2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«RUSSIA OPEN - 2019» ­ТУРНИРИДАН 8 ТА МЕДАЛЬ

Москва шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича «Russia Open – 2019» халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда қатнашган юртимиз вакилларининг қарийб тенг ярми совриндор бўлди, жумладан MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзолари ҳам.

Таэквондочилар 16 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борган «Russia Open – 2019» халқаро турнирида юртимизнинг 15 нафар вакили қатнашди ва 8 нафари шоҳсупага кўтарилди. Айниқса, халқаро турнирнинг биринчи кунги беллашувлари вакилларимиз учун муваффақиятли кечди – даянга чиққан 7 нафар таэквондочимизнинг 4 нафари ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. Деярли барча турнирларда совриндор бўлиб келаётган MVSK вакили Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳамда терма жамоамиз аъзоси Светлана Осипованинг (+73 кг) Москвада ҳам шоҳсупага кўтарилишини юртимиз таэквондо мухлислари олдиндан кутишган, тахмин қилишганди. Аммо Феруза Содиқова (-62 кг) ва MVSK аъзоси Жасурбек Жайсуновнинг (-68 кг) турнирда ғолиб чиқиши бироз кутилмаган ва қувонарли ҳол бўлди. Яна шуни таъкидлаш жоиз, эркаклар ўртасидаги 68 килограммгача вазн тоифасидаги беллашувларда уч нафар таэквондочимиз даянга чиқиб, юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилди. Жасурбек жамоадошлари Улуғбек Рашитов (MVSK) ва Сардор Тоировга нисбатан яхшироқ тайёргарликка эга эканлигини намойиш этди.

Муҳими, таэквондочиларимиз олтин медалдан ташқари келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун қимматли рейтинг очколарига ҳам эга бўлишди, яъни тўрт спортчимизнинг ҳар бирига 10 рейтинг очкоси берилди.

Турнирнинг иккинчи куни яна 8 нафар таэквондочимиз даянга чиқди ва яна 4 нафари шоҳсупага кўтарилди. MVSK аъзоси Никита Рафалович 80 килограммгача вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.

Ҳамюртларимиз Чарос Қаюмова (-53 кг) ҳамда Озода Собиржонова (-57 кг) фақат финалда рақибларига имкониятни бой бериб қўйишди ва халқаро турнирнинг кумуш медали билан тақдирланишди. 57 килограммгача вазн тоифасидаги таэквондочилар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Зария Қосимова ҳам қатнашганди. Бироқ, бу сафар унинг омади келмади.

Таэквондочимиз Мадинабону Маннопова (-49 кг) ярим финалгача муваффақиятли беллашди ва турнирнинг бронза медали билан тақдирланди.

Шу тариқа, таэквондочиларимиз «Russia Open – 2019» халқаро турнирининг 5 та олтин, 2 та кумуш ва битта бронза, жами 8 та медалларини қўлга киритишди. MVSK аъзоси Нигора Турсунқулова эса қизлар ўртасидаги мусобақанинг «энг тажовузкор жангчи»си номига сазовор бўлиб, махсус мукофот билан тақдирланди.

Расул ЖУМАЕВ

Информеры