2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАР МЕҲНАТИ УЛУҒЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали йиғилиш ўтказилди.

Давлатимиз мадҳияси билан бошланган маросимда мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазирликнинг масъул офицерлари, олий ҳарбий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, ҳарбий округлар қўмондонлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросим аввалида Президентимизнинг устоз ва мураббийларга йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг мудофаа вазири барча ҳарбийлар номидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳада узоқ йиллардан буён хизмат қилаётган устозлар ва фахрийларни табриклади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳарбий кадрларга ҳарбий санъат ривожидаги асосий тенденцияларни акс эттирадиган, илм-фан йўналишларини, жанговар ҳаракатларни олиб боришнинг замонавий шакл ва методларини ўргатаётган соҳа заҳматкашларининг меҳнатини улуғлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бугунги кунда ўқитувчи ва мураб­бийлар нафақат касбий билимларга эга бўлиши, балки таълим беришнинг инновацион воситалари ва усулларидан хабардор юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этадиган ёш мутахассисларни тарбиялаши зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, юқори малакали мутахассисларни сифатли тайёрлаш масалалари Президентимиз томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Қуролли Кучлар хизматчиси ўзларининг илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, Қуролли Кучлар фахрийларининг ҳаётий тажрибасини ёшларга етказиш борасидаги ишлар ҳам тизимли йўлга қўйилган. Хусусан, Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилиб, истеъфога чиққан 4 минг 500 га яқин пенсионер ҳалигача академик лицей ва умумтаълим мактабларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшмоқда.

Байрам муносабати билан ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўлида хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий ўқитувчилар навбатдаги ҳарбий унвонлар, «Намунали хизматлари учун» кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилган «Йилнинг энг илғор ўқитувчиси» танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғалар тантанали топширилди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда таниқли хонандаларнинг устозларга аталган концерт дастури байрамга ўзгача кайфият бахш этди. Тадбир сўнгида устоз ва мураббийлар учун байрам дастурхони ёзилди.

Ўтган йилгилардан фарқли ўлароқ, байрам тадбирини республикамиздаги барча ҳарбий округ ва ҳарбий қисмлар онлайн тарзда кузатиб борди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры