2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«АРМИЯ ЙИЛДИРИМ ЙИЛЛАРИМНИНГ ЎЧМАС ЁДИДИР»

Қиррадор қояларнинг бағридаги тошкулбам,

Қалдирғоч уясидай турибсан ҳамон-ҳамон.

Кенг дунёга йўллаган, о, суюмли бош кулбам,

Бир умр таъзимдаман, ассалому алайкум.

Ўзига хос услуб, тоғликларга хос дўлворлик, тантилик, некбинлик... Бу сифатларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ижодкор халқи борки, у кўнглини ёзади. Атрофидаги оламдан, яхшиликлару жами неъматлардан қарздорлигини мудом ҳис этади. Она тупроқни ҳар сатрида ардоқлашга интилади. Зеро уни вояга етказган заминга ва нон-туз бераётган ерга нисбатан ўзини бурчли сезади. Ана шундай ижодкорлардан бири, халқимизнинг севимли шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюндир.

Устоз ижодкорни ўқувчилар «Менинг осмоним», «Зарб», «Замин тақдири», «Хаёлот», «Зиё йўли», «Жавзо», «Олис тонглар», «Куйганим – суйганим», «Қора кўзинг сенинг», «Сайланма», «Шарқ ҳикмати», «Эй дўст», «Сарбадорлар» каби шеърий тўпламлари ва достонлари орқали яхши билишади. Бизга эса шоирнинг айни йигитлик даврини безаган, ҳаёт аталмиш улкан мураббийнинг илк сабоқларини берган армия даври жуда қизиқ. Шу мақсадда устознинг Дўрмон ижод уйидаги хонадонига бордик.

Ҳовлига кириб борарканмиз, боққа зеб бермиш мажнунтоллар тебраниб, меҳмонларни жазирамадан эҳтиётлаётгандай манзарани туйдик. Шоирнинг Ватан ҳақидаги гўзал ашъорлари Самарқанд, Накурт ва албатта, мана шу жойларда, анави сўриларда ўтириб ёзилган бўлса керак, деган ўй кечди хаёлимиздан.

Сен Ватан сўзини ҳижжалаб ўқи,

Ҳар ҳарфи кўксингда ёнсин ловуллаб.

Унинг тўлқинида қалб билан оқиб,

Уфқларга интилгин

Тошиб-шовуллаб...

Ватан буюк сўздир...

Жуда самимий, аммо кескин айтилган бу мисраларни отангиз сўзлаётгандек қабул қиласиз беихтиёр. Устоз шоир йигитлик йилларини эслаш, шижоатга тўлиқ армия даврларини хотирлаш борасида берган саволимизга бир дам жим турди-да, кейин хушвақт жавоб берди:

– Эҳ, у пайтларни эслаш барибир завқли. Завқлилиги қандай, кўргиликларни кўрманг, қийинчиликларда тобланманг, ёшлик барибир сурурли палла. Қишлоқнинг кенг далаларида югуриб, бобомдек мўйсафид тоғларда сакраб катта бўлган мендек бола армияга бориб, янаям чиниқдим, қийинчиликларга бардошли бўлдим. У пайтларда армия деганда ўзга юртларда бўлиб, Ватан қадрини билиб қайтишни тушунардик.

Мен Қозоғистоннинг Тўратом деган жойида 6 ой хизмат қилганман, аниқроғи, ишлаганман. Чунки у пайтларда Ўрта Осиёдан армияга борадиган йигитлар фақат қора ишчи сифатида «буюк» давлатга хизмат қиларди. Узоқ ўлкаларга кетган алп ўғлонлар қурилиш батальонларида жавлон урарди. Биз ҳам ўша ердаги қурилиш батальонида хизмат қилиб, мусофирчиликнинг азобини хўб кўрганмиз. Ҳарбий илм қаёқда, тарихимиз ҳам бизга кўрсатилмасди, ўргатилмасди. Лекин ҳаммасига тоқат қилиб, чидаб, олти ойдан кейин Россияга кетганман. Хизматни намунали адо этишга ҳаракат қилиб, сержант унвони билан уйга қайтганман.

Энди биласанми, қизим, у пайтдаги армия билан ҳозирги армиянинг ер билан осмонча фарқи бор эди. Ўзаро камситишлар, миллат сифатида тан олинмаслик... Буларнинг барчасига биз, ўзбекистонликлар яхши хулқимиз, сабру қаноатимиз билан жавоб берганмиз. Шундай кунларда шеър ёзишимни билиб қолиб, армия ҳаётидан ҳикоя қилувчи газетага муҳаррир ҳам қилиб қўйишган. Чунки ижод ҳамма вақт юрагимда ёниб турган олов бўлган. Ҳарбий қисмда ҳам шеърлар ёзиб, гуриллатиб ўқиб, йигитларни хушвақт қилиб юрардим. Адабиётга, китобга бўлган меҳрим туфайли ҳаётда доимо олға интилишга, мақсадим ва маслагимни тўғри англашга интилганман.

Бугунги армия жуда катта кучга, мустаҳкам иродага таянган. Миллий армияни ташкил қилиш ва уни бу даражага олиб чиқиш ҳазилакам гап эмас. Ўз уйингни, ўз чегарангни қўриқлашга нима етсин. Йигитларимиз ҳар қанча хизмат қилса арзирли кунлар келди. Ҳар гал ҳарбий хизматчилар билан учрашганда, улар хизмат қилаётган ҳарбий қисмларга борганда, юз-кўзидаги ўчмас шижоатга, мардликка ҳавас қиламан. Бугунги йигитларнинг нафақат бўй-басти, балки ақлу тафаккури ҳам баланд. Улар билан ҳар қандай мавзуда суҳбатлашиш, баҳслашиш мумкин. Энг асосийси, улар ким учун, нима учун хизмат қилаётганини билишади. Шундай кезлари уларга қараб:

Йигитларнинг султони элида бўлгай,

Ўзбекларнинг белбоғи белида бўлгай.

Уларнинг ор, шаънига кўз тикма, ғаним,

Кузги япроқдек паймонанг тўлгай,

дегим келади.

Армиядан ҳам қайтдик, турли лавозимларда ишладик. Лекин ҳамон ёшликдек йилдирим йилларимда бу палланинг ўз ўрни, ўчмас хотиралари бор.

Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.

Информеры