2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АРТИЛЛЕРИЯЧИЛАР УЧУН ИННОВАЦИОН ҚУЛАЙЛИК

Миллий армиямизни модернизация қилиш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларимизнинг профессионал тажрибасини жаҳон стандартларига мос тарзда такомиллаштириш борасида яна бир муҳим қадам ташланиб, артиллерия қўшинларида инновацион «Зарба» тренажёр кичик полигонидан фойдаланиш жорий этилди.

Чирчиқ шаҳридаги артиллерия қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда замонавий техниканинг намойиши ва йиғин машғулотлари бўлиб ўтди. Унда барча ҳарбий қисмларнинг артиллериячи мутахассис офицерлари қатнашди. Назарий ва амалий шаклда ўтказилган машғулотларга артиллерия қўшинлари қўмондони полковник Алишер Норбоев умумий раҳбарлик қилди. Тадбир давомида артиллерия разведкачилари ва корректировкачиларининг маҳоратини ошириш учун мўлжалланган «Зарба» электрон тренажёрида ҳам кўргазмали машқлар намойиш этилди.

Полковник Алишер Норбоев компьютерлаштирилган «Зарба» электрон тренажёри ҳамда кичик полигони артиллериячиларимизнинг тажриба ва маҳоратини оширишини алоҳида таъкидлаб, ҳарбий қисмларга тақдим этилаётган мазкур инновацион қурилмаларнинг қулайлигига тўхталиб ўтди.

– Биз артиллериячиларимизнинг тажриба ва маҳоратини ошириб бориш учун доимо изланишдамиз. Жумладан, улар республика ва халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб келяпти. Бугун сизларга тақдим этилаётган инновацион техника воситалари ана шундай миллий армиямизни, артиллерия қўшинларимизни модернизация қилишда ташланган муҳим қадамлардан биридир. «Зарба» электрон тренажёридан ҳар бир ҳарбий қисмда, куннинг исталган пайтида ортиқча харажатларсиз, бемалол фойдаланиб, машғулотлар ташкил этиш мумкин. Қисқача айтганда, янги технологиянинг энг асосий қулайлиги шундаки, унинг воситасида тезкорлик билан машғулотлар ташкил эта оласиз. Энг муҳими, бундай машғулотлар реал ҳолатдаги жанговар кўринишдан асло қолишмайди, – дейди артиллерия қўшинлари қўмондони.

Йиғин давомида назарий ва амалий машғулотларда олинган кўникма ҳамда тажрибаларни мустаҳкамлаш мақсадида артиллерия эстафета мусобақаси ҳам ўтказилди. Ушбу мусобақада ҳарбий қисмнинг реактив, замбаракли ва тўпчилар дивизионлари касбий маҳорат борасида ўзаро баҳслашишди. Тўпчилар Д-30, замбаракчилар Д-20, реактив артиллериячилар ЖМ-19 жанговар қуролларида, кузатув пункти разведкачилари мутахассислик талабларига кўра ўзларига белгиланган машқларни аъло даражада бажариб, йиғилганлар олқишига сазовор бўлишди. Уларнинг беллашувини йиғин иштирокчилари, ўқувчи ёшлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат йиғинини ўтаётган ўғлонлар кузатиб, олқишлар билан қўллаб-қувватлаб туришди.

Икки кун давом этган ўқув йиғини ва артиллерия эстафетаси якунида мусобақа илғорларига диплом, кубок ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Асрор РЎЗИБОЕВ

 

Информеры