2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎҚИТУВЧИ

Университет талабасиман! Шунчалар бахтлиманки, қувончдан теримга сиғмай кетяпман. Имтиҳон жавоблари чиққандан то сентябрнинг илк кунларигача бўлган фурсат жуда тез ўтиб кетди. Ниҳоят орзиқиб кутганим – университет таълими ҳам бошланди.

Бу ердаги ҳаёт бутунлай бошқача экан. Янги муҳит, янги дўстлар, жиддий-жиддий ўқитувчилар. Ўтилаётган дарслар ҳам биз учун жуда қизиқ бўляпти. Вақт ҳеч ким билан ҳисоблашмай, дарёдек оқиб борарди, гўё. Сўнгги пайтларда нима учундир бутун гуруҳимиз билан «Меҳнат ҳуқуқи» деган фан ўтиладиган кунни интиқлик билан кутадиган бўлиб қолдик. Фан ўқитувчимиз Гулмира опа Ботирова узун бўйли, тим қора сочли, қорамағиз, юзларида кулгичлари бор, истаралигина аёл эди. У унчалик ҳам қаттиққўл эмас, ҳаммага бир хил муомалада бўларди. Шу боисдандир, дарсда курсдошлар ўзини анча эркин тутарди. Гулмира опа эса бу нарсаларга деярли эътибор бермас, диққати фақатгина мавзунинг моҳиятини тўлароқ очиб бериш билан банд бўларди.

  Бугун биз кутган кун. Эшик очилиб, майда қадамлар билан ўқитувчи кириб келди. Интерактив усулда ўтиладиган ҳар бир дарс одатда қизиқарли баҳс-мунозараларга бой ўтади. Гулмира опа талабалар эътиборини жалб қилишнинг кўпгина самарали усулларини билар, баъзан у кишининг биргина саволи билан ҳаммамиз сергак тортиб қолардик. Бу гал ўқитувчимизнинг аудиторияга мурожаати шундай бўлди:

– Иш фаолиятидаги ўқитувчи ҳомиладорлиги боис Меҳнат кодексининг 231-моддасида белгиланган тартибда, кўзи ёригунгача бўлган фурсатдан 70 календарь иш куни аввал таътилга чиқади. Орадан вақт ўтиб, аёл ўғил фарзандли бўлди. Бола парваришига кўпроқ эътибор бериш учун конституциямизнинг 234-моддасида белгилангани каби она икки йиллик меҳнат таътилини олади ва унга қонунчиликда кўрсатилганидек нафақа пули ҳам белгиланади.

Табиатан ҳазилкаш ва хушчақчақ курсдошим Азиз Гулмира опанинг гапини бўлади:

– Ҳа, энди, қўчқордек ўғил туғиб берганидан кейин нафақа пули берилади-да.

Хонада кулги кўтарилди. Гулмира опагина жим, гап бошлагандаги жиддий тусини ўзгартирмади. Мен ўқитувчимизнинг бу ҳолатини кўриб, «ҳозир койиб беради», деб курсдошларим ўрнига ҳам хавотир ола бошладим. Ўқитувчи эса ҳеч нарса бўлмагандек гапида давом этди.

– Орадан бир йил ўтганидан кейин, афсуски, фарзанд нобуд бўлади, – ҳаммамиз сергак тортдик. – Энг ёмони, фарзанд доғида қолган онага мудҳиш воқеадан бир ой ўтгач, бўлиб ўтган ишлардан бехабар почтачи нафақа пули олиб келади. Бу вазият почтачини қанчалар ноқулай ҳолга солган бўлса, онанинг аҳволини ҳам шунча оғирлаштирди.

Шундан сўнг Гулмира опа гап оҳангини ўзгартириб, биздан: «хўш, бўлажак юристлар, нима учун вафот этган фарзанд учун нафақа пули берилган?» деб сўради.

Хонага чамаси ярим дақиқа ноқулай сукут чўкди. Кейин биз бир нималарни айтиб ғулдираган бўлдик:

– Пул онага ёрдам тариқасида Пенсия жамғармасидан берилгандир, балки...

– Йўқ, аёлга ишхонаси юборган у пулни, – дейди яна битта бошқамиз ўзига ишонч билан.

Хуллас, ҳар ким ўз тахминини айтди. Жавобларни диққат билан эшитиб турган ўқитувчи аввалгидан-да жиддийроқ қиёфада аудиторияга боқиб, тўғри жавобни айтиш учун оғиз жуфтлади.

– Она фарзанди вафот этганидан ке­йин қаттиқ изтиробда қолган ва ФҲДЁдан фарзандининг ўлими тўғрисидаги гувоҳномани олиб, Пенсия жамғармасига элтишни унутган. Пенсия жамғармаси эса бундан бехабар ҳолда икки ёшгача бўлган фарзанд тарбияси учун бериладиган нафақа пулини олиб келган, – деди-ю, гапида бироз тўхтаб қолди. Бир-икки нафас сўзсиз қолгач, кўзларини бўшлиққа тикиб: – Ўша она мен эдим... – деди. Ҳаммамиз музлаб қолдик.

Азиз Гулмира опанинг юзига ҳайрон қарар, кўзларидан оқаётган ёшни ўзи сезмасди. Биз ўзимизга келиб улгурмай туриб, ўқитувчи шикаста жилмайиб қўйди-да, секин хонадан чиқиб кетди.

Хона сув қуйгандек жим эди. Ҳеч ким бир-бирига қарамас, гапирмас, миямизда минг турли фикрлар қоришиб кетгандек, ҳаммамиз ўз хаёлимиз билан банд бўлиб хижолатомуз ҳолатда қотиб қолдик.

Шу-шу, Гулмира опа бизга қайтиб дарс ўтгани кирмади.

 

* * *

Бу гапларга ҳам қарийб ярим йилдан ошди. Жорий имтиҳон баҳоларимни билиш учун пойтахтнинг бошқа туманида жойлашган университетнинг нариги биносига борганимда ногоҳ Гулмира опани учратиб қолдим. Сездимки, у фарзанд кутаётган экан. Ҳол-аҳвол сўрашдик, гапиргани гап тополмайман. Хайрлашиб йўлимда давом этарканман, ич-ичимдан қувонаман. Факультетга келиб, энг биринчи Азизни қидира бошладим. Унга янгиликни айтганимда ўша дарсдан бери ўзини гуноҳкордек ҳис қилиб юрган курсдошимнинг севинчини кўрганингизда борми?

 

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры