2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«МУАЛЛИМ ҲАММА ЖОЙГА КЕРАК»

Ҳаётимизга ментал арифметика деган иборанинг кириб келганига нари борса тўрт йил бўлгандир. Бироқ шу фурсат ичида у ўзининг кўп афзалликларини намоён этиб бўлди. Биз ҳар доим тараққиёти, ривожланишига ҳайрат ва ҳавас билан қарайдиган давлатлар Корея, Японияда ментал арифметика аллақачон мактаб ўқув дастурларига киритилган.

Хўш, ментал арифметиканинг афзаллиги нимада? Бу саволга мутахассис Жаннат Тажибоева шундай жавоб беради:

– Болаларда хотирани мустаҳкамлайди, мантиқий фикрлашни ўргатади, миянинг ҳар икки ярим шарлари бир вақтда ишлайди, қобилиятни юзага чиқаради. Ментал арифметикани билган болалар бошқа тенгдошларига нисбатан чаққон бўладилар, тез фикрлайдилар. Математик амалларни компьютер тезлигида бажарадилар…

– Компьютер тезлигида?! Ёпирай! Шунақаси ҳам бўладими?! Йўғ-ей…

– Ҳа, шунақаси бўлади. Бола ментал арифметикада кўп хонали сонларни қўшиш, айириш, кўпайтириш, бўлишни компьютер билан бир вақтнинг ўзида бажаради.

– Биласизми, бундай натижалар… Сизга ишонаман. Бироқ исботи билан мисоллар келтирсангиз, ўқувчиларимиз ҳам мамнун бўлар эди-да.

– Ёзнинг сўнгги ойида Тошкент шаҳрида «Сириус» ўқув марказида мусобақа бўлиб ўтди. Гуруҳимдаги кичкинтойлардан олти нафари илк марта қатнашаётганларига қарамасдан юқори натижаларни қўлга киритди. Айниқса, 7 ёшли Алишер Икромжонов 680 та 2 хонали сонларни  айириш ва қўшишни 12 дақиқада бехато бажариб, ғолиб бўлди!

– 12 дақиқа энг юқори кўрсаткичми?

– Яхши кўрсаткич. Аслида бола бундан ҳам яхшироқ натижа кўрсата олади. Алишер ментал арифметика билан шуғулланаётганига кўп бўлгани йўқ, бунинг устига биринчи марта қатнашди.

– Ўзингиз ва гуруҳингиз ҳақида гапириб беринг.

– Асли тошкентликман. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида дарс берар эдим. Турмуш ўртоғим хизматини Нукус шаҳрида давом эттириши муносабати билан шу ерга келиб яшай бошладик. Муаллимлар ҳамма жойга керак. «Идеал-Омега-Турон» ўқув марказида ишлаяпман. Нукусда ментал арифметика курслари йўқ экан. Тошкентлик устозлар кўмагида «Сириус» ўқув марказининг филиалини очдик. Талабгорлар кўп. Ментал арифметика кичик ёшдан бошлаб ўргатилади. Тошкентда бўлиб ўтган мусобақага ўн беш нафар болани олиб бордим. Шулардан олти нафари яхши натижалар кўрсатиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шаҳноза Парахатова, Асланбек Бахтиёров, Айсултан Тангрибергенова, Тўмарис Сейтназарова, Шаҳзода Хайруллаевадан умидларим катта.

– Иқтидорли ўқувчиларингиз орасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам борми?

– Улар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳарбий хизматчиларга ҳурматим янада ошди. Улар фарзандларининг тарбиясига катта эътибор қаратади. Болаларда деярли бўш вақт йўқ. Турли тўгараклар, қўшимча машғулотлар… Ғолиб ўқувчим, 36-мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчиси Алишер Икромжонов ҳам ҳарбий хизматчининг фарзанди.

– Келажак режаларингиз қандай?

– Ментал арифметикага қизиқиш билдираётган болалар кўпайиб боряпти. Келажак, эртамизнинг қандай бўлиши бугун бизнинг саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ. Эндиги тараққиёт, ривожланиш фақат ва фақат билим билан илгарилайди. Шундай экан, болаларимизнинг яширин иқтидорларини ҳам юзага чиқаришга хизмат қиладиган ментал арифметикани ривожлантириб, Қорақалпоғистоннинг энг чекка овул ва қишлоқларига ҳам кириб боришни ният қилганмиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры