2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЭСЛАЙСИЗМИ? ОХИРГИ МАРТА ҚАЧОН РАҒБАТ ОЛГАНСИЗ?!

Инсон руҳий оламида кескин ўзгаришларнинг рўй бераётгани бу биз хавф деб ўйлаётган жараёнларнинг энг хавфлисидир. Уларни майда-майда бўлакларга бўлиб ташласак, бир қисми албатта, ижтимоий муаммоларга бориб тақалади. Улар бирлашиб, катта бўлакни ҳосил қилади. Натижанинг номи эса аён – руҳий стресс.

Келинг, стрессни ҳарбий хизмат жараёнлари­ билан боғлаган ҳолда ўрганамиз.

Стресс – инсон руҳиятининг ташқи таъсирга жавоб реакциясидир. Содда қилиб айтганда стресс – руҳий зўриқиш. Стресс аффект жараёнидан фарқли равишда (аффект – руҳий зўриқишнинг бир тури бўлиб, жуда қисқа, кўпи билан бир неча дақиқа давом этади) узоқроқ, яъни 3-4 кун ва ундан кўпроқ давом этади. Стресс пайдо бўлиш хусусиятига кўра ижобий ва салбий турларга бўлинади.

Ижобий стресс – ҳарбий хизматчи навбатдаги ҳарбий унвонни олганда, моддий ва маънавий рағбатлантирилганда, шахсий ҳаётида қувончли воқеа содир бўлганда, лавозими оширилганда ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда юзага келади.

Салбий стресс – ҳарбий хизматчи хизматига яраша рағбатлантирилмаса, унга нисбатан адолатсиз қарорлар чиқарилса, шахсий ҳаётида нохушликлар рўй берса, ҳарбий жамоада тенгсизлик ҳукмронлик қилса юзага келади.

Стресс характерга боғлиқ(ми?)

Дунёда етти ярим миллиарддан ортиқ одам бўлса, шунча характер мавжуд демакдир. Айнан бир-бирини такрорлайдиган иккита бир хил характер мавжуд эмас. Демак, стресс жараёнлари ҳам инсоннинг табиатига қараб оғир ёки енгил кечиши мумкин. Халқимизда «Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр», деган мақол бор. Худди шундай стресс ҳам инсон характерига қараб турлича таъсир қилар экан.

Масалан, ҳарбий жамоада бир ҳарбий хизматчига нисбатан бошлиқлари томонидан қаттиқ танбеҳ берилиши орқали унда чуқур стресс юзага келиши ва бу жараён бир неча кун давом этиши мумкин. Борингки ушбу танбеҳ енгилроқ характерга эга бўлган ҳарбий хизматчига берилса, унда стресс содир бўлмаслиги ва ушбу танбеҳни у бир неча дақиқада унутиб юбориши мумкин.

Стресс жараёнлари масъулиятсиз ёки жуда иродали инсонларда енгил кечади. Яъни масъулиятсиз инсон бўлаётган жараёнларга бефарқ қараш орқали, иродали инсон эса қийин вазиятлардан тезроқ чиқиб кетиши орқали стрессни осон ўтказади.

 

Ҳарбий жамоада ­стрессни келтириб чиқарувчи ­омиллар ва унинг  олдини олувчи воситалар

Ҳарбий жамоада стресснинг шаклланиш жараёни асосан командирларнинг иш юритиш услубига ва кун тартибини қай даражада ташкил қилганига боғлиқ. Чунки айрим ҳарбий қисмларда эрталабки ва кечки сафланиш вақтлари айрим ҳолларда бир соатгача ва ундан ҳам кўп вақтга чўзилиб кетиши мумкин. Бу ҳол сурункали тус олса, жамоавий норозилик шаклланиб, бора-бора жамоавий стрессга айланиб боради. Шундан сўнг командирнинг бошқарув услубига нисбатан жамоада ишончсизлик ва норозилик пайдо бўлади.

Ҳарбий жамоада стресс ҳолатларининг кучайиб боришига ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро ишончнинг камайиб бориши, бефарқлик, ҳасадгўйлик, ғийбат ва кўролмаслик каби салбий иллатлар ҳам сабаб бўлади. Уларнинг олдини олиш учун ҳарбий жамоада кўпроқ спорт ва жамоавий бўлган бошқа тадбирларни ташкил этиб туриш лозим. Бу тадбирлар ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро ишонч ва бир-бирига бўлган ҳурматни шакллантириб, стресс ҳолатини пасайтиришга хизмат қилади.

Бошлиқлар доимий равишда ўз бўйсунувчиларини рағбатлантириб туриши ва ҳарбий жамоанинг кераклича дам олишлари ҳамда оиласи билан кўпроқ вақт ўтказишлари учун етарли шароитларни яратиб беришлари жамоавий стресснинг олдини олиши учун асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириб туриш уларнинг руҳий ҳолати барқарор бўлишида муҳим тадбирдир. Рағбат нафақат бирор ютуққа эришган ёки қайсидир беллашувда ғалаба қозонган ҳарбий хизматчиларга, балки ҳарбий жамоада ижобий хулқ-атворга эга бўлган, жамоада илиқ психологик муҳитнинг шаклланишига хизмат қилаётган, оилавий ва шахсий муаммолари сабабли тушкунликка тушиб қолган, эътибордан четда қолиб кетаётган ҳарбий хизматчиларга ҳам кўрсатилиб туриш керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, стресс келтириб чиқарган салбий ҳолатларни бартараф қилишдан кўра, стрессни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш анча самаралироқдир.

 

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи,

оддий аскар Илёс ОЧИЛОВ, ҳарбий психолог

Информеры