2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУАММОЛАР ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА

– Бу ерга келишдан аввал кўп ўйладим, чунки аксарият кишилар каби сайёр қабулларда муаммолар бирдан ҳал бўлмайди, деган фикрда эдим, – дейди тадбиркор Дилшода Фозилова. – Кўп йиллардан бери тикувчилик билан шуғулланиб келаман. Сайёр қабулга келишимдан мақсад, ҳарбий шаҳарчада ҳарбий хизматчилар учун кийим-кечаклар тикув цехи очиш ҳамда ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлашдан иборат эди. Барча ҳужжатларим тайёр бўлганлиги учун сайёр қабулнинг ўзида менга тикув цехи учун ер ажратилди.

Тошкент вилояти, Ангрен туманидаги ҳарбий қисмларнинг бирида Мудофаа вазирлиги ва Тошкент ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилган сайёр қабулни кузатар эканмиз, юқоридаги каби муаммолари ижобий тарафга ҳал бўлган юртдошларимизни кўплаб учратдик. Жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқотларда фуқаролар халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича йўлга қўйилган янги тизимдан мамнун эканликларини, бу уларнинг турли йўналишдаги муаммолари қонун доирасида тез ҳал бўлишига хизмат қилаётганини таъкидламоқда.

– Бундай очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ишимизга танқидий ёндашиб, халқ билан янада яқин бўлишимизга хизмат қиляпти. Уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш асносида ҳудудларнинг ҳар томонлама ривожланишида нималарга аҳамият бериш кераклигини, ҳарбий хизматчилар учун яна қандай қулайликлар яратиш зарурлигини билиб олмоқдамиз, – дейди Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокир Сайфудинов. 

Сайёр қабулда ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари мурожаатларини ўрганишга Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлигининг бўлим ва хизмат бошлиқлари, «Халқ банки» Ангрен шаҳри филиали, Ангрен шаҳар давлат хизматлари агентлиги, меҳнат ва бандликни таъминлаш маркази, тиббиёт бирлашмасининг Ангрен шаҳри бўлими, Мажбурий ижро бюроси ва бошқа масъул ташкилотлар қатнашди. Сайёр қабулда ҳар бир соҳа доирасидаги муаммолар муҳокамаси, фуқаролар ва тегишли соҳа мутасадди вакиллари учун юзма-юз мулоқотлар ўтказиш мақсадида алоҳида жойлар ташкил этилди. Мулоқотнинг бундай самарали ташкил этилиши аксарият муаммоларнинг жойида ҳал қилинишига хизмат қилаётир.

А. ЖОЛДАСБАЕВА.

Адлия капитани Осим УМАРОВ,

Тошкент ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси

Информеры