2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БЎЛАЖАК ҲАРБИЙ ЖУРНАЛИСТЛАР ТАҲРИРИЯТИМИЗ МЕҲМОНИ

– Яхшимисизлар, чарчамаяпсизларми? Газетамиз қандай?

– Ие, устоз, хуш келибсиз!

Йўлакдан этишилаётган бу суҳбат беихтиёр қулоғимга чалинди. Таниш ва қадрдон овоз. Иш столимдан шошилиб турар эканман, менга ўхшаб барча ҳамкасбларим хоналаридан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳарбий журналистика факультети ўқитувчиси, «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририятига кўп йиллар муҳаррирлик қилган устозимиз Алижон Сафаров ва унинг етакчилигида таҳририятга келган талабаларни кутиб олишга чиққанини кўрдим.

Жорий йилда ушбу университетда Президентимиз ташаббуси билан Ҳарбий журналистика факультети очилиб, унда 31 нафар талаба илк сабоқларини бошлади. Талабаларнинг ҳарбий журналистикага қизиқиши баланд эканлиги кўриниб турибди.

– Қиз бола бўлсам-да, болалигимдан ҳарбий бўлишни орзу қилганман, – дейди Феруза Самиева. – Университетда устозларимиздан назарий билимларни олиш билан биргаликда, амалий машғулотларни ҳам бошлаб юбордик. Бу ерга келиб, ҳарбий журналист бўлиш осон эмаслигини, унда бошқалардан кўра анча масъулият кучли бўлишини англадим.

Бирлашган таҳририят ҳарбий журналистлари бўлажак ҳарбий журналистларга соҳа сир-асрорларини ўргатиб, маҳорат дарсларини ўтишди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Бўлажак ҳарбий журналистлар билан ҳамкорликда турли лойиҳалар, ижодий учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.

Айжамал МАХСЕТБАЙ қизи

 

Информеры