2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАНПАРВАРЛИК ­БОЛАЛИКДАН ­БОШЛАНАДИ

Касбим тақозоси туфайли бир неча маротаба Қуролли Кучларимиз ҳарбий қисмларида, олий ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилган тантанали қасамёд тадбирларини кузатганман. Она Ватан ҳимояси учун шу соҳани танлаган йигит ва қизларимизнинг қасамёд қилишдек муқаддас жараёнида кўпинча бир манзаранинг гувоҳи бўламан. Мазкур тантананинг сабабчиларини табриклаш учун етиб келган ота-оналар ҳамроҳлигидаги жажжи болажонлар, қизалоқлар...

Улар акаси, тоғаси, амакиси ёки бирор бир яқин қариндоши иштирокидаги бу тадбирга бориш учун кунларни санаган беғубор кичкинтойлар. Улғайгач, улар каби Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилган, ўзларининг жуссасига мос қилиб тикилган ҳарбий либосда кўрган кўзларга қувонч улашаётган мурғак қалб эгалари. Ака-опаларини табриклаш учун гулдасталар кўтариб олганини айтмайсизми! Уларнинг қувончдан чақнаган кўзларига боққанмисиз? Ҳеч эътибор берганмисиз? Эътибор бергансиз, албатта! Буларнинг барини кўриб қувонгансиз, ҳаяжонлангансиз. Ҳеч бўлмаса, бир лаҳзагагина ширин хотиралар ва орзуларга бой болалигингизга назар ташлагансиз. Қўйингки, ҳаётингизда бир неча маротаба аскар-аскар ўйнаётган, ҳарбийчасига шахдам қадам ташлашга тақлид қилаётган ёки акасининг ҳарбий хизматдан қайтишини интизорлик билан кутиб, аскар фуражкасига эга бўлишга навбатда турган беғубор болажонларни кўргансиз.

Бола қалби ҳеч қачон алдамайди. Айниқса, боланинг юқоридагилар каби хатти-ҳаракатларини намойиш этганида уларни рағбатлантирайлик. Шунинг учун биз, катталар ёш авлоднинг болалик орзуларини рўёбга чиқаришда ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилайлик. Бу борада мамлакат миқёсида ҳам ўзига хос ҳарбий ватанпарварлик тарбияси йўлга қў­йилган. Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Урганчда «Темурбеклар мактаби» фаолият олиб боряпти. Мазкур таълим масканларида Ўзбекистоннинг барча минтақаларидан танлаб олинган энг иқтидорли болалар – Ватан ҳимоячилари босқичма-босқич тарбияланишади, билим олишади. Оҳори тўкилмаган махсус ҳарбий либос кийган бу болакайларни кўриб нафақат бизнинг, балки тенгқурларининг ҳам ҳавасдан кўзи чақнайди. Ҳақиқатан ҳам ҳавас қилишга арзийдиган манзара.

Хуллас, Ватан остонадан, унинг ҳимояси болаликдан бошланади. Ушбу жумла ҳақиқатга қанчалик яқинлигини англаб етиш қийин эмас. Азал-азалдан аждодларимиз ўз фарзандларини болаликдан илмли, зиёли қилиб тарбиялашдан ташқари уларга от миниш, камондан отиш, кураш тушиш кабиларни ҳам ўргатишган. Ҳа, Ватанни ҳимоя қилиш тушунчаси халқимиз қон-қонига сингиб кетган хусусият, менталитетимизнинг ажралмас қисми. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган бойлик. Бебаҳо бу бойликни бугунги кунда келажагимиз давомчилари ҳисобланган болажонларимиз, жажжи қизалоқларимиз нигоҳларида, хатти-ҳаракатларида кўряпмиз.

Аждодларимиз анъаналарини давом эттираётган беғубор болаликнинг осмони ҳамиша мусаффо, замини узра эса тинчлик абадий бўлаверсин!

Асрор РЎЗИБОЕВ

Информеры