2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАКТАБ САҲНИДАГИ БОЛАЛАР

Ташвиш фақат ўқиш, ёзишдан иборат бўлган ўқувчилик йилларини қўмсамайдиган одам бўлмаса керак. Бегидир йиллар соғинчи вақт ўтгани сайин кучайиб боради. Мактаб саҳнида ўйнаб-қувнаётган ўғил-қизлар эса бу кунларнинг сурурини орадан анча муддат ўтиб, катта ҳаёт саҳнасида ҳис қилсалар не ажаб.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 207-умумтаълим мактабида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тантанасида биз ҳам болаликка қайтгандек бўлдик.

Тадбирда мактаб педагогик жамоаси ҳамда ўқувчиларни Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги масъул офицерлари, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари қутладилар.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари доимий алоқада бўлиб, ҳамкорлик қилиб турадиган ушбу таълим муассасаси туманда фан олимпиадалари, билимлар беллашувида эришган юқори натижалари билан ажралиб туради. Ўтган ўқув йилида 44 нафар битирувчининг 18 нафари олий таълим муассасасига ўқишга кириб, талабалар сафидан ўрин олган. Малакали педагоглар бир неча бор «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг туман, шаҳар ва республика босқичларида ғолиблар сафидан ўрин олган.

Устозлар куни сабаб муваффақиятлар яна бир бор тилга олиниб, фидойи муаллим ва муаллималар, тиришқоқ ўқувчилар тақдирландилар. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ўқувчиларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини жўш урдирди. Улар Ватан ҳимоячилари билан эсдаликка суратга тушиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Ҳусниябону ЖЎРАЕВА

 

Информеры