2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚОЗОҒИСТОН ҲАРБИЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ТАШРИФИ

Қозоғистон Республикаси «Жануб» минтақавий қўмондонлиги қўмондони генерал-майор Кайдар Каракулов раҳбарлигидаги ҳарбий делегация юртимизда расмий ташриф билан бўлди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев Қозоғистон ҳарбий делегациясини қабул қилди. Суҳбат давомида мудофаа соҳасида ўзбек – қозоқ ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилиниб, ҳарбий йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикрлар алмашилди.

Полковник Д. Чориев меҳмонларни ҳарбий округнинг функция ва вазифалари билан таништириб, уларга Мудофаа вазирлиги учун ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш тизими ҳамда округ ҳарбий хизматчиларининг республика ва халқаро ҳарбий мусобақалардаги ютуқлари ҳақида айтиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон томонидан Қозоғистон ҳарбийлари билан келгусида ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотларни ўтказиш, ҳарбий санъат мутахассислари билан тренинглар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш бўйича таклифлар берилди.

Меҳмонлар Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисм ва муассасалар билан яқиндан танишди. Ташриф давомида меҳмонларга ҳарбий хизматчиларнинг миниполигондаги амалий машғулотлари, хизмат отларини тайёрлаш марказлари кўрсатилди. Ҳарбий қисмларнинг инфратузилмаси ҳамда ўқув-моддий база Қозоғистон ҳарбий делегациясида чуқур таассурот қолдирди.

И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат музейи ҳамда Хивадаги бетакрор эски шаҳар – Ичан қалъа бўйлаб саёҳат қозоғистонлик ҳамкасбларда катта қизиқиш уйғотди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

 

Информеры