2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚЎШИҚҚА СИҒМАЙДИГАН АЗОБ

 

Элларда қадимдан уч хил қўшиқ бор,

Уларда ғам ила шодиёналар.

Биринчиси қувноқ кўп жозибадор,

Буни алла айтиб, тўқир оналар.

Оналар қўшиғи иккинчиси ҳам,

Буни фарёд айтиб айтади улар –

Фарзанд тобутини қучоқлашган дам...

Учинчиси, жами қўшиқлар.

                                                                                  Расул ҲАМЗАТОВ

 

 

Миш-миш

Мен Нуротада, отам ҳайдовчи Нажмиддин бобо Қаршиев, энам  Ҳалима Қаршиева оиласида тўққизинчи кенжа фарзанд бўлиб вояга етдим. Биз етимлик кўрмадик, ота-она дийдорига тўйиб ўсдик. Бугун ота-онадан айрилгач (отам 84, онам 90 ёшдан ошиб ҳаётдан кўз юмди), дийдор азобини ҳис этаяпман. Энам раҳматли етим ўсган, шу боис ҳеч кимга бу азобни раво кўрмас эди. Кўнгли  ўксик энамнинг акаси Эшқобил Аннақулов иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган, бедарак кетган. Бир даврда ҳамқишлоқлар тоғамни бегона юртларда кўриб қолгани, бир одамнинг молини боқиб юргани ҳақида гапиради, энам ҳужжатим йўқ, борсам қамаб қўяди, деб боролмайди. Кейинчалик, балки акам ростдан тирикдир, деб хўрсиниб қўярди энам. У пайтлар биз бола эдик.

Мен улғайиб, журналистикада ўқиб, пойтахтда қолдим. Кўп йиллар Ўзбекистон радиосида ишладим. У бу ёзган нарсаларим матбуотда эълон қилинди. Воқеалар ривожини қарангки, уруш тугаганига  70 йилдан кейин  (бу пайтда энам раҳматли 90 дан ошган эди) Эшқобил тоғамиз тириклиги тўғрисида миш-мишлар пайдо бўлди.

Бу гапни Сирдарё вилоятининг Меҳнатобод қишлоғига Нуротадан кўчиб бориб яшаб қолган биродарлар айтишган. Шу гап уруш билан боғлиқ қанча азобларни тирнаб юборди. Эмишки, тоғамиз Қўқон шаҳрида  бошқа исм билан яшаб юрганмиш, бола-чақаси бор эмиш, миш-миш.

Хуллас, тоғани излай бошладик. Қўқонга бир неча қариндошларимиз бориб, уни-буни суриштирган бўлди. Орадан 70 йилга яқин вақт ўтаяпти, дейлик, ростдан ҳам бошқа фамилия билан яшаб юрган бўлса? Наҳотки, Нуротага – киндик қони тўкилган юртига жигарларини излаб, бир маротаба ҳам келмайди?

Қўқон Нуротадан узоқми?

Бу муаммо менинг ҳам юрак-бағримни эзиб юборди. Охири, бу гапни бошлаб қўйган одамларни излаб Меҳнатободга бордим. Суҳбатлашдим. Эканки, ўша юртдошимиз қайси бир йили Қўқонга ҳарбийда бирга хизматда бўлган дўстининг тўйига борибди. У нуроталик бир геолог одам шу ерда кўп йил яшаб қолганини, у киши Нуротанинг Ҳасанбойми, Ҳасанотами деган қишлоғида туғилиб ўсганини, кейин Қўқондан кўчиб кетганлиги, ҳозирда қаерда яшаши номаълумлигини билдирди. Албатта, тўйда, «қиттак-қиттак» ҳам бўлиб, қолганини эслай олмаслигини айтди. Бу хотираларнинг бир чеккасини бизнинг Меҳнатободдаги қурувчи поччамиз эшитиб, номаълум геолог – йўқолган тоғамизга айланиб, гап чувалашиб қишлоққа етиб борибди. Бор-йўғи шу.

Менимча, яхшигина бадиий ҳикояга туртки бўлади. Хуллас, тоғамиз топилмади. 90 дан ошган энам раҳматли, тоғам ва холамнинг кўнгил яраси азобли тирналди. Ҳатто аламига чидолмаган энам раҳматли хаёл суриб ўтириб, «Болам, Нуротадан Қўқон узоқми?» деб сўраб қоларди.

Энам Ҳалима Қаршиева 90 ёшдан ошиб ҳаётдан кўз юмди. У киши айтган  бир гап сира ҳам эсимдан чиқмайди. «Биз етимлик, йўқчилик ва уруш азобини кўрдик. Болаларим, сизлар бу азобни сира кўрманглар!» Мен эса етимлик ва уруш азобини ҳеч кимса, тили ва миллатидан қатъи назар бутун инсоният кўрмаслигини истардим.

Уруш одамлари

Уруш инсонни нафақат тоб­лайди, балки у инсоннинг бутун дунёга, яшашга, ҳаётга муносабатини ўзгартиради. Уруш туфайли инсон қалбидаги ички туйғу, мақсаду аъмоли, ўзлиги намоён бўлади. Ким сотқин, ким Ватан учун жонини тиккан, ким ўзини ўтга-чўққа урган, барини аён қилади. Урушни бошлаган ҳам инсон, жабрини тортаётган ҳам инсон. Эҳтимол, инсон қалбида фақат эзгулик яшаганида, у жаҳолатга берилмаганида, чиркин иллатлар – одам ўлдириш, босқинчилик ва зўравонлик каби ваҳшийликка берилмаганида...

Бу фикрлар ёзувчи Назар Эшонқулнинг «Уруш одамлари» қиссасини ўқиганимдан буён мени сира тинч қўймайди. Бу қиссани ўқиганимда Нуротанинг тоғларида қўй боқиб юрардим. Асар қаҳрамони ориятли, довруқли полвон урушга кетади. Унинг қишлоқда болалари билан қолган хотинига урушдан қайтиб келган Мирзақул раис ёшликда ошиқ бўлган эди. Аммо қўли етмаган. Анзиратга полвоннинг ошиғи олчи тушган эди. Полвоннинг хотини касал боласини қушноч кампирга олиб боради, кампир товуқ сўйиб едиришни маслаҳат беради. Товуқ  қишлоқда ёлғиз Мирзақул чўлоқ раисда бор. Товуқ сўраб борган Анзиратни чўлоқ раис алдаб домига илинтиради.

Урушдан қайтган полвонни кўриб, хотини унча суюнмайди. Хиёнати аён бўлгач, полвон тоғу тошга бош олиб кетади. Афтодаҳол юрган полвонга одамлар буни хотини атай қилмаганини, касал боласини даволатаман, деб маккор раиснинг домига илингани, уни кечиришини, ҳаётда нималар бўлмаслигини, бунинг барчасига уруш айбдор эканлигини айтишади. Милтиқни олиб, Мирзақул раисни отаман, деб чопган полвоннинг кўзига минглаб урушни бошлаган маккорлар кўринади. У наъра тортади. Бу фақат орият азобида бўкирган аламзада полвоннинг овози эмас эди, у уруш туфайли азоб тортган бутун бошли инсониятнинг чинқириғи эди, аслида.

64 дона тилла

Ўтган йили Қизилқумга, Томди туманига борганимда олтин билан боғлиқ дўстнинг дўстга содиқлиги тўғрисида бир воқеани эшитдим. Томдининг Керегетау овулида ажойиб инсон, «Дўстлик» ордени соҳиби, нуроний отахон Сотиболди Айдарбеков яшайди. У кишининг айтишича, урушга Керегетау овулидан бир киши сафарбар қилинибди. У урушда ҳалок бўлган немис аскари сумкасидан 64 дона тилла топиб олибди. Тиллаларни сумкасига солиб яширган қозоқ биродаримиз бир неча кун ҳузуридан айрилибди. Охири тиллани бир рус ўртоғига кўрсатибди. Уни тишлаб кўрган сафдоши ҳақиқийлигига амин бўлгач, агар уруш тугаса, тиллани тенг иккига бўлиб олишни аҳдлашибдилар. Жанг ўз номи билан жанг. Урушда рус дўстини йўқотиб қўйган аскар бошидан яраланиб, госпиталга тушибди. Оғриқ азоб берса-да, кўзи мудом сумкадаги олтинларда бўлибди. Дўстини топиш илинжида юрган ярадор аскарнинг тушига отаси кириб, «болам, сумкадаги олтинларни отиб юбор, бошқага буюрмаган нарса сенга ҳам буюрмайди», дебди. Отасининг гапини икки қилолмаган ярадор аскар тиллаларни сумкаси билан госпиталь ҳовлисига ирғитибди.

Ўша одам урушдан соғ-саломат келиб, овулимизда ота-бобомизнинг касбини қилиб қўй боқди, фарзанд кўриб 70 ёшдан ошиб ҳаётдан кўз юмди, дейди Сотиболди ака. Кимки иймонли, эътиқодли, виждонига содиқ қолса, Оллоҳ ундан марҳаматини аямайди. Овулдошимиз тақдирида тилладан кўра катта бойлик – умргузаронлик бахти бор экан.

Ўлжабой ҚАРШИЕВ

 

Информеры