2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙЛАР САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Мудофаа вазирлиги Санитария-эпидемиология назорат марказига янги, замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди. Ўрнатилган жиҳозлар аллақачон ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини кўрикдан ўтказишда қўл келмоқда. Масалан, полиограф — ҳаво таркибидаги оғир металларни, соғлиққа салбий таъсир этувчи тузларни тозалайди. Бунинг ёрдамида хона жарроҳлик амалиётини ўташ учун тайёр ҳолга келади. Сув молекуласини текширувчи фильтр аппарат эса ҳарбий бўлинмалардан келтирилган сувларни текшириб беради.

– Марказнинг бактериология ва вирусология бўлимларига келтирилган жиҳозлар соҳага ва ҳарбийларимизнинг соғлиғига қаратилган юксак эътибор намунасидир, – дейди бактериология лабораторияси бўлими бошлиғи тиббий хизмат майори Машҳура Имомназарова.

Дарҳақиқат, келтирилган асбобларнинг алоҳида муҳим вазифаси бор. Жумладан, биологик хавфсизлик жавони ҳаво томчи йўли билан юқадиган юқумли касалликларни аниқлайди.

Яна қандай янги ускуналар борлигини билиш учун соҳа мутахассисларига мурожаат қилдик.

– Анализатордан вирусли гепатитнинг Б, С турлари ва орттирилган иммунитет вирусини аниқлашда фойдаланилади, – дейди вирусология лабораторияси бошлиғи, тиббий хизмат майори Илҳом Мирзакаримов.

Марказ раҳбари, тиббий хизмат подполковниги Холмамат Норбоев: «Бизга ҳамма имкониятлар яратиб берилди. Фақат ва фақат ишлашимиз керак», дейди.

Санитария-эпидемиология марказида пуллик хизмат ҳам жорий этилган бўлиб, қувонарли жиҳати, у фақат ҳарбийлар эмас, юртимизнинг барча фуқароларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Касални даволагандан кўра унинг олдини олиш яхшироқ, деб бежиз айтмаган доно халқимиз. Соғлиқ посбонлари туну кун хизматимизда. Бироқ соғлиғимизга аввало, ўзимиз масъул бўлайлик.

Шоҳсанам НИШОНОВА

Информеры