2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚУЙИДАН ЮҚОРИГА

Ўзбекистон ҳарбий таълим тизимига бир назар

«Мамлакатимизда ўрта мактабдан бошлаб олий ўқув юртларигача қамраб оладиган узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича ўзига хос ноёб ва яхлит тизим яратилмоқда. Ушбу тизим мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини шакллантиришни, ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар фаолиятини такомиллаштиришни, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейлари ташкил этишни кўзда тутади».

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

 

Билим ва тафаккур ҳеч бир инсонда ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бу жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг кўп йиллик меҳнати, изланишлари самарасидир. Таълим беришнинг асоси бўлган билимнинг даражаси ҳақида Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билик» асарида шундай ёзади: «Одамзот насли аслида ер юзидаги барча жонлилар орасида энг улуғидир. Аммо бу улуғлик билим билангина тўлиқлик, мукаммаллик касб этади».

Миллий армиямиз сафларида уларнинг ўрни алоҳида эътироф этилади. Меҳнати ҳамиша ҳам кўзга ташланавермайдиган бу инсонларнинг фидойи хизмати туфайли мамлакатимизда Ватанни ҳимоя қилишдек улуғ вазифани зиммасига ишонч билан ола биладиган, ҳарбий-сиёсий вазиятни чуқур таҳлил қилиб, жанг шароитида ўзини йўқотмай, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қиладиган ҳарбий кадрларни тайёрлашнинг ўзига хос тизими яратилди. Қуролли Кучларимизнинг мудофаа қудрати йилдан-йилга ортиб бормоқда.

«Темурбеклар мактаби»

Мамлакатимизда ҳарбий таълимнинг илк кўникмалари Темурбеклар мактабларида берилади. Мазкур мактаблар ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатларини ёш авлод ўртасида тарғиб қилиш, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун энг муносиб номзодларни тайёрлаш вазифаларини бажармоқда.

Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Урганч шаҳарларида жойлашган Темурбеклар мактабларида камида ўн йиллик педагогик фаолиятга эга, изланувчан, тарих ва Қуролли Кучлар фаолияти ҳақида етарли билим ва кўникмага эга устозлар таълим бермоқда. Уларнинг бир нечаси давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази

«Амр қилдимки, баҳодирлардан кимки қилич чопишда ўзини кўрсатса, биринчи марта бўлса ўнбоши, иккинчи марта ботирлик қилса юзбоши, учинчи мартасида мингбоши қилиб тайинласинлар», дейди соҳибқирон Амир Темур. Замонлар эврилиши натижасида буюк бобомизнинг аскарни қуйи мартабадан юқорига кўтариш тутуми Ўзбекистон ҳарбий таълим тизимида ўз аксини топди. Сўнгги йилларда фаолияти такомиллаштирилган Қуролли Кучлар Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига номзодлар икки босқичда – касбий ва жисмоний тайёргарлиги, маънавияти ва ташкилотчилиги даражалари асосида танлаб олинади. Ўқишга қабул қилинган шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ўқув хоналари, ўқув лабораторияси, компьютерлаштирилган тренажёрлар ҳамда дала-ўқув майдонларида ўз касбларининг сир-синоатларини эгалламоқдалар.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти узоқ йиллардан буён қўшинларимизга турли йўналишда олий маълумотли ҳарбий мутахассисларни тайёрлаб келмоқда. Билим юртининг 12 кафедра ва малака ошириш факультетида 230 дан ортиқ ўқитувчи фаолият олиб боради. Сўнгги икки-уч йил ичида таълим муассасаси устоз ва мураббийларининг 1 нафари «Дўстлик» ордени, 6 нафари «Шуҳрат» медали, 1 нафари «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди. Билим юртида илмий тадқиқотлар, мустақил изланишлар доимий тарзда олиб борилмоқда. Охирги 3 йил давомида ўқитувчилар томонидан 255 та илмий мақола чоп этилди, шулардан 44 таси хорижий нашрларда эълон қилинди. 2018 йилда билим юрти ўқитувчиларининг 8 нафари, 2019 йилда 11 нафари чет эллардаги таълим муассасаларида малакасини оширди.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг фидойи хизмати курсантлар эришаётган натижаларда кўзга яққол ташланади. Мазкур билим юрти курсантлари ўтган йилларда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳарбийлари ўртасида ўтказилган халқаро умумармия ўйинларида, фан олимпиадалари ва мусобақаларда ҳарбий-касбий тайёргарлик, олий математика бўйича ва бир неча йўналишларда фахрли ўринларни эгаллаб, ўзларининг нималарга қодир эканликларини намойиш қилишган.

Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти

Мустақиллик байрами арафасида Қарши шаҳрига кўчиб ўтган Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртининг илмий салоҳияти бугун 26 фоиздан ошган. Яқинда икки нафар ўқитувчи психология фани бўйича фалсафа доктори (PhD), иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олди. Таълим даргоҳида тадқиқотчилар сони жами педагогларга нисбатан 56 фоизни ташкил этади.

Францияда ишлаб чиқарилган Н-125 замонавий вертолётининг авиация тренажёри, замонавий компьютер технологиялари билан таъминланган ўқув хоналари, 56 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона ҳамда бошқа зарур авиация ўқув қуроллари ҳар томонлама етук ҳарбий учувчилар ва авиация мутахассисларини тайёрлашга жалб қилинган. Курсантларнинг парвоз вақти ўтган йиллардагига нисбатан бир неча баробар ортиб, бугун 60, 70 соатни ташкил этмоқда.

Франция, Америка Қўшма Штатлари, Германия, Италия каби ривожланган хориж давлатлари билан ҳарбий таълим соҳасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган таълим муассасасининг собиқ битирувчилари Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучларининг олий тоифали учувчилари сирасига киради.

Ҳарбий-тиббиёт факультети

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети айни вақтда Қуролли Кучларимизни профессионал даражада тайёрланган етук ҳарбий шифокорлар билан таъминламоқда. Интеллектуал салоҳиятга эга, она юртига садоқатли, қўшинларни тиббий таъминлашни самарали ташкил этишга қодир бўлган, тиббий хизматнинг юқори малакали офицерларини, резерв ва захирадаги офицерлар таркибини тайёрлаш, Қуролли Кучлар тиббий ходимларининг ҳарбий ва касбий тайёргарлиги даражасини мунтазам ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш, ҳарбий тиббиёт соҳасида илмий-тадқиқотлар олиб бориш Ҳарбий-тиббиёт факультетининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Курсантлар қўшинларнинг тиббий таъминланишини ташкил қилиш, ҳарбий дала жарроҳлиги, ҳарбий дала терапияси, умумҳарбий тайёргарлик, ҳарбий гигиена ва эпидемиология, радиология, токсикология кафедраларида бой тажрибага эга устозлардан сабоқ олишмоқда.

Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти

Президент қарори билан ташкил этилган Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти фаолиятини йўлга қўйишда кўплаб хорижий давлатлар армияларида микроэлектроника, работотехника, ахборот хавфсизлиги, кибер хавфсизлик, IT технологияларининг қўлланилиши чуқур ўрганилди.

Бугунги кунда мазкур институт учун Тошкентда ҳарбий илмий шаҳарча, яъни кампус барпо этилмоқда. Унда алоқа соҳасига оид ҳарбий қисм ҳам бўлиб, барча турдаги алоқа ва ахборот-коммуникация технологияларига оид техника ва ускуналар жойлаштирилади. Амалиёт базаси ҳисобланган бу ҳарбий қисмда курсантлар қўшимча маълумотларни қидириш эҳтиёжини сезмайдилар.

Фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб бориладиган алоқа ҳарбий институтининг педагогик жамоаси юқори илмий даражаларга эга, замонавий илм ва технологияларни эгаллаган профессор-ўқитувчилардан иборат.

Қуролли Кучлар академияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2017 йил Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш, академияда лейтенантлар тайёрлаш, офицерлар малакасини ошириш, бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш, профессор-ўқитувчиларнинг хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида малака оширишини йўлга қўйиш ҳақида вазифа қўйган эди.

Ўтган қисқа вақт ичида академиянинг ташкилий-штат тузилмаси қайта кўриб чиқилиб, учта – умумқўшин, малака ошириш, ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультетлари фаолияти йўлга қўйилди. Битирувчиларга «бакалавр», «магистр» ҳамда «давлат ва ҳарбий бошқарув магистри» академик даражаси берилади.

Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Франция, Туркия, Покистон, Белоруссия ва бошқа бир қатор етакчи хорижий давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари дунё армиялари тажрибасини таҳлилий ўрганишга хизмат қилмоқда. 2018/2019 ўқув йили давомида академиянинг 59 нафар ўқитувчиси хорижий давлатларда малака ошириб қайтди.

Қисқа вақтда академиянинг илмий салоҳияти 19 фоиздан 40 фоизга ошди. Бугун таълим даргоҳида 11 нафар фан доктори, 68 нафар фан номзоди, 14 нафар доцент, 7 нафар докторант ва 57 нафар мустақил изланувчи фаолият олиб бормоқда.

Олий аттестация комиссияси Президиумининг қарорига биноан академияда илмий кенгаш фаолияти, шунингдек, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан илмга чанқоқ, олий маълумотли, иқтидорли аскарлардан иборат илмий взвод ташкил этилди.

2018/2019 ўқув йилида академиянинг 6 нафар офицери докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, «Ҳарбий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)» илмий даражасига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси қисқа йиллар ичида олий қўмондонлик таркиби ҳамда ҳарбий округ поғонасига тегишли бошқарув органларига мансуб офицер кадрларни тайёрлайдиган, мудофаа қурилиши соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ишланмаларни мазмунан мувофиқлаштириб борадиган бош олий ҳарбий таълим муассасасига айланди. Таълим муассасасида нафақат мамлакатимизда, балки минтақамизда ягона ҳисобланган Ҳарбий-илмий тадқиқотлар марказининг фаолияти йўлга қўйилиши энг илғор ғоя ва ишланмаларни қўшинларимизга татбиқ этиш имкониятини бермоқда.

Фурқат ЭРГАШЕВ

 

Информеры