2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАЙРАТ ВА ҲАВАС МАСКАНИ

Қуролли Кучлар академияси нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда ҳам нуфузли олий ҳарбий таълим муассасаларидан бирига айланди. Борган, кўрган, танишган борки, ҳавас қилади, ҳайрати ортади. Нафақат, замонавий жиҳозлар, ускуналар, техникалар билан таъминланган, шу билан бир қаторда таълим тизими ҳам бугунги кун талаблари даражасида. Тингловчи ва курсантлар дунёнинг исталган мамлакатидан келган мутахассислар билан бемалол тиллаша олади. Тажрибаларини ўртоқлашади.

Академияда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тантанасида сўз олган Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва бошқалар таъкидлаганидек, ушбу академия мутлақо янги асосда ташкил қилиниб, миллий ҳарбий кадрларни тайёрлашда ривожланган мамлакатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари билан тўлиқ тенглаша оладиган етакчи илм-фан марказига айланди. Эътибор қилинг-а, қарийб сўнгги бир йил ичида академиянинг илмий салоҳияти 14 фоиздан 40 фоизга ошган. Олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида илк бор ўтказилган «Йилнинг энг илғор ўқитувчиси» танлови ғолиби ҳам академиянинг Ҳарбий санъат кафедраси цикл бошлиғи подполковник Юсуфали Сафаров бўлган. 

Устозлар куни муносабати билан олий ҳарбий таълим муассасасининг фаол ўқитувчи ва офицерлари, интилувчан тингловчилар Мудофаа вазирлиги ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги раҳбарияти томонидан тақдирланди. Тантаналар давомида «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган ғоя асосида ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, замонавий илм-фан ютуқларини уларга мукаммал етказиш йўлида машаққатли, айни вақтда шарафли хизматларини ўтаётган профессор-ўқитувчилар, ҳарбий хизматчилар муносиб рағбатлантирилди.

Фахрий ёрлиқ, навбатдаги ҳарбий унвонлар, «Намунали хизматлари учун» кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғаларини ўз эгаларига Мудофаа вазирининг ўринбосари – Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев топширди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры