2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ВАТАНГА ҚАСАМЁД»

«Ҳумо арена» мажмуасида жаранглади

Тошкент шаҳридаги муҳташам «Ҳумо арена» мажмуасида «Ватанга қасамёд» матни моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли маданият ва санъат усталари, Қуролли Кучлар фахрийлари билан бир қаторда Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси, Тошкент гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм, муассасалар ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, курсантлар, мактаб ўқувчилари ва чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги «Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, «Ватанга қасамёд» матни мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш орқали ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Мажид Умаров, мазкур кенгаш аъзоси, кинорежиссёр Ҳилол Насимов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Нодир Жонузоқ ва бошқалар «Ватанга қасамёд» матни янада такомиллашиб, мазмунан бойиганини алоҳида таъкидлади.

Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли концерт дастури билан иштирок этди.

Қуролли Кучлар академияси курсантлари «Ватанга қасамёд» матнини ўқиб эшиттиргач, академиянинг фахрий қоровул ва ҳарбий оркестр жамоалари ўзига хос кўргазмали чиқишларни намойиш этди. Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

 

Информеры