2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОЛАЖОНЛАР ИЛА ҚУВНОҚ ЎТАР ЯНГИ ЙИЛ

Янги йил барча учун, айниқса болажонлар учун севимли байрам. Улар саргузаштларга бой бу байрамни интиқ кутишади, астойдил тайёргарлик кўришади. Қорбобо билан Қорқиздан совғалар олиш учун шеърлар ёд олишади, қўшиқлар ўрганишади.

Мудофаа вазирлиги томонидан мустақиллигимиз барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини асраш йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчиларни ёдга олиш, уларнинг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, фарзандларига ғамхўрлик кўрсатишга катта эътибор қаратилган. Айниқса, байрамларда уларни йўқлаш яхши анъанага айланган. Янги йил байрамида ҳам айнан шу ғамхўрликни кузатиш мумкин.

Хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизмачилар фарзандлари ҳар йили «Туркистон» саройида ўтказиладиган «Президент арчаси» байрам томошаларида ҳамда Марказий офицерлар саройида бўлиб ўтадиган арча байрамида иштирок этишлари ҳам фикримиз далилидир.

Байрам тантанасида Мудофаа вазирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Н. Муллабоев болажонларни янги йил  билан қутлаб, «Президент совғаси»ни тантанали равишда топширди.

Байрам шодликлари Қуролли Кучлар ансамблининг куй-қўшиқларига уланди. Даврага  Қорқиз билан Қорбобо кириб келди. Болажонлар Янги йил меҳмонларини қийқиришиб,  шодлик ила қарши олишди, ёд олган шеърларини  айтиб, совғалар олишга шошилишди:

Гуппиллаб ёғса ҳам қор,

Гўё ям-яшил баҳор.

Шу боисдан қўшиғинг,

Тилимизда жарангдор.

Мана сенга ўйинчоқ,

Чироқлар мунчоқ-мунчоқ,

Шохларингда нур сочиб,

Порлаб турсин деб ҳар чоқ...

Асроржон, Нозигул, Ҳасан ва Ҳусан, Фирдавс... ўғил-қизларнинг бирлари қўйиб, бирлари қувноқлик ила шеър айта кетишди. Қўл ушлашиб, давра қуриб қўшиқ куйлашди, рақсга тушишди.

– Байрамда болаларимнинг яйраганини кўриб, кўксим тоғдек кўтарилди, – дейди бевақт ҳаётдан кўз юмган офицер Маъмиржон Мирфозиловнинг рафиқаси Муқаддасхон. – Улар Янги йилни ўзгача меҳр билан кутишади. Шу сабаб байрамга келишимизни эшитиб, роса хурсанд бўлишди, астойдил тайёргарлик кўришди. Президент совғаси, ҳомийлар томонидан берилган совғалар уларни янада руҳлантириб юборди. Она учун болаларини шод кўришдан ортиқ бахт йўқ. Уч нафар фарзандимни соғ-саломат улғайтиришимда Мудофаа вазирлиги ҳамда давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдорман.

Байрам тадбиридан сўнг иштирокчиларнинг Қуролли Кучлар давлат музейига саёҳати уюштирилди.

 Болажонлар янги йил совғаларини бағирларига босганча онажонлари билан бирга музейга йўл олишар экан, беғубор чеҳраларида бахтиёрлик, миннатдорлик туйғуси зоҳир эди.

Зулфия НОСИРОВА

Информеры