2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲОЗИРЧА ИККИТА БРОНЗА

Таиландда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. Унда юртимизнинг 10 нафар вакили қатнашяпти. Терма жамоамизга илк медални MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) ёш аъзоси тақдим этди.

MVSK аъзоси Адҳамжон Эргашев шу пайтга қадар ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатлари ҳамда XVIII Осиё ўйинларида қатнашиб, совриндор бўлган. Ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро турнирларда иштирок этиб, медаллар қўлга киритиш билан бирга жаҳон рекордини бир неча бор янгилаган. Хусусан, ўтган йили ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги дунё биринчилигида даст кўтариш бўйича, «Қатар кубоги» халқаро турнирида эса иккикураш бўйича жаҳон рекордини ўрнатганди.

Мамлакатимиз терма жамоаси ва MVSKнинг истиқболдаги юлдузи саналаётган Адҳамжон Эргашев оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги дунё биринчилигида илк бор қатнашиши ва у биринчи қадамидаёқ совриндор бўлди. -67 кг вазн тоифасидаги атлетимиз даст кўтариш машқини 141 кг тошга буюртма бериш билан бошлади ва бу маррани осонлик билан забт этди. У иккинчи уринишда 146 килограммлик тошни боши узра баланд кўтарди. Адҳамжоннинг 151 килограммлик тошни кўтариш йўлидаги учинчи уриниши эса самарасиз чиқди, агар муваффақиятли бўлганида у даст кўтариш машқини 4-ўринда эмас, балки 1-ўринда якунларди. Силтаб кўтариш бўйича эса MVSK аъзоси дастлаб 173 кг, сўнг 179 кг, учинчи уринишда 182 кг оғирликдаги тошларни кўтаришга муваффақ бўлди. Бу натижа Эргашевга жаҳон чемпионатининг бронза медалини, терма жамоамизга эса ушбу дунё биринчилигидаги илк совринни тақдим этди. Даст кўтаришдаги озгина омадсизлик иккикураш борасида ҳам Адҳамжонга панд берди – умумий 328 килограмм натижани қайд этган Эргашев 4-ўрин билан чекланди. Чунки 3-ўрин соҳиби шимолий кореялик Жонг Пак атлетимиздан атиги 2 килограмм оғирроқ натижа кўрсатиб, совриндор бўлди. «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма учун энг йирик рейтинг очколарини тақдим этувчи бундай мусобақада MVSK ёш аъзосининг совриндор бўлиши, албатта, катта муваффақият.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда қатнашган ҳамюртимиз Муаттар Набиева (-55 кг) ҳам Таиландда шоҳсупага кўтарилди. Юртдошимиз даст кўтариш машқи бўйича 96 килограмм тошни ўзига бўйсундира олди ва бу натижа унга якунда бронза медалини тақдим этди. Силтаб кўтариш машқи Муаттар учун кўнгилдагидек якунланмади. Иккикураш бўйича унинг қайд этган кўрсаткичи 209 килограммга етди ва бу олтинчи натижа бўлди.

Дунё биринчилиги 27 сентябрга қадар давом этади.

Расул ЭРМУҲАММАД

 

Информеры