2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РЕЙТИНГДА ЮҚОРИЛАШ

Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Тошкент Гран-присидан сўнг Олимпиада рейтингини янгилаб, эълон қилди. Дзюдочиларимиз, хусусан MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоларининг рейтингдаги ўрнида юқорилаш мавжуд.

Хабарингиз бор, дзюдочимиз Шарофиддин Лутфиллаев Япония мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиш билан бирга 1 400 рейтинг очкосига эга бўлди. Ундан олдин Будапештдаги турнирда чорак финалгача етиб борди, Загреб Гран-присида эса ғолиб чиқди ва ушбу муваффақиятлари туфайли ўз ҳисобига 900 дан кўпроқ рейтинг очкосини қўшди. Эндиликда унда 3 607 рейтинг очкоси (бу ерда фақат Олимпиада рейтинги назарда тутиляпти) мавжуд ва ўз вазн тоифаси бўйича рейтингда пешқадамлик қиляпти. Агар ХДФ рейтингидаги шу ўрин, даража ёки ҳолат 2020 йил 25 майгача сақланса, Шарофиддин «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўлади. Бундан ташқари унинг келгуси йили Японияга боришига MVSK аъзоси Диёрбек Ўрозбоев ҳам хавф солиб турибди. Чунки Диёрбек Тошкент Гран-присида бронза медалини қўлга киритди ҳамда ўз ҳисобига 350 очко қўшиб, жами очколарини 1 160 тага етказган ҳолда олимпия рейтингида 31-ўриндан 21-ўринга, яъни йўлланма зонасига кўтарилди. Бир давлатдан бир вазнда икки нафар ёки ундан ортиқ дзюдочи йўлланма зонасида бўлса, Олимпиадага қайси спортчиси бориш масаласини мамлакат Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва федерация ҳал қилади.

Шунингдек, ХДФнинг янгиланган рейтингига мувофиқ -66 кг вазн тоифаси бўйича ҳам икки нафар дзюдочимиз йўлланма зонасида, булар – 1 644 очко билан 16-ўринни эгаллаган MVSK аъзоси Сардор Нуруллаев ва 1 239 очко билан 23-ўринни банд этган Шаҳрам Аҳадов. Сардор янги рейтингда аввалгисидан 5 поғона юқорига кўтарилган. Ўз навбатида, Тошкент Гран-присида яхши қатнашган ҳамюртларимиз Ҳикматилла Тўраев (-73 кг), Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ва MVSK аъзоси Гулноза Матниязова (-70 кг) ҳам рейтингда юқорилади.

Умуман олиб қараганда, Тошкент Гран-присидан олдин юртимиз дзюдочиларининг 5 нафари (3 нафари MVSK вакили) ХДФ рейтингида йўлланма зонасида эди. Эндиликда уларнинг сафи қарийб икки бараварга ошган, яъни 9 нафар дзюдочимиз (5 нафари MVSK вакили) рейтингдаги бугунги мавқеи билан «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинларига бориш ҳуқуқига эга зонада. MVSK аъзоси Диёра Келдиёрова эса қитъавий квотага эга.

Расул ЖУМАЕВ

Информеры