЛИК, ОШКОРАЛИК, ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

Жорий йилнинг 9 апрель куни «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш, муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини янада такомиллаштириш, чақирилувчиларни танлаб олишда шаффофлик, ошкоралик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинган эди. Ушбу қарор мудофаа ишлари бошқармаларининг чақирилувчилар билан ишлаш жараёнида туб бурилиш ясади, десак муболаға бўлмайди. Айни кунда Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар мазкур қарор ижросини таъминлашга қаратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда танлов кенгаши ҳақида анчагина сўз боради. Танлов кенгашининг таркиби, мақсади ҳақида Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасининг чақирув бўлими бошлиғи ўринбосари Зокир Шермамадов шундай дейди:

– Танлов кенгаши Низомда белгиланганидек туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тузилади. Танлов кенгаши чақирилувчиларни танлаб олиш мақсадида чақирилувчиларнинг ҳужжатларини ўрганиш, уларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, касбий танлов ўтказиш ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш тадбирларини ташкил қилади. Мазкур тадбирларни ўтказиш жойлари туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан белгиланади. Тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши учун Танлов кенгаши масъулдир. Таркиби қуйидагилардан иборат: танлов кенгаши раиси – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аъзолари – туман (шаҳар) халқ таълими бўлимининг мудири ўринбосари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси вакили, Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши вакили, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, умумий ўрта таълим муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари, чақирилувчиларнинг ота-оналари орасидан вакиллар. Танлов кенгашининг бу тахлит таркибда фаолият кўрсатаётганлиги чақирилувчиларни танлаб олишда шаффофлик, ошкоралик ва жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Умумжисмоний тайёргарлик

Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди. Соддароқ қилиб айтганда, танловни уч босқичга бўлиш мумкин. Биринчиси – чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси. Бунда чақирилувчилар куч, тезлик, чидамлиликни аниқловчи нормативларни топширадилар. Булар – турникда тортилиш, 100 метрга югуриш, 3000 метрга югуриш. Мазкур жараённинг юксак савияда ўтишини таъминлаш учун умумий ўрта таълим муассасаларининг спорт заллари ва майдонларидан фойдаланилади.

Битта 2 (қониқарсиз) баҳо олган чақирилувчи умумжисмоний тайёргарлик нормаларини бажара олмаган ҳисобланади ва такроран топширишга рухсат берилмайди.

Бу жараёнда чақирилувчилар учун баҳолар қайдномаси расмийлаштирилади. Унда бажарилган нормативлар ва қўйилган баҳолар қайд этилади. Қайднома танлов кенгаши аъзолари томонидан имзоланади. Чақирилувчи ҳам ўз навбатида қўйилган баҳолар билан танишгач, имзолайди.

Умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топширмаган чақирилувчилар навбатдаги касбий танлов тадбирларига қўйилмайди.

Касбий танлов

Бу танлов учун саволлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилади ва компьютерга жойлаштирилади. Ушбу танлов заруратга кўра таълим муассасаларининг компьютер хоналаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Саволлар сони 60 та. Жавоб бериш учун 1 соат 30 дақиқа вақт ажратилган. 45 та ва ундан кам жавоблар учун 2 (қониқарсиз) баҳо қўйилади. Ва бунда ҳам такроран топширишга рухсат берилмайди.

Саволлар умумий ўрта, ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълими фан дастурларидан олинади. Эътиборли томони шундаки, танлов жараёнининг шаффофлиги, ошкоралигини таъминлаш, уни ота-оналар тўғридан-тўғри кузатиб боришлари учун компьютер хонаси видеокузатув камералари билан жиҳозланиши талаб этилади.

Мухтасар қилиб айтганда Низом талаб ва шартлари адолат тамойилига асосланган.

Якка тартибда суҳбат

Бу жараённи ҳам ота-оналар видеокузатув камералари орқали кузатиб бориш имкониятига эга бўладилар. Якка тартибда суҳбат хонаси тайёрлаш учун мудофаа ишлар бошқармаси ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими бошлиғи шахсан масъулдир.

Якка тартибда суҳбат ўтказишда Ўзбекистон тарихи, Амир Темур («Тузуклар») ва бошқа улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, чақирилувчининг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка ёки муддатли ҳарбий хизматга боришдан мақсади, етакчилик, ақлий қобилияти ва бошқа муҳим профессионал хусусиятларини аниқлашга эътибор қаратилади.

Юқоридаги ҳар учала жараён ҳам чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади. Мудофаа вазирлиги эса Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан ҳамкорликда танлов тадбирларининг ўз вақтида, холисона ўтказилишига амалий ёрдам кўрсатади.

– Чақирув жараёнларида адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қиладиган янгиланиш ва ўзгаришлар кўп, – дейди биз билан суҳбатда Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасининг чақирув бўлими бошлиғи подполковник Элбек Умрзоқов. – Вазирлар Маҳкамасининг қарори том маънода халқ ва армия якдиллигини амалда намойиш этади. Эътибор берган бўлсангиз, аввалги йиллардан фарқли равишда Халқ таълими вазирлигининг чақирув жараёнларига ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Эндиликда жамоатчилик назорати, жамоат ташкилотларининг иштироки ҳам номигагина бўлмайди. Бугун ёшларимиз орасида ҳарбий хизматга қизиқиш янада ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида кучли рақобатни келтириб чиқаради. Ва бунинг натижасида танлов натижаларидан норизолик ҳолатлари ҳам келиб чиқиши мумкин. Ана шундай ҳолларда чақирилувчи танлов натижаси эълон қилинганидан кейин уч иш куни давомида апелляция комиссиясига ёзма равишда мурожаат қилиши мумкин. Апелляция мурожаатларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, «Нуроний» жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари вакилларидан иборат комиссия кўриб чиқади.

Ҳа, тизимда янгиланишлар бисёр. Биз эса вақти-вақти билан танлов жараёнларини ёритиб, ўқувчиларимизни бохабар қилиб турамиз.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры