2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САҲНАНИ СЕҲРЛАГАН САЛАМАТ

«Ҳа, офарин болам, узоқ яша, истеъдодингга кўз тегмасин, қара, қандай маромига келтириб айтяпти», дея унга жўр бўлиб, узоқдан кузатиб турган бобонинг гаплари қулоғимга чалинди. Хизмат сафари билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округга келганимда, байрам устидан чиқиб қолдим.

Қўлида қорақалпоқ миллий соз-асбобларидан бири қўбизда «Алпамыс», «Едиге», «Шаряр», достонларини айтиб, устидаги миллий либослари билан ҳаммадан ажралиб турадиган бу йигитни қорақалпоқ ўлкаси яхши танийди. Чунки байрам ёки тадбирларда Саламатнинг ўрни бўлак. Қорақалпоқ халқининг таниқли, ёш истеъдод эгаларидан бири, жиров Саламат Аяпов йигитлик бурчини ўташ учун муддатли ҳарбий хизматга келган экан. Шу ерлик бўлганим учун  яхши танийман.

– Аскарлик муборак, оға, – дедим унга. – Сизни бу ерда кўраман, деб ўйламагандим. ҳарбий либосда ўзингиз ижро этган достонлардаги қаҳрамонларга ўхшабсиз.

– Ҳарбий бўлиш барча эр йигитларимизнинг орзуси. Йигит киши бор экан, ҳеч бўлмаса болалигида, ҳарбий бўламан, дейди. Ҳарбий хизматга келиб, Ватан ҳимояси ва Ватан тўйғусини чинакамига англадим. Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир. Ҳарбий хизматчиларимизнинг машаққатли фаолиятини кузатиб билдимки, саҳнада «Ватан» дея кўйлаш бошқа-ю, унга жонфидо қилиш бошқа экан. Чиндан ҳам армия эр йигитларни тарбиялар экан.

Қорақалпоғистон Республикасининг энг олис туманларидан бири Қўнғиротнинг кенг далаларида санъатга уйғонган меҳр-муҳаббат уни Нукусга етаклайди. Шаҳар ўз номи билан шаҳар-да. Нукус унинг янги қирраларини очиб беради, имкониятлар кенгаяди. Устозидан жировчилик санъати сирларини қунт билан ўрганиб борган Саламат Аяпов 2011 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети педагогика факультетига ўқишга қабул қилинади. Бу ерда устозлари Қурбанбай Заретдинов ва Артиқбай Ережеповдан сабоқ олади.

У халқаро ва республикамиз миқёсида ўтказилган танлов, фестивалларда  юқори натижалар кўрсатиб келмоқда. 2011 йил Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани, Бўстон шаҳрида бўлиб ўтган О. Худойшукуров хотирасига бағишланган «Нафосат бўстоним маним» номли анъанавий VII республика кўрик-танловида 1-ўрин соҳиби  бўлди ва диплом билан тақдирланди. 2012 йили Қорақалпоғистон Республикаси, Элликқалъа туманида ўтган фестиваль лауреати, ўша йили республика ёшлар танловининг лауреати бўлади. 2012 йил 24-26 май оралиғида Бошқирдистон Республикаси, Уфа шаҳрида бўлиб ўтган «Урал моно – 2012» халқаро фестивалида қатнашиб, халқимизнинг жировчилик санъатини чет давлатларга ҳам кўрсатиб келди.

– Венгрияликларнинг миллий меросларимизга, санъатимизга қизиқиши баланд бўлди, – дейди 2012 йили 10-12 август оралиғида Венгрия Республикасининг Будапешт, Вугас, Балатон шаҳарларида бўлиб ўтган «Турон халқлари қурултойи» фестивалидаги таассуротларини эслаб. – Қўлимдаги қўбизни кўриб, ўргатишимни сўрадилар. Фестивалда миллий кийимларимиз ҳаммадан ажралиб турарди. Саҳнага чиққанимда бутун томошабин олқишлаб кутиб олди. Бир-биримизнинг тилларимизни унчалик тушунмасак-да, лекин санъат бизни ўзаро боғлаб турганлигини сезардик.

Саламат 2017 йили «Ниҳол» мукофоти совриндори бўлди. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида «Энг яхши миллийлик» номинацияси бўйича диплом билан тақдирланди.

Мустақиллигимиз байрами арафасида Саламат яна совриндор бўлиб қайтди. Туркманистон Республикаси, Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган «Аваза. Қўшиқ, соз ва фольклор» фестивалида қатнашди ва диплом билан тақдирланди.

– Мактаб пайтларимда мусиқа дарсига меҳрим бошқача бўлган, – дейди қаҳрамонимиз. – Ҳафтанинг ҳар шанба кунини байрамдек кутиб олардим, чунки шу куни мусиқа дарси бўларди. Мусиқа фани ўқитувчимиз Турганбай Атамуратов дарсда қўшиқ айттиришни яхши кўрарди. Санъаткор бўласан, дерди менга. Устозимнинг бу сўзларидан ўзимга ишонч туйғуларини туйдим, олдимга катта мақсадлар қўйдим. Биринчи бор 2008 йили М. Кори-Якубов номидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг республика танловида 1-ўринни қўлга киритганимдаги қувончимни сўз билан ифода этолмайман. Дастлаб ижодимни эстрада йуналишида бошлаганман. Сўнг Нукус маданият ва санъат коллежидаги устозим, Қорақалпоқ халқ жирови Бақберген Сиримбетов овозим йўғонлигини ва буни жировчиликда синаб кўришимни айтган. Қўбизни чалар эканман, юрагимга бир нарса санчилгандек, танамни қандайдир куч сеҳрлаб олгандек туюларди. Менимча, бу ота-боболаримиздан ёдгор бўлган жировчиликни танлаганимдан бўлса керак. Бизлар халқ қаҳрамонларини, тарихий ва афсонавий достонларни ижро этамиз. Халқимиз орасида «Едиге» достони айтилса, ёмғир ёғади, деган гап бор.

Саламат Аяпов фақатгина жировчилик билан бирга бадиий китобларни мутолаа қилишни ҳам яхши кўради. «Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз», деганларидек, бўш вақт топилгандан ўз устахонаси сари йўл олади. Эрта тонгда эса Саламатни спорт залидан топасиз.

– Тонгни яхши ниятлар билан қарши олишга ҳаракат қиламан, – дейди у. – Қуёш чиқишини кузатар эканман, болалигимни, Қўнғирот кечаларини соғинаман. Ота-онамнинг, «Болам, миллийлик инсонни комилликка етаклайди. Зеро миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш эзгу анъанадир», деган сўзлари, устозларимнинг ишончи,  халқимнинг ҳар сафар саҳнадаги чиқишимни олқишлаб кутиб олишлари касбимга меҳримни орттиради. Ҳар доим чет элга гастроль сафарлари ёки танловларга кетаётганимда, борадиган давлатим учун қорақалпоқ халқининг миллий мероси, анъаналари, маданияти менинг сиймоимда акс этишини ўйласам, фахрланиб кетаман ва бироз ҳаяжонланаман. Ёлғиз ўзимнинг эмас, балки бутун халқимнинг маданиятини кўрсатиб беришим керак. Айни пайтда илмий ишим бу – жировларнинг шажарасини тузиш, уларнинг келиб чиқиш тарихи ва ижро этган достонларининг тўлиқ намунасини ёзиш.

Болаликнинг эрта тонгларидаги санъатга меҳр чўғини ёшликнинг ўтли туйғулари, кенг имкониятлари билан алангага айлантирган, келажакка аниқ мақсад қўйган Саламатдан халқимизнинг умидлари катта.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

Информеры