2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«БИЛАГИГА ЭМАС, КЎЗИГА ҚАРА!»

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Россия Федерацияси Оренбург вилояти «Донгуз» полигонида бўлиб ўтган «Марказ – 2019» ҳарбий стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида иштирок этганига ҳали кўп бўлмади. У кунларнинг ҳаяжони, халқаро майдоннинг ҳам табиий, ҳам юракдан кечадиган атмосфераси ҳали ёдимиздан кўтарилгани йўқ.

Бундай давраларда ҳамма нарсага эътиборли бўласан, киши. Ташлаётган қадамингга, хориж давлат вакиллари ёнидан саф бўлиб ўтаётганингдаги «гурс-гурс!» этган таниш ва қадрдон сасга, командирлар буйруғи ва сенинг ҳаракатинг ила стволингдан шартли нишонга қарата отилиб чиқаётган ҳар бир патронга, ҳатто олаётган нафасинг ритмигача! Чунки сен халқаро майдондаги саралар ичра сараланган Ватаннинг вакилисан! Буни бир лаҳза унутсанг, сени узоқ эслаб юришади...

Вакилларимизнинг қора кўзларига боқиб, мана шу масъулият ва ишончни ҳис қилиш қийин эмасди. Бу қўшма машғулотларда ҳам ўз исботини топди: ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар чегарани бузиб кирган шартли террорчи гуруҳларни йўқ қилиш бўйича ўзларига юклатилган вазифани аъло даражада бажаришди.

Биз бугун кўпроқ бошқа жиҳатларга тўхталмоқчи эдик. Асосий машғулотлар бошлангунга қадар иштирокчи давлатлар: Россия, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари ўртасида турли спорт йўналишлари бўйича мусобақа ташкил этилди. Аввалига миллионлар ўйини бўлмиш футболда вакилларимиз фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Спорт мусобақасининг энг қизғин ва ҳаяжонли лаҳзалари бу шубҳасиз, арқон тортиш беллашувида бўлди. Икки гуруҳга бўлинган ҳолда Ўзбекистон ва Россия жамоалари финал томон тобора яқин кела бошлади. Бир, икки, уч...

Финал. Ўзбекистон : Россия. Қотмадан келган, камтар, рақибини енгиб қўйиб, айб иш қилгандек хижолат тортадиган даражада андишали, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий ўзбек йигитлари! Россиялик полвонларнинг савлатидан от ҳуркади. Билагию мушаклари кийимига сиғмайди. Маҳорати ҳам шунга яраша. Бу финалгача бўлган баҳсларда яққол сезилди. Беллашув олди жамоамизнинг «мураббийлар штаби» йигитларга энг сўнгги ва керакли кўрсатмаларни бермоқда: «Сен ҳам ҳамма нарсага ҳақлисан! Ғалаба бизники бўлиши керак! Эшитиб олинглар, биз учун 2-ўрин йўқ! Рақиб кучли, лекин биз-чи? Эсларингда тутинглар: рақибнинг билагига эмас, кўзига қаранглар!»

Ўйин бошланди. «Биир-биир-биир!» Оёқлар тобора ерга ёпишган. Бутун куч оёққа, билакка ва юракка кўчган пайт. Кўзлардан олов отиляпти. «Биир-биир-биир!» Жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган йигитларнинг овози «Донгуз»дан ошиб, қўшни Қозоғистонга ҳам эшитилдиёв. Фотоаппаратимни шайлаб, расмга олаётган пайтим арқонга қўшиб Ватаннинг қарийб бир асрлик аламини ҳам ўзи томон тортаётган қоракўзнинг гапи қулоғимга чалинади.

– Ака, расмни чиқариб берасизми?

Ўзбек барибир ўзбек-да. Мана шундай вазиятда ҳам ҳазил қила олади, соддаларча самимиятини кўрсатади. «Полвонжон, ютинглар, расмларингни нақшинкор «рамка»га солиб бераман!»

Ана, бизникилар рақибини арқонга қўшиб ўзлари томон шунақанги судраб ташлашдики, бу ҳузурбахш онлар учун борингдан кечишга ҳам тайёр бўласан, киши. Жамоамизга мусобақа кубоги топширилди. Ғалаба барибир бошқача-да. Йигитлар, ўшанда айтмагандим, мен ҳар бирингизнинг расмингизни нақшинкор «рамка» билан юрагимга жойлаб қўйганман.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры