2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«РАЗВЕДКА РЕЙДИ» МУСОБАҚАСИ РЕАЛ ЖАНГОВАР ВАЗИЯТЛАРГА ЯҚИНЛАШТИРИЛГАН ҲОЛДА ЎТКАЗИЛДИ

Мудофаа вазирлиги разведкачилари ўртасида илк бора «Разведка рейди» мусобақаси ўтказилди. Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида разведка бўлинмалари ўртасида ўтказилган мазкур мусобақада вазирликнинг барча ҳарбий округ ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларидан жами 11 та жамоа иштирок этди.

Миллий армиямизнинг нуфузи тобора ортиб боряпти. Хусусан, ҳарбий хизматчиларимиз қатор давлатларнинг армиялари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ўқув машғулотларида, шунингдек, халқаро ҳарбий мусобақаларда нималарга қодир эканлигини амалда исботламоқда. Жумладан, разведкачиларимиз 2018 йили Буюк Британияда 133 та жамоа иштирок этган «Кембрия патрули» мусобақасида 1-ўрин, жорий йилда V Халқаро армия ўйинларида 8 та жамоа ўртасида 2-ўрин, яқинда Қозоғистонда ўтказилган «Олтин укки» мусобақасида эса 2-ўринни қўлга киритди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида сўз олганлар мазкур ютуқларни алоҳида таъкидлар экан, иштирокчи жамоалар орасидан ҳам ана шундай иқтидорли ва юксак салоҳиятли юрт ҳимоячилари сараланишига ишонч билдирди.

Таъкидлаш керакки, мазкур мусобақа уч босқичда ўтказилди. Дастлаб ҳарбий қисм, сўнгра ҳарбий округ миқёсида ғолиб бўлган жамоалар якуний босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Якуний босқичда эса улар 10 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

Гуруҳларнинг белгиланган ҳудудга чиқиш ва жанговар вазифани бажаришга шайлиги кўздан кечирилгач, ҳарбий хизматчилар 7,5 километрлик масофага оғирлиги 35 килограммга яқин бўлган юк қопи билан марш юришди. Машғулот шартига кўра, ҳар бир жамоа юқори қўмондонликдан берилган махсус вазифаларга асосан шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва қарор ишлаб чиқиш вазифаларини бажарди. Шунингдек, марш юриш давомида миналаштирилган йўлаклардан беталафот ўтиш, шартли жангда яраланган ҳарбий хизматчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни бир ярим километр масофага эвакуация қилиш синовларидан ўтди. Беморга жгут, боғлов, оғриқ қолдирувчи укол ва шина қўйишда жамоалардаги фельдшернинг маҳорати яққол намоён бўлди. Шундан сўнг уч километр узоқликдаги жойлашув ҳудудига етиб бориш, у ерда қўриқлов ўрнатиш ва гуруҳ шахсий таркибига вақтинчалик яшаш жойини ҳозирлаш, дала шароитидан келиб чиққан ҳолда, зарур имкониятлар яратиш сингари шартларни муваффақиятли адо этди.

Жамоаларнинг ҳар бир ҳаракати Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан тайинланган ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.

Саккиз кун давом этган мусобақада иштирокчилар белгиланган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, шартли душманнинг объектини яксон қилиш, 3 километр масофага югуриш шартларидан ўтишди. Тоғли ҳудудда мураккаб тўсиқлардан ўтиш шартида иштирокчилар тик қояга кўтарилиш мобайнида тоғ ёнбағрида белгиланган махсус нуқталарга бармоқ теккизиб кетишди. Қоядан тушишда ҳам улар қисқа вақтдан унумли фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш кераклигини эътибордан қочирмади. Мусобақа шартлари босқичма-босқич оддийдан мураккаблашиб борди.

Реал жанговар вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилган мусобақа доирасида ҳарбий хизматчилар азимут бўйича ўн километр масофага ҳаракатланиш, кимёвий зарарланган ҳудудлардан ва руҳий тайёргарлик йўлакларидан ўтишди.

– Мамлакатимизда илк бора ўтказилган мазкур мусобақа жамоалар ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳитини юксалтириш, ўз касбининг моҳир устаси бўлган илғор ҳарбий хизматчиларни саралаш имконини берди, – дейди Мудофаа вазирлиги масъул офицери, мусобақа бош ҳаками подполковник Шавкат Усмонов. – Мусобақанинг асосий мақсади ҳам разведка бўлинмаларининг жанговар тайёргарлик маҳорати, жипслиги, кўникмаларини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, ушбу беллашув навбатдаги Халқаро армия ўйинлари ва ҳарбий эстафеталарда қатнашиш учун бўлинмалар орасидан энг илғор мутахассисларни саралаб олишга хизмат қилади. Шу боис, мусобақани халқаро мусобақаларга мос тарзда ўтказиш учун табиий тоғли, сувли ва чўл ҳудудлар танланди.

Кўрик-танловнинг энг мураккаб шартларидан бири бу юз метргача масофадаги сувли тўсиқдан сузиб ўтишдир. Шартга кўра, ҳарбий хизматчилар ўзларига бириктирилган жанговар қурол-аслаҳа ва анжомлар билан мазкур тўсиқдан беталафот ўтиши лозим. Бир-бирини ҳимоя қилган ҳолда ҳаракатланган Ватан ҳимоячилари мазкур вазифани ҳам белгиланган вақт давомида босиб ўтдилар. Сўнгра экипировка кўригида уларнинг компас, газниқоб, қўл гранатаси, болта, миналаштирилган ҳудудни кўрсатувчи мослама, бинокль, фонарь, планшет, плаш-палатка сингари анжомларининг бутлиги текширилди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликлари, касбий кўникмалари бўйича назарий билимлари ҳам синовдан ўтказилди.

Шу тариқа қизғин баҳсларга бой тарзда кечган мусобақа ўз ниҳоясига етди. Якуний натижаларга кўра, биринчи ва иккинчи ўринларни Марказий ҳарбий округ қўшинларига қарашли жамоалар қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоасига насиб этди. Ғолибларга диплом, кубок, медаль ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор гуруҳ командири ўринбосари», «Энг илғор разведкачи», «Энг илғор алоқачи», «Энг илғор мерган», «Энг илғор портлатувчи», «Энг илғор фельдшер» йўналишлари ҳамда «Ғалабага бўлган интилиши, иродаси ва фаол иштироки учун» номинацияси бўйича ғолиблар аниқланиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан рағбатлантирилди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ

Информеры