2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТОШКЕНТ ГРАН-ПРИСИДА

Пойтахтимизда ўтказилган дзюдо бўйича Тошкент Гран-присида дунёнинг 5 та қитъаси 71 давлатидан 423 нафар спортчи қатнашди. Унда Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоларидан 4 нафари совриндор бўлди.

Дзюдо бўйича Тошкент Гран-приси илк бор 2013 йилда ўтказилган ва шу пайтга қадар мусобақаларга «Ўзбекистон» спорт саройи мезбонлик қилганди. Бу йилги Тошкент Гран-приси муҳташам, жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи, кўп тармоқли «Ҳумо» аренасида илк бор ташкил этилди ва унга дунё дзюдочилари томонидан қизиқиш ҳар доимгига нисбатан юқорироқ бўлди. Чунки бу галги Гран-при «Токио – 2020» Олимпиадаси йўлланмаси учун зарур бўлган қимматли рейтинг очколари тақдим этиши билан ҳам аҳамиятли эди. Яқинда Японияда ўтказилган жаҳон чемпионатида муҳим рейтинг очколарини жамғара олмаган дунё дзюдочилари ана шу бўшлиқни тўлдириш учун ҳам юртимизга келишди. Зеро, Тошкент Гран-приси ғолиблари 700, 2-ўрин эгалари 490, бронза медали соҳиблари эса 350 рейтинг очкосини қўлга киритарди.

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) қоидаларига мувофиқ мезбон давлат мусобақада ҳар бир вазн тоифасида 4 нафардан спортчиси билан иштирок этиши мумкин. Юртимиз эркаклар терма жамоаси мураббийлари бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишди – 48 нафар спортчи татамига чиқди. Аёллар терма жамоамиз таркибига эса 20 нафар дзюдочи киритилди. Бунга сабаб, мураббийлар иқтидорли ёш спортчиларни яқинда бўладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун асрашга қарор қилишди. MVSKнинг 10 нафар дзюдочиси, яъни Диёра Келдиёрова (-52 кг), Амина Мамедова (-57 кг), Гулноза Матниязова (-70 кг), Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг), Сардор Нуриллаев (-66 кг), Ғиёсжон Бобоев (-73 кг), Давлат Бобонов (-90 кг), Шерали Жўраев (-100 кг), Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) ва Бекмурод Олтибоев (+100 кг) мусобақада қатнашди.

Юртимиз дзюдочилари орасида совриндор бўлишни айнан MVSK аъзолари бошлаб беришди. Дастлаб Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг) россиялик Яго Абуладзега ярим финалда имкониятни бой берди ва 3-ўрин учун курашадиган бўлди. Бу босқичда туркиялик Михрач Аккушга қарши беллашган Рио Олимпиадаси совриндори ёш рақибига ҳақиқий маҳорат мактабидан дарс берди ва бронза медалини қўлга киритди. Бу билан MVSK аъзоси ўз ҳисобига «Токио – 2020» йўлланмаси учун зарур бўлган 350 рейтинг очкосини ҳам қўшиб қўйди ва жами очколарини 1 160 тага етказди. Бу вазн тоифаси бў­йича ХДФ рейтингида пешқадамлик қилаётган ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфиллаев ҳисобида эса 3 607 очко мавжуд. Ҳа, етакчи дзюдочимиз Тошкент Гран-присида иштирок этмади.

ХДФ рейтингида 1 294 очко билан олимпия йўлланмаси зонасида бораётган MVSK аъзоси Сардор Нуриллаев (-66 кг) бронза медали учун курашда озарбайжонлик Иброҳим Алиевга қарши татамига чиқди. «Ҳумо» аренасига йиғилган минглаб мухлислар олқиши остида ҳаракат қилган Сардор томошабинлар ишончини оқлай олди ва бронза медалини қўлга киритиш билан бирга ўз рейтинг очколарини (1 294+360) 1 654 тага етказди. Энди MVSK аъзоси ХДФ рейтингида 21-поғонадан анча юқорига ҳам кўтарилиши табиий.

Шу тариқа MVSK аъзолари ҳамда терма жамоамиз биринчи кун баҳсларини 2 та бронза медали билан якунлади. Таъкидлаш жоиз, Тошкент Гран-присининг илк куни россиялик дзюдочиларга аталди. Боиси, 5 та вазн тоифаси бўйича ўтказилган баҳсларнинг учтасида Россия терма жамоаси аъзолари ғолиб чиқди.

Мусобақанинг иккинчи кунида эса 4 та вазн тоифасида ғолиблар аниқланди. Бу кун юртимиз дзюдочилариники бўлди, чунки икки вакилимиз ғолиблиги шарафига юртимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилди, яна икки нафар дзюдочимиз кумуш медални қўлга киритди. Аниқроғи, Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг) ҳамда Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) барча рақибларини енгиб, олтин медаль билан тақдирланишди. Фақат финалда омадсизликка учраган MVSK аъзоси Гулноза Матниязова (-70 кг) ва Камолиддин Расулов (-81 кг) кумуш медалга сазовор бўлишди. Иккинчи кунги баҳслардан сўнг терма жамоамиз ҳисобидаги медаллар 6 тани (2 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза) ташкил этди ва Россия терма жамоасидан сўнг умумжамоа ҳисобида 2-ўринга кўтарилди.

Тошкент Гран-присининг учинчи куни татамига чиққан терма жамоамиз 15 нафар аъзосидан фақат бир нафари, яъни MVSK вакили Бекмурод Олтибоев (+100 кг) совриндор бўлди. У чорак финалда британиялик Кристофердан устун келди ва ярим финалда австриялик Хейгини қисқа фурсатда иппон баҳоси билан мағлуб этди. MVSK аъзосига финалда 2018 йилги жаҳон чемпиони грузиялик Гурам Тушишвили қарама-қарши келди. Аввалига ҳар икки спортчи биттадан вазарига эга бўлишди. Баҳс якунланишига 30 сония қолган бир пайтда эса тажриба ўз сўзини айтди – Гурам усул қўллаб, ғалабани ўз томонига оғдирди. Олтибоев кумуш медалга эга бўлди ҳамда ХДФ рейтингидаги очколарини (1 744+490) 2 234 тага етказган ҳолда олимпия йўлланмаси зонасидаги ўрнини (бунгача 11-ўринда эди) янада мустаҳкамлаб олди.

Дзюдо бўйича Тошкент Гран-приси ўз ниҳоясига етди. Якунда Россия терма жамоаси 5 та олтин ва 2 та кумуш медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 3 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритган ҳолда иккинчи поғонадан жой олди. Кучли учликка Австрия терма жамоаси (2 тадан олтин ва бронза) якун ясади. Жанубий Корея, Грузия, Швеция, Греция ва Венгрия дзюдочилари ҳам биттадан олтин медални қўлга киритишди. Умумий олганда жами 29 та давлат дзюдочилари Тошкент Гран-присида совриндор бўлиб, ўз юртларига камида битта бронза медали билан қайтишди.

Расул ЭРМУҲАММАД

 

Информеры