2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«СЕРҚУЁШ ҲУР ЎЛКА...» ДУНЁДА БИРИНЧИ

Екатеринбургда ўтказилган бокс бўйича ХХ жаҳон чемпионатида юртимиз 8 нафар боксчисининг 5 нафари совриндор бўлди, уларнинг 2 нафари MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзосидир.

Беш нафар боксчимиз чорак финалга чиққанлиги хусусида аввал хабар берган эдик. MVSK аъзоси Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) 1/4 финалда қозо­ғистонлик Қайрат Ералиевга қарши рингга кўтарилди. Жанг тугамасидан тўхтатилди – Ералиевга аввалдан олган жароҳатлари ҳам панд берди, техник нокаут қайд этилди ва боксчимиз ярим финалга йўл олди. Шунингдек, Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) болгариялик Асеновни, Бобоусмон Батуров (-69 кг) иорданиялик Зиядни, MVSK аъзоси Дилшодбек Рўзметов (-81 кг) озарбайжонлик Домингесни чорак финалда мағлуб этди. Энг оғир (+91 кг) вазнли чармқўлқоп устамиз Баҳодир Жалолов АҚШ вакили Ричард Торресни 1-раунддаёқ нокаутга учратди. Жалоловнинг чап қўлда йўллаган ажойиб зарбасидан кейин америкалик боксчи йиқилиб тушди ва анча вақт ўрнидан тура олмади. Уни шифокорлар рингдан замбилда олиб чиқиб кетишди ва тез ёрдам машинасида шифохоналардан бирига олиб боришди. Баҳодир профессионалларга хос йўл тутди – Торреснинг олдига бориб, унинг аҳволидан хабар олди, ўз навбатида, Торрес Жалоловга муваффақият тилади.

Ярим финал жанглари янада шиддатли кечди. Зоиров франциялик Беннамани, Мирзахалилов мўғулистонлик Тсендбаатарни, Рўзметов англиялик Уиттакeрни мағлуб этиб, финалга йўл олди. Энг оғир вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов эса россиялик кучли боксчи Максим Бабаниндан 5:0 ҳисобида устун келди. Ярим финалда фақат Бобоусмон Батуров англиялик Пэт Маккормакка ютқазиб қўйди ва жаҳон чемпионатининг бронза медали билан кифояланди. Шу тариқа тўрт боксчимиз финалга чиқди.

Рио Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров финалда ҳиндистонлик Амитга қарши жанг қилди. Юртимиз бокс мухлислари учун бу рақиб яхши таниш, чунки айнан у 2018 йилги Осиё ўйинлари ва 2019 йилги Осиё чемпионатлари финалида ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматовни мағлуб этганди. Боз устига Амит мазкур жаҳон чемпионатининг ярим финалида қозоғистонлик Сакен Бибоссиновдан ҳам устун келгани боис, юртимиз бокс ишқибозлари яна ҳаяжонга тушишди. Лекин Шаҳобиддин ортиқча ҳиссиётларга берилмади, рақибини мағлуб этиб, юртимиз боксчилари орасида биринчи бўлиб ХХ жаҳон чемпионатининг чемпиони бўлди ва Рио Олимпиадасидаги каби яна бир карра «Серқуёш ҳур ўлка...» фарзанди эканлигини намойиш этди. Унга олтин медаль топширилгандан сўнг Екатеринбургда янграган юртимиз мадҳияси ойнаижаҳон орқали пойтахтимиз аксарият кўчаларида ҳам баралла таралди. Мадҳия ниҳоясига етгач, ўша деразалар, пештоқлар ва балконларда «Ура-а-а!», «Баракалла, ота ўғлон!» қабилидаги байрамона овозлар тантана қилди. Спортсевар халқимизнинг мазкур байрамона кайфиятини MVSK аъзоси Миразизбек Мирзахалилов ҳам давом эттирди. У олтин медаль учун жангда машҳур чармқўлқоп устаси – бир эмас, уч карра жаҳон чемпиони кубалик Лазаро Альварес Эстрадани мағлубиятга учратди ва шоҳсупага кўтарилиб, дунё бокс мухлислари эътиборини яна бир бор юртимиз мадҳияси садоларига қаратди.

MVSK аъзоси Дилшодбек Рўзметов (-81 кг) учун финал жанги оғир кечди. Энди 20 ёшни қаршилаган боксчимиз қозоғистонлик Бекзад Нурдаулетовга қарши жангда имкониятни бой берди ва ўзи учун дебют бўлган жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилиб тақдирланди – терма жамоамиз ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.

ХХ жаҳон чемпионатининг энг сўнгги ва энг оғир вазн тоифасидаги финал жангини юртимиз бокс ихлосмандлари катта ҳаяжон билан кузатишди. Зеро, чармқўлқоп устамиз Баҳодир Жалолов (+90 кг) зиммасига катта масъулият юкланганди, у қандай бўлмасин мазкур финал жангида ғалаба қозониши зарур эди. Чунки шу паллагача ўтказилган баҳслар якунига кўра Россия терма жамоаси 3 та олтин ҳамда битта бронза медални қўлга киритган ҳолда норасмий умумжамоа ҳисобида 1-ўринда турганди, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида эса 2 та олтин, биттадан кумуш ва бронза медаллари бор эди. Жалоловнинг ғалабаси терма жамоамизни умумжамоа ҳисобида 1-поғонага кўтарарди. Баҳодир бу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда рингга чиқди ва баҳодирлигини намойиш этди. Унинг рақиби ҳам бегона эмасди – қозоғистонлик таниқли боксчи Қамшибек Конкабаев бўлди. Улар аввал ҳам ўзаро тўқнаш келган ва иккиси ҳам икки мартадан ғалаба нашидасини сурганди. Дунё биринчилигидаги финал жанги чемпионни аниқлаш билан бирга улар ўртасидаги ўзаро рақобатга ҳам ойдинлик киритди. Ҳал қилувчи жанг ҳамюртимизнинг катта устунлиги остида кечди ва Баҳодир Жалолов 5:0 ҳисобида ғолиб чиқиб, жаҳон чемпиони бўлди. Баракалла!

Шу тариқа Ўзбекистон бокс терма жамоаси тарихда илк бор жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик боксчиларнинг барча дунё биринчиликларида қўлга киритган олтин медаллари сони эса 9 тага етди.

Мусобақа ташкилотчилари чемпионатнинг энг яхши боксчисини аниқлашди. +91 кг вазн тоифасида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов бир овоздан «ХХ жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси», деб топилди.

Жаҳон чемпионати қаҳрамонлари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида карнай-сурнай садолари, тантанавор мусиқалар остида кутиб олинди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Раматов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Д. Набиев, Миллий олимпия қўмитаси раиси Р. Шоабдураҳмонов, спорт жамоатчилиги, мухлислар, боксчиларнинг яқинлари, журналистлар иштирок этди. Спортсевар халқимизни хурсанд этган қаҳрамонларга ўзбекона тўнлар ёпилди, совғалар улашилди. Рио Олимпиадаси чемпиони Екатеринбург шаҳридан бошлаб берган байрамона кайфият Тошкент аэропортидан Бухорога, Фарғонага ва бошқа боксчиларимиз туғилиб ўсган масканларга ёйилиб кетди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалиловнинг хонадонида бўлиб, унинг ота-онаси ва мураббийларини улкан зафар билан табриклади. Уларга миннатдорчилик билдириб, совғалар топширди. Мирзакарим ака ва Шарофат опа бундай эътибордан, ўғлининг ютуғидан қувончи чексиз.

– Бугун жуда ҳам ҳаяжондаман, – деди Мирзакарим ака Юнусов журналистлар билан суҳбатда. – Ўғлимнинг ютуғи бу халқимизнинг ютуғидир. Буларнинг барчаси юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан спортга бўлган эътибор самарасидир.

Р. ЖУМАЕВ

 

Информеры