2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«АЛ-ҲАКИМ»ДАГИ ЧЕВАРЛАР

Сафар инсонга кўп нарса беради. Чунончи, янги таассуротлар, билимлар ва албатта, янги режалар. Водийнинг сўлим Андижон вилоятига сафаримиз Жалақудуқ туманидан бошланди. Ўтмишда сувга сероб қудуқларга макон бўлган бу масканда меҳнаткаш, эртанги кундан умиди катта инсонлар истиқомат қилишади.

– Умрим одамларнинг дардини тинглаш, кўмак истаб чўзилган қўлларга ёрдам бериш билан ўтяпти, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Малика опа Юсупова. – Туманимизда 182 мингдан ортиқ аҳоли бўлса, шулардан 87 минг нафари хотин-қизлардир. Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Ёлғиз, боқувчиси йўқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни ҳимоя қилиш, тадбиркор, ишбилармон, олима аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида режали ишлар олиб боряпмиз. Шу билан бирга, хотин-қизлар тадбиркорлар томонидан ташкил қилинаётган ишлаб чиқариш корхоналарига жалб қилиняпти. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари алоҳида эътиборга олинган.

Ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона ва цехлар ишсизликни камайтириш борасида етакчилик қилмоқда. Шулардан бири «Ал-Ҳаким» МЧЖ бўлиб, вилоят бўйлаб ўз филиалларини очиб, трикотаж кийимлар тикиш борасида тилга тушмоқда. Жалақудуқ туманидаги бўлимнинг ҳарбий шаҳарчада жойлашгани юртимиз посбонларининг оила аъзолари бандлигини таъминлашга, аёлларни ҳунарли қилишга яқиндан кўмак бермоқда.

– Бу ерга уч йил олдин келган эдик, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Юнус Худойқуловнинг турмуш ўртоғи Феруза Раҳмонова. – Шу йиллар ичида уйда ўтирдим. Яқинда шаҳарчамиз ёнида цех очилди. Тикувчилик ҳар бир аёлнинг қўлини, рўзғорини безайди. Ярим йилдирки, шу цехда дугоналаримиз билан ишлаб, рўзғоримиз тўкинлигига ҳисса қўшиб келмоқдамиз. Иш жойимизнинг уйимизга яқинлиги, шароитларнинг яхшилиги самарадорликнинг ошишига хизмат қилмоқда.

– Хўжаободдаги асосий корхонанинг филиали Бахтиёр Тошболтаев раҳбарлигида очилди, – дейди иш юритувчи Феруза Тўхтаохунова. – Айни пайтда етмиш нафар хотин-қиз иш юритаётган бўлса, шулардан 30 нафари ҳарбий хизматчиларнинг оиласидир. Ҳозирда эркакларнинг қишки кийимларини тикиш билан бандмиз. Ишчилар иссиқ овқат билан таъминланади. Ойлик маошлари сон ва сифат даражасига қараб оширилади. Маҳсулотларимиз хорижга ҳам экспорт қилинади. Айни пайтда Қирғизистон, Россия, Қозоғистон каби давлатлар билан шартнома тузганмиз.

Юртимизнинг турли гўшаларидан келиб, оила бошлиғининг хизмати туфайли, ҳарбий шаҳарчада дўстлашиб кетган бу аёлларнинг аҳиллигига ҳавас қилдик. Вақти серунум ўтаётган чевар аёлларимизнинг қўли сира толмасин.

Наргиза АСАДОВА

Информеры