2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЁШЛАР ИШОНЧНИ ОҚЛАШДИ

Таиланд мезбонлик қилган оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунланди. Унда юртимизнинг 10 нафар вакили қатнашди ва 3 нафари совриндор бўлди.

Терма жамоамизга илк соврин – бронза медални MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) ёш аъзоси Адҳамжон Эргашев тақдим этганлиги хусусида аввал хабар берган эдик.

Адҳамжондан сўнг оғир атлетикачиларимиз орасида катта саҳнага Муаттар Набиева (-55 кг) кўтарилди. У даст кўтариш бўйича 96 килограмм тошни ўзига бўйсундира олди ва бу натижа Муаттарга дунё биринчилигининг бронза медалини тақдим этди. Силтаб кўтариш баҳслари ҳамюртимиз учун кўнгилдагидек бўлмади – у бу йўналишда 113 кг натижа қайд этди ва совриндорлардан анча орқада қолди. Икки кураш бўйича эса Набиеванинг кўрсаткичи 209 килограммга етди ва бу дунё миқёсида олтинчи натижа бўлди. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Муаттар Набиева оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дастлабки медални қўлга киритган аёл атлет сифатида Ўзбекистон спорти тарихидан жой олди.

Юртимиз вакиллари орасида 3-совриндор ҳам А. Эргашев каби катталар ўртасидаги дунё биринчилигида илк бор қатнашган ёш спортчимиз Акбаржон Жўраев бўлди. У даст кўтариш бўйича 188 кг натижа кўрсатди ва бу унга 6-ўринни тақдим этди. Силтаб кўтариш бўйича эса ҳамюртимиз биринчи уринишда 221, иккинчи уринишда 226, сўнгги уринишда 229 килограммлик тошни кўтарди ва кумуш медалга сазовор бўлди. Икки кураш бўйича 417 килограммлик натижа эса Жўраевга 4-ўринни инъом этди.

Шу тариқа оғир атлетикачиларимиз жаҳон чемпионатини битта кумуш ва 2 та бронза медали билан якунлашди. Совриндорлар «Токио – 2020» ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма учун қимматли очколарга ҳам эга бўлишди.

Шу йил ёзда Фижида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Адҳамжон Эргашев ҳамда Акбаржон Жўраев муваффақиятли қатнашиб, мамлакатимизга 6 та олтин медаль билан қайтишган ва улар тантанали равишда кутиб олинганди. Энди улар катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида совриндор бўлишди ва юртимизда шунга яраша қарши олинди. Хусусан, дунё биринчилигида бронза медални қўлга киритган MVSK аъзоси Адҳамжон Эргашев ўзи туғилиб ўсган жойда, яъни Наманганда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев, журналистлар ҳамда спорт жамоатчилиги томонидан кутиб олинди. Адҳамжонни муваффақият билан қутлашди, совғалар улашилди. Ўз навбатида, Эргашев келгусида Олимпиадада қатнашишга ҳаракат қилишини ҳамда билдирилган ишонч ва умидларни тўла оқлашини айтиб, чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры