2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚОНУНЛАР ИЖРОСИГА НАЗАР

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2019 йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ, Қуролли Кучлар академиясида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Анжуман юқори малакали кадрлар тайёрлашга оид қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган назорат таҳлил тадбирининг якунларига бағишланди.

Дарҳақиқат, етук кадрлар давлатимиз мустақиллиги ва барқарорлигининг кафолатидир. Тадбирда депутатлар, Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, академия профессор-ўқитувчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, ҳарбий соҳада юқори малакали ҳарбий-илмий ва ҳарбий педагог кадрларни тайёрлаш Қуролли Кучлар академияси зиммасига юклатилган. Сўзга чиққанлар Қуролли Кучлар академиясини олий малакали илмий педагог кадрлар билан бутлаш, профессор-ўқитувчилар фаолиятининг нуфузи ва ижтимоий мақомини янада кўтариш ҳамда илмий ишларга кенг жалб қилиш мақсадида тегишли имтиёзлар жорий этиш бўйича ҳам ўз таклифларини билдирдилар. Соҳада эришилган ютуқлар ҳамда мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.

Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлашга оид Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижросини таъминлаш, соҳани янада ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Жорий йилда уларни амалиётда қўллаш бўйича топшириқлар берилди.

Шоҳсанам НИШОНОВА

Информеры