2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЭНГ ҚАДРЛИ НЕЪМАТ

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Олмос маҳалласида жойлашган ҳарбий шаҳарчада ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳамда ҳарбий прокуратура билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Дастлаб Тошкент ҳарбий прокурори катта ёрдамчиси адлия подполковниги Шерзод Ҳайитов иштирокчиларга бугун мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг ҳуқуқлари ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ва Яшнобод тумани 31-сонли оилавий поликлиника шифокорлари иштирокида амалга оширилган тиббий кўрикда Олмос маҳалласида истиқомат қилаётган ҳарбий оила бекалари ва фарзандлари чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилди.

ҲҲМҚ ва ҲҲК қўмондонлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Дилбархон Ҳусанова ҳарбий оила бекалари ва фарзандлари учун баҳорги ва кузги тиббий кўрикнинг аҳамияти, тиббий текширувлардан ўтишга бепарво бўлмаслик, айниқса, болалари саломатлигига эътиборли бўлиш муҳимлигини таъкидлади.

– Тиббий текширувда тўрт фарзандим билан иштирок этяпман, – дейди катта сержант Санжар Маҳкамовнинг турмуш ўртоғи Дилрабо синглимиз. – Мен аввало, ушбу тадбирни уюштирганларга ҳарбий оила бекалари номидан ўз миннатдорлигимни билдираман. Чунки ўндан зиёд малакали шифокорларни шаҳарчамизга келиб, саломатлигимиз борасида жон куйдиришлари барчамизни қувонтирди. Негаки, болаларни етаклаб поликлиникага боришга гоҳида қунт қилмаймиз. Қачонки, ўзимиз ёки фарзандларимиз касал бўлсагина шифокорга боришга мажбур бўламиз. Бу текширув кўплаб касалликларнинг олдини олишда ҳам катта аҳамиятга эга. Шифокорлар томонидан берилган маслаҳат ва тавсиялар болаларимизни соғлом катта қилишда жуда муҳим.

Ушбу чуқурлаштирилган тиббий-кўрик кўплаб оналар ва болалар саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.

Зулфия ЮНУСОВА,

Адлия капитани Гулчеҳра ТУРСУНОВА,

Чирчиқ ҳарбий прокурори ёрдамчиси

Информеры